Ўзбекистон Президенти ва Элбоши Нурсултон Назарбоев бир-бирини самимий табриклади
30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев телефон орқали мулоқот қилдилар. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Икки қардош мамлакат етакчилари кириб келаётган Янги йил муносабати билан самимий табриклар алмашиб, бир-бирларига ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг дўст халқларига фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Глобал хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган, жаҳон иқтисодиётида мураккаб вазият юзага келган бир шароитда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари барқарор ривожланишда давом этгани, сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойигани катта мамнуният билан қайд этилди.
Пандемияга қарши курашишда ўзаро ёрдам кўрсатилди. Фаол икки томонлама мулоқотлар, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма кооперация лойиҳалари давом этди, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайди.
Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди. Келгуси йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ўтказиш муҳим экани таъкидланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек ишончли ва дўстона руҳда ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter