Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Давлат котибини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Давлат котибини қабул қилди

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Майкл Ричард Помпеони қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда барқарор, тизимли тус олган ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

2018 йил май ойида АҚШга амалга оширилган,  мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган олий даражадаги тарихий ташриф чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ўзаро алмашинувлар фаоллашгани алоҳида таъкидланди.

Конструктив, шу жумладан минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий, аграр, энергетик, таълим, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кенгаймоқда.

Кейинги бир неча йил давомида товар айирбошлаш ҳажми икки баробар кўпайди. АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Америка инвестицияларининг умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. 

Жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда Вебстер университетининг филиали ўз ишини бошлади.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

АҚШ Давлат котиби, ўз навбатида, кўрсатилган самимий қабул учун Президентимизга дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Президент Дональд Трампнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

АҚШ томони Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

Майкл Помпео Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатда олиб борилаётган демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигини юксак баҳолади.

Давлат департаменти раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратаётганини таъкидлади.

Учрашувда минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби Тошкентда Марказий Осиё ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилгани билан табриклади.

Янги Ўзбекистон раҳбарининг сиёсати туфайли минтақада ишонч, шериклик ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантиришда катта натижаларга эришилгани таъкидланди. Ўтган йил ноябрь ойида пойтахтимизда ўтган Марказий Осиё давлатлар раҳбарлари иккинчи Маслаҳат учрашувининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди.

Иқтисодиёт соҳасида АҚШ етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтиришни ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.

Майкл Помпео бугунги кунда мамлакатимизда савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини бир неча ўн карра ошириш имконини берадиган бизнес ташаббуслари учун кенг имкониятлар мавжуд эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, АҚШ мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнини жадаллаштиришга ҳар томонлама кўмаклашиши таъкидланди.

Инсон салоҳиятини ривожлантириш, жумладан, фуқаролик жамияти ривожини қўллаб-қувватлаш, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий дастурларни амалга оширишда конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистонда тинчликни ўрнатиш, шунингдек, ушбу мамлакатни Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Майкл Помпео Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорликка эришиш, Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклашга доир аниқ инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилган фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга икки томоннинг интилиши қатъий экани таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг