«Ўзбекистон машъум фалокатдан сўнг Туркияни ёлғизлатиб қўймади» – Олган Бекар
Ҳозирга қадар Ўзбекистондан Туркияга даҳшатли зилзилада жабр кўрганларга кўмак сифатида 674 тонна гуманитар юк етказиб берилди. «Зираат банк» ва Туркия элчихонаси томонидан очилган банк ҳисоблари орқали эса 644 минг доллар миқдорида маблағ юборилди. Бу ҳақда Туркиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар бугун, 14 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида гапирди. Бу ҳақда «Xabar.uz» мухбири хабар берди.
Дипломат «аср фалокати» деб аталаётган зилзила рўй берган илк кунларданоқ бутун дунёдаги дўстлар қаторида Ўзбекистон Туркия билан елкама-елка турганини мамнуният билан қайд этди.
«Халқаро ҳамжамият намойиш этган фавқулодда бирдамлик ва қўллов мушкул кунимизда бизга таскин бўлди. Халқаро миқёсда кўрсатилган ёрдамларда энг олдинги сафдаги мамлакатлардан бири азалий ва абадий қардошимиз Ўзбекистон бўлди. Ўзбекистон давлати ва халқи тарихда бўлгани сингари, бу машъум фалокатдан сўнг ҳам доимги олижаноблигини намойиш этиб, ўлкамизни ёлғизлатиб қўймади», – деди Олган Бекар.
Дипломат дастлаб президент Шавкат Мирзиёев, сўнг Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ташкилотларининг юқори мартабали раҳбарлари элчихонага ташриф буюриб таъзия билдирганини «хотирадан ҳеч қачон ўчмайдиган бирдамлик тимсоли» деб атади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 6 февралдан 13 февралгача Адана вилоятига қидирув-қутқарув, тиббиёт жамоалари ҳамда гуманитар ёрдамни ташувчи 6 та карго рейси ташкил этилди.
100 кишидан иборат ўзбекистонлик қидирув-қутқарувчилар жамоаси Ҳатай вилоятида 18 кишини қутқарди.
71 кишилик тиббиёт ходимлари Ҳатайда дала госпитали ташкил этиб, ярадорларни даволади. 6 март куни Ўзбекистонга қайтган жамоа 3860 кишига тиббий ёрдам кўрсатди. Шу билан бирга ўзбекистонликлар зилзила ҳудудларига бориб, эҳтиёжмандларга палов тарқатди.
Табиий офат рўй берган дастлабки кунларданоқ Туркия элчихонаси мувофиқлаштирувида Тошкентда ёрдам йиғиш марказлари ташкил қилинди. Туркия элчиси бу жараёнда кўмагини аямаган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимияти, Божхона қўмитаси, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» мутасаддиларига миннатдорлик изҳор этди. Айни чоқда, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, UTID, DEİK, MÜSİAD, Tошкент турк мактаби, «Зираат банк» ва кўнгиллилар хизматини эътироф этди.
Аввал хабар берганимиздек, элчи О.Бекар журналистлар билан 9 февраль кунги учрашувда ҳам Туркия табиий офат кунларида қардош Ўзбекистон кўрсатган кўмакни унутмаслигини таъкидлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter