Ўзбекистон — континентал ва глобал хавфсизлик тизимининг ажралмас қисми
Бугун Марказий Осиё халқаро институтида «Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Мюнхен хавфсизлик конференцияси раиси Волфганг Исингер, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер, Конрад Аденауэр жамғармаси вакиллари, экспертлар ҳамжамияти ва икки мамлакат оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон-Германия сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалари, жумладан, Европа Иттифоқи билан конструктив мулоқот доирасида ривожланишининг динамик ва илғор хусусияти кўриб чиқилди.
Германия томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги континентал ва глобал хавфсизлик тизимининг ажралмас қисми эканлигини қайд этиб, ўзларига муҳим шерик сифатида кўришларини таъкидладилар.
Шунингдек сўнгги йилларда давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш деярли 60 фоизга ошиб, Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш статистикасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига айланган.
Бугунги кунда Германия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. 2020 йили немис компаниялари томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган сармоялар ҳажми 700 миллион доллардан ошди.
Эслатиб ўтамиз, «Xabar.uz» Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга бағишланган интервю уюштирган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter