«Ўзбекистон ҳам уни шакллантириш учун ўз молиявий ҳиссасини қўшишга тайёр» — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури — СПЕКА саммитидаги нутқи.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури – СПЕКАнинг илк саммитини ташкил этиш ташаббуси ва кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиев номига билдирилаётган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Шуни алоҳида айтиб ўтмоқчиманки, Озарбайжоннинг самарали раислигида Дастуримиз доирасидаги минтақавий ҳамкорлигимиз мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Бу йил Женевада ўтган вазирлар учрашуви, шу кунларда Бокуда бўлаётган «СПЕКА ҳафталиги» ва албатта, бугунги тарихий саммитимиз кенг минтақамизни глобал аҳамиятга молик ўзаро боғлиқлик марказига айлантиришга хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли ҳамкасбларимни, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори мартабали вакилларини ва тадбирнинг барча иштирокчиларини қўшма Дастуримиз таъсис этилганининг 25 йиллиги билан чин дилдан табриклайман.
Куни кеча СПЕКАнинг ушбу қутлуғ санасига бағишланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг алоҳида резолюцияси қабул қилинганини катта мамнуният билан таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Тошкентда асос солинган мазкур муҳим платформа Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий шерикликнинг амалий механизми сифатида ўзининг ниҳоятда зарурлигини яққол кўрсатди. Унинг доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, сув ресурслари, экология, гендер тенглиги ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 400 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилгани, савдони соддалаштириш ва инновацион ривожланиш стратегиялари қабул қилингани ушбу фикримизни тасдиқлайди.
Айниқса, сўнгги йилларда Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ишонч муҳити кучайиб, интеграция чуқурлашаётганини катта мамнуният билан таъкидлайман. Биз муҳтарам ҳамкасбларимиз билан биргаликда қандай қийин масала ва мураккаб муаммоларни самарали ҳал қилганимизни барчангиз яхши биласиз.
Ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон, Грузия ва Венгрия билан саноат кооперацияси ва инфратузилма бўйича йирик дастурларни амалга оширмоқдамиз. Қўшма инвестиция компанияларини ташкил этиб, молиялаштириш механизмларини йўлга қўйдик. Чегара ҳудудларида замонавий савдо-логистика марказлари ва махсус иқтисодий зоналар барпо этилмоқда.
Шу ўринда ҳурматли Илҳом Ҳайдарович раҳбарлигида тарихий адолат тикланган ва озод этилган Озарбайжон ҳудудларида олиб борилаётган мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишларини алоҳида эътироф этмоқчиман.
Албатта, бу хайрли ва кенг кўламли ўзгаришлар минтақавий ҳамкорлигимизни ривожлантиришда янги имкониятлар эшигини очишига ишонаман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Ҳозирги глобал геосиёсий беқарорлик шароитида мамлакатларимиз қандай оғир хавф-хатарларга дуч келаётганини жуда яхши ҳис қилиб турибмиз. Замонавий таҳдидларга қарши самарали курашиш минтақавий ҳамкорлигимизни янада кучайтиришни, бир-биримизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни тақозо этмоқда.
Бу борада қуйидаги асосий йўналишларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчидан, Ўзбекистон СПЕКА дастурини иқтисодий ҳамкорлигимизни кенгайтириш борасида очиқ ва янада таъсирчан минтақавий платформага айлантириш тарафдоридир.
Шу мақсадда шериклигимизнинг асосий йўналишлари бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлигини кескин ошириш, Дастуримизнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш вақти келди, деб ҳисоблайман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодий комиссияси ҳамда ЭСКАТО экспертлари билан биргаликда «СПЕКА–2030» тараққиёт концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Иккинчидан, Дастуримиз доирасида Минтақавий савдони рағбатлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Сўз, энг аввало, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва экспорт-импорт операцияларини техник тартибга солиш чораларини уйғунлаштириш борасида жаҳондаги энг илғор тажриба ва амалиётларни жорий этиш ҳақида кетмоқда.
Таҳлилларга кўра, давлатларимиз ўзаро савдо айланмасини ҳозирги 52 миллиарддан 2030 йилга бориб 100 миллиард долларга, унинг таркибидаги саноат маҳсулотлари улушини эса 70 фоизга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд.
Учинчидан, Ҳамкасбларим таъкидлаганидек, СПЕКАнинг Мақсадли жамғармасини ташкил этишни тезлаштириш ва келгуси йилнинг ўзида унинг амалий ишини йўлга қўйиш керак.
Жамғарма фаолияти, биринчи навбатда, «яшил» иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, логистика, муқобил энергетика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, деб ишонаман.
Жамғарма халқаро тараққиёт институтлари билан фаол ишлаши, устувор лойиҳа ва дастурларга молиявий ресурслар ва грант маблағларини энг мақбул шартларда жалб этиши лозим.
Ўзбекистон ҳам уни шакллантириш учун ўз молиявий ҳиссасини қўшишга тайёр.
Тўртинчидан, бугун қабул қилинаётган Транскаспий мультимодал йўлаги бўйича маълумот ва ҳужжатлар алмашиш жараёнини рақамлаштиришга қаратилган «йўл харитаси»ни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш тарафдоримиз.
Бу борада келгуси йилнинг бошида Ўзбекистонда мамлакатларимиз транспорт вазирлари, логистика компаниялари, юк ташувчилари, йирик саноат корхоналари раҳбарлари ҳамда соҳанинг етакчи экспертлари иштирокида «Рақамли транспорт маршрутлари» халқаро форумини ўтказишга тайёрмиз.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган институтлари билан минтақамизда транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича йирик лойиҳаларни фаол илгари суриш ниятидамиз.
Бешинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича юқори даражадаги махсус ишчи гуруҳини тузишни ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказишни таклиф этамиз.
Ушбу тадбирнинг кун тартибидан етакчи агросаноат корхоналаримиз ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш, илмий-технологик алмашувларни рағбатлантириш ва ресурсларни тежайдиган илғор ечимларни жорий этиш, «экспресс» йўлакларни ишга тушириш каби масалалар асосий ўрин эгаллайди.
Олтинчидан, сув, энергетика, экология ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ўзаро узвий боғлиқ эканидан келиб чиқиб, СПЕКАнинг кенг кўламли янги концептуал ҳужжатини – кўп томонлама «Яшил стратегияси»ни қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.
Табиийки, бундай ўткир ва тобора авж олиб бораётган муаммоларни минтақамиздаги ҳеч бир давлат якка ҳолда ўз кучи билан ҳал қила олмайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таҳлилларига кўра, сув тақчиллиги туфайли минтақамиз давлатлари ҳар йили қарийб 2 миллиард долларгача маблағ йўқотмоқда. Бундай мураккаб жараён янада кучайса, муаммолар комплекс ҳал этилмаса, келгусида аҳоли жон бошига сув билан таъминлаш кўрсаткичи 25 фоизга, ҳосилдорлик эса 40 фоизга қисқариб кетиши мумкин.
Еттинчидан, СПЕКА доирасида ишбилармон хотин-қизларнинг фаол ташаббусларини ва аниқ режаларини доимий ва тизимли рағбатлантириш мақсадида СПЕКА Тадбиркор аёллари кенгашини тузиш бўйича таклифимизни кўриб чиқишингизни сўрайман.
Саммитимиз арафасида ўтган бизнес учрашувлари бундай мулоқотлар дўст халқларимиз учун нақадар муҳим эканини яна бир бор исботлади.
Шунингдек, Кенгаш доирасида мамлакатларимиз равнақи ва иқтисодий тараққиётига, умумий ҳамкорлигимизга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган аёлларни «СПЕКА эътирофи» халқаро мукофоти билан тақдирлашни таклиф этаман.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Маълум сабабларга кўра, бугунги учрашувимиз Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган ва минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим омил ҳисобланган Афғонистон давлати вакиллари иштирокисиз ўтмоқда.
Барча ҳамкасбларимга, Европа иқтисодий комиссияси ва ЭСКАТО раҳбариятига мурожаат этиб, уларни СПЕКА дастури доирасида афғон томони билан ишчи алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорликни қайта тиклашга чақираман.
Ушбу мамлакатни ўз муаммолари билан якка қолдириш мумкин эмас. Амалдаги ҳукумат билан халқаро мулоқот ўрнатилмаса, ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмайди.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, икки кун муқаддам Парижда қабул қилинган, ЮНЕСКОнинг Бош Ассамблеяси сессиясини илк бор Марказий Осиёда – қадимий Самарқанд шаҳрида 2025 йилда ўтказиш бўйича тарихий қарорни қўллаб-қувватлаганингиз учун сизларга алоҳида ташаккур изҳор этаман.
Ушбу муҳим халқаро анжуман доирасида минтақамиз халқларининг буюк цивилизация салоҳиятини бутун жаҳонга тўлиқ намойиш этиш учун биргаликда қўшма тадбирлар режасини ишлаб чиқишни таклиф этаман.
Сўзимнинг якунида Ўзбекистон халқларимизнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минтақавий дастури доирасидаги кўп томонлама шерикликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter