Ўзбек-қирғиз чегарасида отишма: қурбонлар бор
Кеча, 5 апрель куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида юз берган отишма оқибатида 2 қирғиз фуқароси ҳалок бўлган, дея хабар берди Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати.
Хабарга кўра, Жалолобод вилояти Оқсий туманидаги Дейрес қишлоғида бир неча қирғизлар отларда Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний юк олиб ўтишга уринган. Ўзбекистон чегарасига 500 метр қолганда ўзбек чегарачилари уларни пайқаб қолган.
Ўзбек томонининг тўхташ ҳақидаги буйруғига улар бўйсунмаган. Уларни қўлга олиш пайтида тартибсизлик келиб чиққан ва Ўзбекистон чегарачилари ўт очишга мажбур бўлишган. Оқибатда 2 нафар қирғиз ҳалок бўлган, қолганлари Қирғизистон ҳудудида яширинишга улгурган.
Ўзбекистон чегарачилари сўзларига кўра, чегарани бузганлар 20 минг доллар миқдорида контрабанда маҳсулотларини олиб ўтишга ҳаракат қилишган. Сўнгроқ маълум бўлишича, ҳалок бўлганлар Ўзбекистонда туғилган, кейинчалик Қирғизистон фуқаролигини олишган. Шунинг учун уларда ўзбек паспорти сақланиб қолган.
Ўша куннинг ўзида иккала давлат чегара хизматлари вакиллари тезкор йиғилиш ўтказиб, вазиятни ўрганишган. Бугун эса Ўзбекистон томони ҳалок бўлган 2 қирғиз жасадини Қирғизистонга топширган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter