Ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларини аниқлаганларга пул мукофоти бериш қоидалари тасдиқланди
Саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларни ҳисобга қўйиш ва идентификация қилиш ҳамда уларнинг реестрини юритишни назарда тутувчи электрон платформа ишга туширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 80-сонли қарорида кўзда тутилган.
Қарорга кўра, спорт-ишқибозлик туридаги ва саноат усулида балиқ овлаш тартиби, балиқ овлаш билан шуғулланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ихтиофауна объектларидан фойдаланишни назорат қилиш, балиқ ресурсларини муҳофаза қилиш ва ноқонуний овлаш оқибатида етказилган зарарларни ҳисоблаш, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслардан олиб қўйилган балиқ овлаш қуроллари ва воситаларини йўқ қилиш, ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларини аниқлаган балиқчилик хўжалиги ҳамда ваколатли шахсга пул мукофоти бериш кабиларни ўз ичига олган балиқ овлаш қоидалари тасдиқланди.
Маълумот учун, табиий сув ҳавзаларидаги ихтиофауна объектлари умуммиллий объект бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш давлат томонидан муҳофаза қилинади. Табиий сув ҳавзаларида яшаётган, шунингдек, табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган балиқлар давлат мулкидир. Балиқ овлаш жойларида балиқ овлаш воситалари ёки балиқ ови маҳсулотлари билан бўлиш ҳам балиқ овлашга тенглаштирилади. Спорт-ишқибозлик туридаги ҳамда саноат усулида балиқ овлашга белгиланган тартибда рухсат берилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча табиий сув ҳавзалари балиқ овлаш ҳудудлари ҳисобланади.
Ўз навбатида қўриқхоналар, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреацион ва тарихий-маданий объектлар, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналари, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар, чегара зоналари, тўғонлар, сув айиргичлар, кўприклар ва балиқчилик хўжаликлари чегараларидаги 500 метрли масофадаги бошқа муҳофаза ҳудуди, балиқ овлашга мораторий эълон қилинган ҳудудлар балиқ овлаш жойлари ҳисобланмайди.
Қарорга асосан, уч ой муддатда саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларнинг стандарти ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Шунингдек, экология соҳасидаги илмий тадқиқот ва таълим муассасаларини жалб қилган ҳолда балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларга эксперимент тариқасида «GPS» кузатув мосламалари ўрнатилади.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ табиий сув ҳавзаларидаги балиқ ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Қарор расман қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Маълумот учун, балиқ овлашни тақиқловчи қоидалар сунъий сув ҳавзалари ҳамда табиий сув ҳавзаси ҳисобланмайдиган ирригация тармоқларидаги қафас (садоқ) мосламаларида интенсив балиқ етиштириш технологияси ва аквакултурага нисбатан татбиқ этилмайди.
Табиий сув ҳавзаларида жисмоний шахсларга спорт-ишқибозлик турида 1 суткада 5 кггача ёки ушбу миқдордан кўп бўлган 1 дона балиқни бепул овлашга рухсат берилади. Бошқа ҳолатларда балиқ овлаш ушбу ҳавзалар бириктирилган субъектлар билан келишув асосида ёки ҳақ тўлаш эвазига овчилик ва балиқчилик хўжаликларига бириктирилган сув ҳавзаларида ушбу хўжаликларнинг йўлланмалари бўйича амалга оширилади. Балиқларнинг урчиш даврида табиий сув ҳавзаларида спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш тақиқланади.
Балиқларнинг урчиш даврида, яъни Амударё ва Сирдарёда 11 мартдан 31 майгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида табиий сув ҳавзаларида 26 апрелдан 10 июнгача ва бошқа барча табиий сув ҳавзаларида 16 апрелдан 31 майгача балиқ овлаш тақиқланади.
Саноат усулида балиқ овлашда эса балиқчилик хўжалиги тегишли ҳужжатларга (табиий сув ҳавзаси ижара шартномаси, рухсатнома (квота), балиқ овлашни қайд этиш дафтари, ФВВда рўйхатга олинган сузиш воситаларининг ҳужжатлари, балиқ овлаш воситаларини тамғалаш ва ҳисобга қўйиш маълумотларидан кўчирма) эга бўлиши лозим. Балиқ овлаш сунъий ва ўсимлик толаларидан тайёрланган тўрларда амалга оширилади. Табиий сув ҳавзаларида қалинлиги 1 ммдан кичик бўлган сунъий толадан тайёрланган тўрларда балиқ овлашга рухсат берилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter