Мирзиёевдан галдаги муҳим қарор: хусусий клиникаларга эътибор кучаяди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 29 декабр куни «Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида эълон қилинди.
Давлат тиббиёт муассасаларининг айрим функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига ўтказиш, мазкур соҳада давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, шунингдек, республикада ва чет элда тиббий кадрларнинг малакасини ошириш, тиббиёт ташкилотларини аккредитациялаш тизимини жорий этиш масалалари долзарблигича қолмоқда.
Қарор билан 2018-2019 йилларда ҳудудларда хусусий тиббиёт ташкилотлари ташкил этилиб, фаолиятини кенгайтирилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
— бир ҳафталик муддатда 2018-2019 йилларда хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ва унинг «йўл харитаси» тасдиқланади;
— Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри Давлат қўмитаси билан биргаликда манзилли рўйхат лойиҳалари ташаббускорларига улар белгиланган тартибда зарур ҳужжатларни тақдим этганда қурилишни амалга ошириш учун ер майдонларини ажратади;
— Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда, истисно тариқасида, манзилли рўйхат лойиҳалари ташаббускорларига давлат мулкидаги фойдаланилмасдан турган объектларни «нол» харид қийматида сотади.
Тошкент шаҳрида Корея Республикаси етакчи олий тиббий таълим муассасаларидан бирининг фаолиятини ташкил этилиб, Кореянинг тиббиёт марказлари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда «AKFA MEDLINE» МЧЖ хусусий клиникаси негизида хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш ва маҳаллий тиббиёт кадрлари малакасини ошириш Марказини ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2018 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотларида ишловчи шифокор-пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига янги ташкил этилаётган ва фаолиятини кенгайтираётган хусусий тиббиёт ташкилотларини, шу жумладан, манзилли рўйхатда назарда тутилган хусусий тиббиёт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини сотиб олиши, шунингдек, мутахассисларининг малакасини ошириш ва хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этишни ташкил этиши учун белгиланган тартибда имтиёзли кредитлар берилади.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Касимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қ.Акмалов зиммасига юкланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter