Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев Хитой ва Ҳиндистон молия вазирларини қабул қилди

Мирзиёев Хитой ва Ҳиндистон молия вазирларини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Самарқанд шаҳрида ўтаётган ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой молия вазири Лань Фоанни қабул қилди.

Хитой молия вазири давлатимиз раҳбарига Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни олий даражадаги келишувларга мувофиқ кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан шерикликни мустаҳкамлаш, устувор инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг тўққизинчи йиғилиши доирасида Ҳиндистон Республикаси молия ва корпоратив ишлар вазири Нирмала Ситхараман бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида Нирмала Ситхараман давлатимиз раҳбарига Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда олий даражадаги келишувларга мувофиқ кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йил ноябрь ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда ўтказиш ҳамда унинг доирасида Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Энергетика, нефть-кимё, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг