Марказий Осиё икки муҳим минтақа ўртасида кўприк бўлиши керак – Роман Василенко
Марказий Осиё давлатлари қулай жуғрофий жойлашуви ҳамда геоиқтисодий салоҳияти орқали Осиё ва Европа ўртасида қуруқликдаги робиталарни янада кучайтириш, “Ўрта йўлак”ни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши мумкин.
Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко 5 октябрь куни Остона шаҳрида дунё мамлакатлари журналистлари билан учрашувда гапирди, деб хабар бермоқда Xabar.uz мухбири.
Расмий Остона Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-логистика тизими интеграциялашувини жадаллаштиришни таклиф қилмоқда.
Юқори мартабали дипломатга кўра, “Марказий Осиё+” форматида АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи, Кўрфаз давлатлари, Ҳиндистон каби жаҳон сиёсатининг йирик ўйинчилари билан мулоқот йўлга қўйилгани минтақанинг геосиёсатдаги ўрни ошиб бораётганидан далолат беради.
ТИВ ўринбосари мамлакат ташқи сиёсати асосий тамойилларига ҳам ойдинлик киритди.
“Қозоғистон кўп томонлама ҳамкорлик ва БМТ Низомларига риоя қилиш талабига содиқ бўлиб қолади... Яқинда президент Қосим-Жўмарт Тўқаев кўп қутбли глобал тартибнинг тамали ўлароқ бўлинмас Евроосиё хавфсизлигини шакллантириш ғоясини илгари сурди. Геосиёсий иқлим шиддат билан ўзгариб бораётган бир паллада Қозоғистон тинчлик ва ҳамкорликни ҳимоя қилиш тарафдоридир”, – деди Р.Василенко.
Таъкидланишича, Остона тинчлик, мувозанат, прагматик ёндашув ва қатъиятга асосланган дипломатия орқали ҳам Шарқ, ҳам Ғарбдаги ҳамкорлар билан конструктив мулоқот олиб боришни маъқул кўради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter