Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мария Захарова Ўзбекистондан кечирим сўрасин!

Мария Захарова Ўзбекистондан кечирим сўрасин!

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Россия ТИВ вакили Мария Захарованинг чиқишига муносабат билдирди ва унинг кечирим сўрашини талаб қилди.

«Бу нимаси?! Россия ташқи Ишлар вазирлиги вакили Захарова Тошкент мактабларидан биридаги воқеа бўйича тушунтириш сўрабди.

Бу ҳаёт, гоҳида тушунмовчиликлар оқибатида айрим шахслар ўртасида келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Қонун бор, тартиб-интизом бор. Керакли чоралар албатта кўрилади. Ўзбекистон ўзининг муаммоларини ўзи ҳал қилади. Айбдор жазосини олади. Бу алоҳида масала.

Мени ҳайрон қолдиргани, мактаб Ўзбекистонда, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси. Нега мустақил бир давлатда бўлган бир ҳолат учун Москвага тушунтириш берилиши керак?!

Нима, улар ҳалигача Ўзбекистонни ҳам ўзининг губернияси деб ҳисобламоқдами ё андишанинг отини қўрқоқ деб ўйлашяптими? Бир неча расмий, норасмий шахслари суверенитетимизни шубҳага олди, тарихимизни камситди, вазмин муносабат билдирдик. Мигрантларни билган кўйига соляпти. Индамаган сайин борган сари ҳаддидан ошишяпти.

Бу Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши экани очиқ ойдин кўриниб турибдику!

Мария Захарова бу гаплари учун Ўзбекистондан кечирим сўрасин! Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳурматсизлик учун тушунтириш берсин!», қайд этди Минҳожиддин Мирзо.

Эслатиб ўтамиз, Россия ТИВ расмийси Мария Захарова 25 сентябр куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 188-мактабда кузатилган ҳолат юзасидан Ўзбекистон томонидан «расмий тушунтириш» сўраганини маълум қилганди.

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров рус дипломатининг ушбу чиқишига муносабатини билдириб, Ўзбекистоннинг «ички ишлари ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишлари»ни тавсия қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг