Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислом Каримов Россиянинг «НТВ» телеканали иғвосига қандай жавоб берган эди?

Ислом Каримов Россиянинг «НТВ» телеканали иғвосига қандай жавоб берган эди?

Фото: Спутник

Ислом Каримов фондининг «Фейсбук» тармоғидаги саҳифасида собиқ давлат маслаҳатчиси Нарзулла Жўраевнинг биринчи Президентимиз ҳақидаги хотиралари эълон қилинган эди.

Жўраев ўз хотираларида Ислом Каримов билан боғлиқ кўплаб воқеаларни ёдга олган. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йилларида Толибонлар билан боғлиқ қизиқарли воқеани ҳам сўзлаб берган.

«Толибонларга қарши кураш коалицияси фаолият юритаётган пайтлар стратегик шериклик тўғрисидаги шартномага мувофиқ, Қашқадарёнинг Хонободидан АҚШнинг қароргоҳига жой бериб қўйилди. Ана шунда бирданига Москва телевидиениеси, аниқроғи «НТВ» телеканали «Толибонлар Амударёдан ўтиб, Термизни эгаллаб олишди. Ўзбекистонда уруш бошланиши муқаррар», деган иғво тарқатди.

Ислом Каримов бу воқеага гўёки мутлақо эътибор бермагандек бўлиб, эртаси куни махсус самолётда Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий журналистлардан иборат катта делегацияни ўзи билан бирга Термизга олиб борди. Уларни ҳам меҳмон қилди, ҳам Термизни саёҳат қилдирди ва ўша ерда тўғридан-тўғри баёнот берди: «Қани толиблар? Топиб беринглар менга?» Ўша ерда Россия дипломатик корпуси ҳам турибди, ўша «НТВ» вакили ҳам турибди. Мана сизга сиёсий дипломатия! Бу энг таъсирчан, энг самарали усул бу.

Кейин меҳмонларни қолдириб, ўзи чегарачилар билан учрашувга борди. Чегарачилар билан суҳбат қилди. У киши соғлом, кучли йигитларни кўрса отадек қувониб кетадиган, оталик туйғуси ниҳоятда жўшқин, меҳрли одам эди. «Бутун Ўзбекистон болалари — менинг болаларим» деган гап унинг ҳаётининг мазмуни эди.

Бир пайт буни қарангки, бўйи икки метр келадиган аскарни унга рўбаро қилишди. Шундай бориб, қувониб, «менинг шундай болаларим, полвон болаларим борми? Шулар бор экан, менинг чегарамдан пашша ҳам босиб ўта олмайди», деб уни қучоқлаб, ердан уч марта кўтариб-кўтариб қўйди.

Сўнг аскарлар билан хайрлашиб, «Ҳайратон» кўпригига борди. «Ҳайратон» — Ўзбекистон билан Афғонистонни боғлаб турган ягона кўприк. Бу ердан поезд ҳам ўтади ҳозир, темирйўл қурилди. Шу ерга келиб, «Хўш, толиблар шу кўприкдан ўтадими?, деди. Ўтиб келсин, кўрай мен. Агар толиблар шу кўприкдан ўтадиган бўлса, мен кўприкка кўндаланг ётиб оламан — олдин мени босиб олсин, кейин юртимга киради» деди. Мана Президентнинг ватанпарварлик туйғуси!», — дея эслайди Нарзулла Жўраев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг