Икки қўшни мамлакат парламенти ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Қирғизистон парламенти делегациясининг учрашуви
2017 йил 21 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Тўроғаси Д.Жумабеков бошчилигидаги Қирғиз Республикаси парламент делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида томонлар икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги икки томонлама парламентлараро алоқаларнинг, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини, уларни янада ривожлантириш ҳамда чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Қирғизистон Республикаси парламент делегацияси Ўзбекистон Республикасига ташриф юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик изҳор этди ҳамда Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошевга Қирғизистон Республикасига расмий ташриф билан боришни таклиф қилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Қирғизистон парламент делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи, режалаштирилган музокаралар ва учрашувлар, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.
Қирғизистон делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши ўртасида икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Амалий тадбирлар режаси» («Йўл харитаси»)ни имзолаш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter