Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришни сўради

Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришни сўради

Фото: «Телеграф»

Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши чақирилишини сўради. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дрианнинг сўзларига асосланган ҳолда «ТАСС» хабар бермоқда.

«Гута, Идлиб, Африн — Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисини чақиришни сўрайди», — деб ёзди вазир «Тwitter»даги саҳифасида. У бу борада туркиялик ҳамкасби билан музокара олиб борганини қўшимча қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари, шунингдек, Сурияга инсонпарварлик ёрдамини бериш ва у ердаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.

Шанба куни Туркия қуролли кучлари бош штаби Суриянинг курдлар яшайдиган Африн минтақасида «Зайтун новдаси» операциясини бошлаганини эълон қилган эди. Охирги маълумотларга кўра, операция давомида турк ҳарбий ҳаво кучлари Афринда 153 та нишонга зарба беришга эришган. «Sky Nеwс Аrabiа»нинг  хабар беришича, Африндаги ҳаво ҳужумлари натижасида 6 нафар тинч аҳоли ва 3 нафар ХМБ жангариси ўлдирилган. Якшанба куни Туркия бош вазири минтақада қуруқликдаги амалиётлар бошланганини тасдиқлади.

Шарқий Гута ва Идлиб 4 май куни Суриядаги сулҳ битимининг кафиллари — Россия, Эрон ва Туркия ўртасида имзоланган келишувга биноан ташкил этилган деэскалация зонасига киритилган. БМТ маълумотларига кўра, 31 декабрдан 10 январгача Шарқий Гутада камида 85 нафар тинч аҳоли, жумладан, 30 нафар бола ўлдирилган. Идлибдаги вазият ҳам жиддий хавотир уйғотади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг баёнотига кўра, Идлибда ҳукумат кучлари ва «Таҳрир аш-Шом» экстремистик гуруҳлар бирлашмаси ўртасидаги тўқнашувлар туфайли ўн минглаб аҳоли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг