Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эронда норозилик намойишлари: икки киши ҳалок бўлди

Эронда норозилик намойишлари: икки киши ҳалок бўлди

Норозилик намойишига чиққан эронликлар. Теҳрон, Эрон. 2017 йил 30 декабр.

Фото: «Le Monde»

Пайшанба кундан буён Эронда давом этаётган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари доирасида, шанбадан якшанбага ўтар кечаси Доруд шаҳрида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий расмийларга таяниб «Le Monde» нашри хабар берди.

Лорестан провинцияси вице-губернатори сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг ўлимига полиция эмас, балки «хорижий агентлар» жавобгар. 30 декабр куни пойтахт Теҳронда юзлаб кишилар Теҳрон университети олдида ҳукуматга қарши норозилик намойиши ўтказишган ва уларга қарши полиция бўлинмалари жалб этилган. Полиция намойишчиларни тарқатишга муваффақ бўлган.

Ушбу норозилик намойишларига жавобан ҳукумат тарафдорлари ҳам тинч намойишга чиқишган. Бундай чиқишлар бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилган. Пайшанба ва жума кунлари ҳам Эроннинг бир нечта шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди.

Намойишларнинг сабаблари

2017 йилнинг 28 декабридан буён давом этаётган норозилик чиқишларида кишилар амалдаги Президент Ҳасан Руҳоний шаънига танқидий шиорлар ёзилган баннерлар кўтариб чиқишган. Улар Эроннинг ядровий дастурига жавобан киритилган хорижий санкциялар туфайли ночор аҳволга келиб қолган иқтисодиётни кўтаришни талаб қилиб чиқишган.

Май ойида ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонган Ҳасан Руҳонийнинг сайловолди дастурида иқтисодни кўтариш асосий устувор вазифа сифатида кўтарилган эди. У бир қанча иқтисодий санкцияларни бекор қилинишига ҳамда инфлация даражасини 10 фоизгача пасайтиришга эришган бўлса-да, аммо ишсизлик даражаси ҳамн юқорилигича қолмоқда. Расмий маълумотларга кўра мамлакатда ишсизлик даражаси 12 фоизни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Эронда бу қадар кенг кўламдаги намойишлар 2009 йили ўша пайтдаги Эрон президенти Маҳмуд Аҳмади Нажотнинг иккинчи муддатга президентликка сайланганига қарши ўтказилган эди. Бу сафарги ўтказилган намойишларда бир неча ўн киши ҳибсга олинган.

Давлат телевидениесининг хабар беришича, уларнинг кўпчилиги озод этилган. Ҳукумат расмийлари ушбу воқеалар ортида ташқи кучлар турганлигини иддао қилмоқдалар.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрондаги воқеаларга нисбатан ўз муносабатини билдирди. У «Twitter»даги саҳифасида қуйидагиларни ёзди: «Бутун дунё Эрон халқи ўзгаришларни хоҳлаётганини тушиниб турибди. Эрон раҳбарлари қўрқадиган нарса АҚШнинг ҳарбий қудрати ҳамда Эрон халқидир».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг