Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрон Ўзбекистон ҳукумати ва халқига миннатдорлик билдирди

Эрон Ўзбекистон ҳукумати ва халқига миннатдорлик билдирди

Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий сув иншоотини қуриш бўйича Озарбайжон Республикаси билан биргаликда амалга оширилган қўшма лойиҳанинг очилиш маросимидан қайтаётган вақтда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бошқа расмий шахслар билан бирга авиаҳалокатга учраб, ҳалок бўлишган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик мактуби йўллаб: «Президент Иброҳим Раисий Эроннинг жадал тараққиёти, мамлакат аҳолисининг фаровонлиги ва халқаро майдондаги нуфузини ҳар томонлама юксалтириш йўлида беқиёс саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келаётган, Ватанининг чинакам фидойи фарзанди, ўз халқининг чексиз эҳтиромига сазовор бўлган атоқли давлат ҳамда сиёсат арбоби эди. Ўзбекистон ва Эрон ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган азиз биродаримизнинг ёрқин хотираси қалбларимизда доимий сақланиб қолади», дея қайд этганди.

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси Ўзбекистон ҳукумати ва халқининг ҳамдардлик билдиргани миннатдорлигини билдирди.

«Эрон ва Ўзбекистон раҳбарларининг сўнгги қисқа вақт ичида тўрт маротаба учрашганлари икки ўртадаги дўстлик ва биродарликнинг яққол намунаси бўлди. Бу эса ўз навбатида икки раҳбар –марҳум президент Иброҳим Раисий жаноби олийлари ва муҳтарам Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг муваффақиятли давлат бошқаруви, донишмандлиги, самимийлиги ва ўзаро биродар бўлганлиги ҳамда уларнинг ўзаро манфаатларни рўёбга чиқариш йўлида саъй-ҳаракатларни амалга оширганликларини кўрсатади.

Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари, мамлакат раҳбариятининг бошқа вакиллари, вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон жамоатчилиги ва халқининг турли доиралари вакиллари Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги элчихонасига шахсан келиб, ҳамдардлик дафтарига ёзув қолдирганлари ва ҳамдардлик билдирганлари ўша улуғвор шаҳидлар руҳларининг шод бўлишига ҳамда бошига мана шундай оғир кунлар тушиб, қайғуга ботган Эрон халқининг тасалли топишига сабаб бўлди», дейилади элчихона мактубида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг