Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Эркаклар сиёсатдан чарчашди». Нега сиёсатда аёллар фаоллашиб бормоқда?

«Эркаклар сиёсатдан чарчашди». Нега сиёсатда аёллар фаоллашиб бормоқда?

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

Бугунги кунда дунё сиёсий саҳнасида аёллар анчагина. «РИА Новости» давлатларни бошқараётган ана шундай аёлларнинг бештаси ҳақида ҳикоя қилади.

Тереза Мэй

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг бош вазири бўлган Тереза Мэйни ҳозирданоқ иккинчи «темир хоним» деб аташмоқда. Биринчиси эса 1979—1990-йилларда қироллик ҳукуматини бошқарган машҳур Маргарет Тетчердир. Улар ўртасида ҳақиқатан бир қанча ўхшашликлар мавжуд. Жумладан, Мэй ҳам, Тетчер ҳам консерваторлар етакчисидир. Бир пайтлар Жамоалар палатаси аъзоси сифатида Мэй Ироқ босқинини ёқлаб овоз берган бўлса, Тетчер Фолкленд урушини қўллаб-қувватлаган ва бу унга машҳурлик олиб келган эди.

Энг муҳими эса Мэй ҳам, Тетчер ҳам мамлакатдаги инқироз пайтида ҳокимият тепасига келганидир. 1970-йилларнинг охирида Буюк Британияда ҳаёт даражаси пасайиб кетди, бир қатор соҳаларда ишлаб чиқариш ҳажми камайди, инфляция ошиб кетди. Бошқарувининг дастлабки йилларида Маргарет Тетчернинг иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларининг тарафдорлари унчалик кўп эмас, «темир хоним»нинг рейтинги ҳам унча юқори эмас эди. Шунга қарамай ислоҳотлар самара бера бошлади – иқтисодиёт жонланди, фуқароларнинг даромадлари ошди. Тетчернинг ҳатто энг яқин сафдошларининг иккиланишларига қарамасдан ноанъанавий сиёсат юритди. Кескин ҳаракатлар кескин чиқишлар билан бирга кечди. Ҳатто гендер масаласида ҳам. Тетчернинг «Барча эркаклар заиф, жентлменлар эса ундан-да заиф» деган гапи машҳур бўлиб кетди.

Тереза Мэй — Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги бош вазири.
Фото: «Reuters»

Мэй ҳам худди «темир хоним» сингари Буюк Британия тарихида янги даврни бошлаб бериш арафасида турибди. Буюк Британия Европа иттифоқидан чиқади. Март ойида у ушбу жараённи бошлаш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Мэй ҳам Тетчернинг муваффақиятларини такрорлай оладими, йўқми — буни вақт кўрсатади. Нима бўлганда ҳам бу икки аёл Буюк Британия тарихидаги кучли сиёсий шахслар бўлиб қолаверади. Аёл кишининг ҳокимият тепасида қолиши Британия анъаналаридан биридир. Буни мамлакат тарихидаги бир нечта аёл ҳукмдор номлари ҳам кўрсатиб турибди. Феминизм ҳам айнан Буюк Британияда пайдо бўлган, Янги Зеландияда 1893 йилдаёқ аёлларга овоз бериш ҳуқуқи берилган эди. 

Ангела Меркел

Германия тарихидаги биринчи ва ягона аёл канцлер Ангела Меркелдир. У федерал ҳукуматни 2005 йилдан буён бошқариб келмоқда. «Фрау канцлерин»(уни Германияда шундай аташади)нинг отаси Ҳитлер ҳокимиятга келгунига қадар ўзининг полякча Казмерчак фамилиясини немисчалаштириб улгурган эди. Ангела туғилган пайтда Каснер фамилиясини олади. 1977 йилда физика соҳасида ўқийдиган талаба Улрих Меркелга турмушга чиққач Меркел хонимга айланади.

Ангела Меркел — ГФР канцлери.
Фото: «Getty Images»

Меркел Германия демократик республикасида таваллуд топган. ГДРнинг сўнгги бош вазири Лотар де Мезьернинг матбуот котиби бўлиб ишлаган. Шу билан бирга, Германия бирлашганидан кейин Меркел Ғарбий Германиянинг консерватив партияси бўлмиш «Христиан демократлар иттифоқи»да кўп муваффақиятга эришди. 2000 йилдан эса ХДИни бошқарди.

«Forbes» журнали уни 12 бора дунёнинг энг обрўли аёл сиёсатчиси сифатида эътироф этди. «Time» журнали эса уни 2015 йилда Европанинг энг кучли раҳбари дея эълон қилди.

Керсти Калюлайд

47 ёшга тўлмасдан Эстония президенти бўлган Керсти мутахассислиги бўйича биолог бўлиб, орнитологияни яхши кўради. У бир нечта компания ва корхоналарда бош менежер бўлиб фаолият юритган. Сиёсий фаолиятини эса Европа ҳисоб палатасида ишлаш билан бошлаган.

2016 йилнинг октябрь ойида Эстония тарихида илк бор парламент мамлакат аёл киши президент этиб сайлади. Керсти ўзини либерал консерватор дея ҳисоблайди. Мамлакатдаги эстонлар ҳамда рус тилида гаплашувчи аҳоли манфаатларини бирлаштиришни ўзининг асосий вазифаларидан бири деб билади. Бунинг учун у бир ой давомида аҳоли сони жиҳатдан мамлакатда учинчи йирик шаҳар ҳисобланган Нарва шаҳрида яшади. Шаҳарнинг асосий аҳолиси рус тилида сўзлашувчилардир.

Керсти Калюлайд
Фото: «Voanews.com»

Эстония жамоат арбоби Аллан Хантсомнинг таъкидлашича, юқори лавозимларда ва умуман сиёсий саҳнада аёлларнинг пайдо бўлиши қандайдир фоиз кўрсаткичлари билан эмас, балки аниқ сабаблар билан боғлиқ.

Даля Грибаускайте

62 ёшга тўлган Даля 9 йилдан буён Литвани бошқариб келмоқда. НКВД ходимининг қизи бўлган Грибаускайте Совет иттифоқи даврида сиёсий иқтисод мутахассислиги бўйича олий маълумот олди. Совет иттифоқи коммунистик партияси марказий қўмитаси қошидаги Ижтимоий фанлар академияси аспиранурасида ўқиди ҳамда Коммунистик партия аъзосига айланди. Иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг АҚШда ўқиди. Кейин эса Халқаро иқтисодий алоқалар вазирлигида, Ташқи ишлар вазирлигида, шунингдек Литванинг АҚШдаги элчихонсида фаолият олиб борди. Ундан кейин ҳукуматда ишлай бошлади. Литва Европа иттифоқига аъзо бўлганидан кейин уни Еврокомиссиянинг таълим ва маданият, шунингдек молия-бюджет масалалари бўйича еврокомиссари қилиб сайлашди. 2009 йилда у мамлакатда ўтказилган президент сайловида ғолиб чиқди. Орадан беш йил ўтгач, иккинчи бор сайланди.

Даля Грибаускайте
Фото: «lrt.lt»

Литва президенти турмушга чиқмаган, табиийки, фарзанди ҳам йўқ. Каратедан қора белбоғ соҳиби, тўрт тилда бемалол сўзлаша олади. Унинг сиёсатининг асосий йўналиши мамлакат хавфсизлигини таъминлаш. Литва хавфсизлигини таъминлашда АҚШга суянади, Россияни асосий хавф манбаи деб билади.

Мишел Бачелет

Лотин Америкаси аёл президентлар сони бўйича етакчилик қилиши шубҳасиз. Масалан, Аргентинада Исабел Перон ва Кристина Киршнер, Боливияда Лидия Гейлер Техада, Никарагуада Виолетта Чаморро, Панамада Мирей Маскосо президент бўлган. 2006 йили Чилида ҳокимият тепасига Пиночет замонида қамоққа ташланган ҳарбий ҳаво кучлари генерали Алберто Бачелетнинг қизи Мишел Бачелет келади. Ўз-ўзидан маълумки, Мишел Пиночетга рақиб бўлган социалистлардан эди. У ўнглардан қолган мерос – бойлар ва камбағаллар ўртасидаги жуда катта бўшлиқни бартараф этишга ваъда беради.

Мишел Бачелет
Фото: «lrt.lt»

Мамлакат конституцияси бир кишига кетма-кет икки бора президент лавозимида қолиш имконини бермагани учун у бу лавозимни 2010 йилда тарк этади. 2013 йилги сайловда унинг рақиби ҳам аёл киши эди. Бу галги сайловда ҳам ғалаба қозонган Мичел 2014 йилнинг 11 мартидан 2018 йилнинг 11 мартига қадар мамлакатни бошқарди.

Аёл ва карьера

Сиёсатшунос Марат Шибутов аёллар ҳокимиятга сулолавий ва ўз кучига асосланган сулолавий йўл билан келишини таъкидлайди. Иккинчи йўлга Ҳиндистон ва Покистондаги Неру-Ганди ва Бхутто оилаларини мисол қилиш мумкин. «Учинчи йўл — шахсий юксалиш. Бунга мисол қилиб Мянмадаги Аун Сан Су Чжини келтириш мумкин. Аммо энг кўп тарқалгани давлат тузилмалари ичидаги юксалишдир. Гап парламентар демократиядаги аёллар ҳақида кетмоқда», — дея қўшимча қилади эксперт.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг