Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янгиланадими?

«Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янгиланадими?

Фото: «Uza.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майдаги «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонда университет зиммасига ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилган.

Мазкур вазифадан келиб чиққан ҳолда университет ташаббуси билан 2016-йил август ойида махсус ишчи гуруҳ тузилди. Ушбу ишчи гуруҳ ижтимоий тармоқлар, ОАВ, анжумаларда аҳолининг барча қатламлари фикрини ўрганди, таҳлиллар олиб борди ва хулосалар ижтимоий тармоқларда қайта муҳокама қилинди. Икки ярим йил мобайнида Давлат тили ҳақидаги қонун, имло ва алифбо масалалари бўйича қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. Ўрганишлар натижаси ва мутахассислар фикри умумлаштириб, сўнгги хулосалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилди. Кўп ўтмай ушбу масала юзасидан махсус йўл харитаси тузилди ва «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижаларига кўра «Йўл харитаси» тасдиқланди. Ушбу йўл харитасига асосан «Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тайёрланди. Ушбу лойиҳада соҳа мутахассислари, жамият аъзолари томонидан билдирилган мулоҳазалар тўла ўрганиб чиқилган ва инобатга олинган.

Ҳуқуқий соҳада ва миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттирган ва «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси шу кунгача давлат ва жамиятда кўзга ташланган кўплаб муаммоларга ечим топиши кўзда тутилган.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети жамоаси лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифларини Олий Мажлис Сенатига тақдим этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг