БМТ шафелигида ўтган конференцияда Ўзбекистоннинг чегара хавфсизлигини таъминлаш тажрибаси тақдим этилди

Жорий йилнинг 19 октябр куни Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Э.Арипов БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва Тожикистон ҳукумати таклифига биноан Душанбега ташриф буюриб, «Терроризмга қарши кураш ва террорчиларнинг трансчегаравий ҳаракатини олдини олиш мақсадида чегара хавфсизлиги бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусида бўлиб ўтаётган юқори даражадаги халқаро конференцияда модератор сифатида иштирок этди.
Чегара хавфсизлигини таъминлаш масалаларида қонун устуворлиги ва жамиятнинг барча қатламлари иштирокини таъминлашга қаратилган сессияда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасига тўхталар экан, СМТИ директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан бу борада олиб бораётган сиёсатнинг асосий тамойили – терроризмга қарши курашнинг фундаментал асоси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш эканлигини қайд этди. Терроризмга қарши кураш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бир-бирига зид бўлмаган, балки бир-бирини тўлдирадиган ва мустаҳкамлайдиган мақсадлар эканлиги алоҳида таъкидланди.
Э.Арипов, айниқса, Марказий Осиё минтақасида жамиятда ўзаро мулоқотни, таълим-тарбияни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш каби муаммоларни ҳал қилмасдан туриб, терроризмга қарши самарали кураш ҳақида гапириш мумкин эмас, деди. Бу масалалар ўзаро боғлиқлиги аёнлашаётгани қайд этилди.
СМТИ директори бугунги кунда Марказий Осиёда аксилтеррор сиёсати кенг қамровли ва инклюзив ёндашувга асосланиши зарурлиги ҳақида тушунча шаклланганига ҳам тўхталди. Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида қабул қилинган БМТнинг Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасига мувофиқ, терроризмга қарши курашда минтақанинг барча мамлакатлари нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтларини ҳам жалб этиш долзарблиги қайд этилди.
Шунингдек конференция доирасида, БМТ Бош котиби ўринбосари – БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида СМТИ ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар Ўзбекистон ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси», шу жумладан, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 3-4 март кунлари БМТнинг Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Тошкент конференциясида илгари сурилган ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Шунингдек, учрашувда ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашга келишилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter