АҚШ элчиси Ўзбекистоннинг Украинадаги уруш бўйича позициясини баҳолади
АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм «Америка овози» радиосига берган интервьюсида расмий Тошкент Украинадаги уруш бўйича бетараф позиция эгаллаганига муносабат билдирди.
«Тушунамиз ва бу позицияни ҳурмат қиламиз. Чунки Ўзбекистон нақадар мураккаб вазиятда эканини англаймиз... Географик ва тарихий омиллар мавжуд. Манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур. Савдо алоқалари ва сармоя... Россияда, шунингдек, меҳнат мигрантлари ҳам бор. Улар юборадиган маблағ мамлакат иқтисодиёти учун салмоқли сармоя саналади. Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масалалари бу! Биз буни тушунамиз» , – дейди АҚШ элчиси.
Жорий йил 17 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов парламентда Украинадаги воқеалар бўйича баёнот берганди.
«Авваламбор, Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Иккинчидан, Ўзбекистон – вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур» , – деган эди мамлакат бош дипломати.
А.Комилов, шунингдек, Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши, Донецк ва Луганцк халқ республикаларини тан олмаслигини таъкидлаганди.
Дэниел Розенблюм cуҳбат давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг мазкур баёнотига ҳам муносабат билдириб, уни «асосли, мантиқли, аниқ» деб атаган.
АҚШ элчиси, айни чоқда, Ўзбекистонда Россиядан келаётган ахборот таъсири кучли экани, рус пропагандасининг ёлғонларига алданмаслик учун эркин ахборот сув билан ҳаводек зарурлигини урғулаган.
Дипломат расмий Вашингтон суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик каби принципларни айрича қадрлашини яна бир карра таъкидлаган.
«Биз ҳамиша суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликни эъзозлаймиз ва ҳимоя қиламиз. Булар – дунё барқарорлиги учун ўта муҳим халқаро принциплар. Улар четга улоқтирилса, бузилса, қудратлиман деган давлат бошқасини вайрон қилади. Россиянинг Украинага бостириб киришида шуни кўрмоқдамиз. Фикримча, бу принцип Ўзбекистон учун ҳам чуқур аҳамият касб этади» , – дейди Д.Розенблюм.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 9 март куни Абдулазиз Комилов Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан музокара ўтказган эди. Мазкур учрашув якунида ҳам АҚШ томони Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига буткул содиқ эканини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter