Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ элчиси Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласига муносабат билдирди

АҚШ элчиси Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласига муносабат билдирди

Элчи Дэниел Розенблюм.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари билан жонли мулоқот қилди.

Facebook Chat давомида дипломат сиёсатдан тортиб маданият ва таълимга қадар – турли соҳаларга доир саволларга жавоб қайтарди. Қуйида дипломатнинг айрим фикрлари билан танишинг.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТга аъзолиги ҳақида

«Аввало, биз ҳамиша Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни таъкидлашни истар эдим. Суверенитет эса ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик масалаларини мустақил ҳал этмоғини англатади. Шу боис ҳам биз Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзолик масаласида қабул қилган ҳар қандай қарорини ҳурмат қиламиз. Айни чоқда, биз Ўзбекистон бу каби қарорларни қабул қилишда барча мусбат ва манфий жиҳатларни инобатга олишига хайрихоҳмиз. Негаки, бундай қарорлар келгусида суверенитет ва мустақилликка таъсир этиши мумкин. Бу борада очиқ баҳс-мунозара бўлгани маъқул.

Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) келсак, тўғри, айрим мамлакатлар икки тузилма (ҳам ЕОИИ, ҳам ЖСТ – С.С.) аъзолигини кўзлаган. Аммо  ЕОИИга аъзолик Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнини мураккаблаштириши ва узайтириши айни ҳақиқат.  Қозоғистон ҳам, гарчи кейинчалик ЖСТга аъзо бўлган эса-да, айни шундай воқеликка рўбарў келди. Энг муҳими, Ўзбекистон ўз иқтисодий тараққиёти истиқболи борасида аниқ тўхтамга келмоғи зарур –  мамлакат глобал ЯИМнинг 2 фоизига эгалик қилаётган, юқори ташқи тарифлар ўрнатилган иттифоқ таркибида бўладими ёки жаҳон иқтисодиётиннг 98 фоиз қисми билан бирга бўлишни маъқул кўрадими...»

Сўз ва фикр эркинлиги ҳақида

«АҚШ сўз ва фикр эркинлигини қатъий қўллаб-қувватлайди.  Очиқ жамият учун ушбу қадриятлар сув билан ҳаводек зарур эканига имонимиз комил. Биз журналист ҳамда блогерларга нисбатан зўравонлик ва таъқибларни кескин қоралаймиз...

Сирасини айтганда, фақат Ўзбекистон, унинг ҳукумати ҳамда жамиятгина сўз эркинлигини таъмин этишга қодир... Биз дунёдаги барча халқлар ушбу ҳуқуқдан фойдаланиши тарафдоримиз. Биз журналист мақомини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларининг касбий маҳоратини ошириш учун алмашув ва ўқув дастурларини амалга оширмоқдамиз. Бу борадаги  ишлар ўзбек журналистлари ҳамда журналистика мактаби вакиллари томонидан илиқ қабул қилинмоқда.  Маҳаллий ҳамкорларимиз қизиқиш билдирар экан, бу жабҳадаги ишларни давом эттирамиз. Айни чоқда, ҳукуматни сўз эркинлигини ҳурмат қилишга даъват этишдан тўхтамаймиз».

Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида

«Иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш Ўзбекистон ҳукуматининг бирламчи вазифаларидан саналади. Бу борада кўплаб хорижлик ҳамкорларга ёрдам сўраб мурожаат қилинган. АҚШ ҳам мазкур масалаларда мамнуният ила кўмак кўрсатишга тайёр.

Биз узоқ йиллар мобайнида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида кўплаб ишларни амалга оширдик. Бу фемерлар, хусусан, мева ва савбзавот етиштирувчиларга ҳосилдорликни ошириш, бу борада янги усулларни ўрганиш, маҳсулотлар учун янги бозорларни топиш бўйича кўмакни ўз ичига олади.  Қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистикани ривожлантириш, жумладан, маҳсулотларни мақбул нархларда сотиш мақсадида мева ва сабзавотларни сақлаш борасида ҳам талай чора-тадбирларни амалга оширдик.

Кенг маънода, биз ҳукумат билан солиқ тартиботи ва регуляторлик сиёсати каби иқтисодиётнинг барқарор тараққиётига хизмат қилувчи ислоҳотлар борасида ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз, қолаверса, тадбиркорлик, кичик бизнес ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга фаол кўмак кўрсатамиз». 

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида

«Таълим Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидан саналади. Биз яқиндагина Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги билан икки муҳим лойиҳани амалга татбиқ этишга киришдик. Биринчи лойиҳа Ўзбекистон мактабларида ахборот технологияларидан фойдаланишни кучайтириш ҳамда математика ва ўқиш предметлари бўйича таълим дастурини такомиллаштиришга йўналтирилган. Иккинчи лойиҳа доирасида эса Ўзбекистондаги 15 мингга яқин инглиз тили ўқитувчилари малакасини ошириш орқали инглиз тили таълими сифатини ошириш кўзда тутилган. Келгуси бир неча йил давомида амалга татбиқ этиладиган ушбу лойиҳалардан катта натижалар кутмоқдамиз. Мамлакат учун таълим соҳасига киритилган сармоядан ҳам  самаралироқ сармоя йўқ».

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг