Ангела Меркель: «Биз Ўзбекистоннинг ишончли шериги бўлишни хоҳлаймиз»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркелнинг музокаралари олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ангела Меркел Ўзбекистон Президентининг ташрифи узоқ танаффусдан кейинги муҳим ташриф экани, икки томонлама ҳамкорлик ривожига катта туртки беришини таъкидлади.
«Биз Ўзбекистоннинг ишончли шериги бўлишни хоҳлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун кўплаб имкониятлар борлигини кўрмоқдамиз»,- деди Германия канцлери.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган юксак ҳурмат учун чуқур миннатдорлик билдириб, германияликларни жорий йил май ойида нишонланадиган Германия Федератив Республикаси ташкил этиганининг 70 йиллиги билан табриклади.
Томонлар сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бораётгани, сиёсий мулоқотлар фаоллашаётганини мамнуният билан қайд этди.
Президентимиз Ўзбекистон Германия билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга интилишини алоҳида таъкидлади.
Музокараларда сиёсат, хавфсизлик, савдо, технология, инновация, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилиши маълум қилинди.
Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида янада яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор экани қайд этилди.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланиши таъкидланди.
Учрашувда замонавий таҳдид ва хатарлар, аввало терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши айтиб ўтилди. Афғонистонда тинчлик жараёнини тез фурсатда бошлаш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан экани қайд этилди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида конструктив мулоқот, шунингдек, давлат бошқаруви тизимининг шаффофлигига ҳамда коррупцияга тўлиқ барҳам берилишига эришиш мақсадида ҳамкорлик учун очиқ экани таъкидланди.
Томонлар инвестиция ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Ўзбекистон Президенти ташрифи арафасида ўтказилган бизнес-форумда 8 миллиард евродан зиёд қийматдаги янги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани, бошқа битимлар бўйича ишлар давом этаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, немис тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиладиган мактаблар тармоғини кенгайтириш, Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter