«Амирликнинг шайхлари ҳам бунақа жойда яшамайди». Президент собиқ амалдорларни катта ўғриликда айблади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Улуғнор туманида Андижон вилояти фаоллари иштирокида ўтган видеоселектор йиғилишида собиқ бош прокурор ҳақида мулоҳазаларини гапириб ўтди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
«Мана, бош прокурор (нашр собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров назарда тутилётганига аниқлик киритган) бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Негаки, коррупциялаштириб юборганди, ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг доллар олган. Ҳаммасини қайтариб беряпти. Битта ноинсоф ўғли – миллиардер! Ва бошқа ташкилот раҳбарлари ҳам, МХХнинг собиқ беш нафар муовини ҳам қамалиб ётибди. Ҳаммаси ўғри, қип-қизил ўғри. Қандай оғир бўлмасин, мен барибир ҳаммасини жойига қўяман.
Ҳаммаси бориб, Болтиқбўйида уй қуриб олган. Суратларини кўрсангиз, кечирасиз, Амир Темур бобомиз шунча миллатнинг раҳбари бўлиб ҳам, ундай жойларда яшамаган. Амирликнинг шайхлари ҳам бунақа жойда яшамайди. Кимнинг пули булар – халқники. Қодиров ким ўзи? Қип-қизил ўғри одам бўлган. Шунинг учун, прокуратурада 70 фоиз одам алмашди, ҳалол одамларни қўйдим. Ким хиёнат қилса, шундай йўлдан боради.
Ҳаммани кечираман, фақат ўғрилик қилмай, хиёнат қилмаса, у менинг дўстим бўлади. Ана шуни халқим билиши керак», деган Президент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter