Александр Лукашенко Ўзбекистонга қачон келиши маълум бўлди
Беларусь президенти Александр Лукашенко 12 сентябр куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади, дея хабар қилмоқда «Спутник Ўзбекистон» нашри.
Таъкидланишича, ташриф давомида икки мамлакат ўртасида 20га яқин ҳужжатлар имзоланади.
24 август куни эса Тошкент шаҳрида беларусиялик ёзувчи Якуб Колас ҳайкалининг очилиш маросими ўтказилади. Куни кеча, 22 август куни Беларусь Бош вазири ўринбосари Махаил Русий бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига келган эди.
Беларусь делегацияси 22-24 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтадиган икки мамлакат ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилишида қатнашмоқда.
Йиғилишда савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки давлат муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилиши режалаштирилган.
Беларусь раҳбари сал олдин Минск ва Тошкент муносабатлари сўнгги вақтларда фаол равишда ривожланаётганини эътироф этган ва бу ижобий ўзгаришларда Шавкат Мирзиёевнинг роли беқиёслигини таъкидлаган эди.
«Бу ўқимишли, истеъдодли раҳбар, ўз мамлакати учун истиқболларни кўра оладиган сиёсатчи», - дея таъкидлаган эди Лукашенко Ўзбекистон президенти ҳақида гапирар экан.
Ўзбекистон ва Беларусь раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг янги босқичи ва олдинга амалга ошириладиган «улкан сакраш» борасида муҳокама юритишлари кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter