ЎзМУда таълим ривожи учун «антиқа усул» ўйлаб топилибди. Қойил...
«Сазойи тахтаси»
Куни кеча ижтимоий тармоқларда бир расм «айланди»: Ўзбекистон миллий университетининг физика факультетида ўқишга кечикиб келаётганлар суратини ўзига хос «сазойи тахтаси»га илиб қўйишаётган экан.
«Физика факультетида ўқийман. Эрталаб дарсга кечикиб келган талабаларни факультетга қўйишмаяпти. Устига-устак уларни суратга олиб, эшик олдига — «сазойи тахтаси»га илиб қўйишган. Маъмуриятнинг дарсга қўймасликка ҳаққи борми? Биз контракт пулини нима учун тўлаяпмиз: дарс учунми ёки ташқарида кутиб ўтириш учунми?» дея изоҳ берилади суратга. Суратни кўргач, хаёлимга келган илк савол қуйидагича бўлди:
Шундай қилиш шартмиди?
Барчамиз болаликда севиб ўқиган «Сариқ девни миниб» асарида Ҳошимжон Рўзиевни тошбақага менгзашиб, деворий газетада уриб чиқишади. Албатта, аввало асар ёзилган давр бошқа, иккинчидан, Ҳошимжон ёш бола. Бу вазиятда эса — жаҳон университетларида ўқиш жараёнлари мутлақо ўзгача кўриниш олиб, интернет орқали таҳсил ривожланаётган даврда биз дарсга беш-ўн минут кечиккан талабани суратга олиб «мана кўринглар қолоқларни!» дея жар солмоқдамиз.
Ҳалиям таълимдаги илдизи чуқур муаммолар қолиб, ташкилий ишлар ва иккиламчи нарсаларга уриниб ётибмиз. Ўйлайманки, таълим сифати кўтарилса, талаба ўқишдан манфаат сезса, ўқитувчи уни оҳанрабодек тортувчи дарслар ўтса, юз фоиз бўлмаса ҳам, кўпгина толиби илмлар дарс қолдириш тугул кечикишни ўзларига эп кўрмасалар керак.
Ички тартиб-қоидалар нима дейди?
Ўзбекистон Миллий университети уставида талабаларга сабабларсиз дарс қолдирмаслик, кечикиб келмаслик мажбурияти юкланган. Шунингдек, бир ўқув семестри давомида сабабсиз 74 соатдан ортиқ дарс қолдириш ўқув юртидан четлатилишга сабаб бўлади. Аммо ушбу талаб ва мажбуриятлар орасида расмга олиб, барчага кўринадиган жойда илиб қўйиб, жазолаш деган қоида йўқ. Жумладан, бошқа ўқув муассасаларида ҳам. Демак, кечиккан талабаларни суратга олиб, очиқдан-очиқ уларнинг суратини жамоат жойида намойиш этиш-қонунга зид. Бунинг устига «фалон факультетни орқага тортаётган талабалар» деган тамға билан!
Буни талаба ҳуқуқининг поймол этилиши дейиш ҳам мумкин.
Дарсга беш-ўн минут кечиккан талабани ярим соат изза қилиш, жазолаш — бу унинг таълим олиш учун сарфлайдиган вақтини талон-тарож қилишдир. Бу талабада ўқийдиган жойига нисбатан салбий муносабат шаклланишига олиб келади. Ҳеч бўлмаса, эрталаб киришга рухсат бериб, дарсдан сўнг талаба билан конструктив мулоқот олиб бориш керак. Олий ўқув юрти талабаси вояга етган онгли фуқаро саналади. Унинг дунёқараши ва фикрлаши мактаб ёки коллеж ўқувчисидан фарқ қилади.
Хулоса
«Талабаларга қаттиқ туриш керак», «шундай қилмаса, дарсга ҳеч ким келмай қўяди» деган фикрлар ҳам янгради. Лекин, таълим асосини фақат қаттиққўллик ташкил этмайди. Онгли талаба авало ўз келажаги учун муҳим таълимдан мутлақо юз ўгирмайди. Талаба дарсга истар-истамас келяптими, келишни истамаятими, демак, муаммо фақат унинг ўзида эмас.
ЎзМУнинг журналистика факультетига яқинда комиссия келибди. Дарслар бошлангач, кириш эшиклари тақа-тақ беркилибди. Аммо кечиккан талабалар дераза орқали хонага киришиб, дарсда иштирок этишнинг уддасидан чиқишибди (мазкур жараён тасвирини кўриб қолдим). Хўш, кечиккани учун талабаларни киритмай, уларни таълимдан мосуво қилиб, ютамизми, ютқазамизми?
Бу гаплар билан дарсга кечикишни оқламоқчи эмасман. Таълим ўз вақтида олиниши, қоидалар ҳурмат қилиниши шарт. Аммо талабага бундай муносабат (бунинг устига «отахон» университетда) ярашмайди. Бу жамиятда тескари акс-садо бериши мумкин. Унинг ўрнига, талабани ўқитувчи келмасдан дарсхонада ҳозир бўлишга ундайдиган таълим тизими яратайлик. Талаба ҳар кунидан мамнун бўлсин. Модомики, у ҳалиям ўқув даргоҳи фаолиятидан қониқмас экан, кечикишлар, дарс қолдиришлар такрорланаверади.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter