Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Жамшид Ниёзов

Олов ёнмаган жойдан тутун чиқмайди.

5 кун олдин номаълум шахслар томонидан уйидан олиб кетилган таниқли блогер ҳамон топилмаяпти

5 кун олдин номаълум шахслар томонидан  уйидан олиб кетилган таниқли блогер ҳамон топилмаяпти

«Сотқин» фильмидан скриншот

«Facebook»да Мусанниф Адҳам номи билан танилган блогер Адҳам Олимов 2018 йил 28 август куни соат 18:00ларда Олмазор туманидаги уйидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан олиб кетилган. Шундан буён унинг қаерда сақланаётгани номаълум. Бу ҳақда «Xabar.uz»га А.Олимовнинг яқин қариндошлари хабар берди.

— Уйимизга саккиз киши келди. Шундан икки нафаригина милиция формасида эди, қолганлари фуқаро кийимида. Келганларнинг икки нафари холислар эканини айтишди. Кейинчалик ўғлимни олиб чиқишаётганларида корридорда ҳам, яна ташқарида ҳам орган ходимлари туришганини кўрдик, — дейди Адҳамнинг онаси Эльмира Бозорова.

Олимовлар Олмазор тумани Себзор даҳасидаги кўп қаватли уйда туришади. Ҳодиса содир бўлган вақтда уйда кўпчилик бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, уйга кириб келганларнинг ҳеч бири ўзини таништирмаган, унвонини айтмаган. Адҳам Олимов улардан гувоҳномасини кўрсатишларини сўраган, аммо унинг бу талаби қондирилмаган.

Ваҳоланки, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши керак.

Олимовлар хонадонига келганларнинг орасида маҳалла профилактика инспектори бўлмаган. Уй эгалари инспектор ҳақида сўрашганда, унинг касаллиги, ўрнига қўшни маҳалланинг профилактика инспектори келганини айтишиб, бегона милиционерни кўрсатишган.

Тинтувга рухсат жиноятчини яширгани учун берилган

— Орган ходимлари уйда тинтув ўтказишга прокурор санкцияси борлиги айтишиб, қандайдир қоғозни кўрсатишди. Аммо ўқишга беришмади. Ўғлим талаб қилаверганидан кейин фақат унинг қўлигагина беришди. Ўғлим ўқиб чиққач, ҳужжат билан танишгани ҳақида имзо қўйдириб олишди, — дейди Эльмира Бозорова.

Яқинларининг гувоҳлик беришича, Тошкент шаҳар прокурори томонидан берилган санкцияга кўра Адҳам Олимов қандайдир жиноятчини яширганликда гумон қилинган. Шунга асосан Олимовлар хонадонида тинтув ўтказилган. Адҳамга тегишли ноутбук ва телефон, шунингдек, унинг оила аъзоларига тегишли телефонлар, компютерлар, флешкалар ва иккита қаттиқ дискни (Hard disk), бундан ташқари, нашриёти номаълум экан дея бир неча араб тилидаги Ҳадис ва изоҳли луғат китобларини экспертизадан ўтказиш учун олиб кетишган. Олиб кетилган нарсаларнинг рўйхати тузилиб, далолатнома тузилган, аммо бир нусхаси гумонланувчига берилмаган.

Тинтув чоғида яшириб қўйилган жиноятчи топилмаган. Яъни санкция берилган гумон учун асоссиз бўлиб чиққан. Шунга қарамай ИИБ ходимлари Адҳам Олимовни уйдан олиб чиқиб кетишган. Уйдагиларига маҳалладаги профилактика инспектори идорасига бирга чиқиб қайтиб келамиз, деб айтишган. Бироқ орадан 5 сутка ўтса ҳамки, унинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.

— 5 кундан бери акамни тополмаяпмиз. Бормаган жойимиз қолмади: прокуратура, суд, ИИБ, ИИББ, Қўйликдаги вақтинчалик ушлаб туриш муассасасигача бордик. Ҳеч қаерда йўқ. Ҳеч ким аниқ бир гап айтмаяпти. Ким олиб кетган, қайси ордер билан, буларнинг бирортасини билмаймиз. Расмийлар ҳам аниқ жавоб беришмаяпти, ҳамма ўзидан соқит қилгани-қилган — дейди Адҳамнинг укаси Шоҳруҳ Олимов.

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунга кўра, фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт.

Бундан ташқари, қонуннинг 9-моддасига кўра ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда амалга ошириши керак. Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ички ишлар органларининг фаолияти ҳақида, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига бевосита дахлдор бўлган ҳаққоний ахборотни олиш ҳуқуқига эга. Бу қайсидир фуқаро эҳтиёт чораси сифатида ушлаб турилганда ёки ҳибсга олинганда бу ҳақда оила аъзоларига хабар бериши шартлигини, ОАВнинг бу борадаги сўровини қондириши кераклигини англатади.

Бироқ қариндошлари 31 августгача Адҳам Олимовнинг нимада айбланаётгани билишолмаган. Уларга уйни тинтув қилиш ҳақидаги прокурор санкцияси, ҳибсга олиш ҳақидаги бирор бир ҳужжатнинг нусхаси ҳам берилмаган.

Оила аъзолари 29, 30, 31 август кунлари ҳам маълумот олиш учун Олмазор тумани ИИБга боришган. 29 августда боришганда уларга эртага келишлари айтилган. Бироқ эртасига ҳам ҳеч қандай маълумот берилмаган. Навбатчилик постида турганлардан бири Адҳам Олимовнинг 48 соатдан сўнг телефон қилиш ҳуқуқи борлигини айтиб, кутишни маслаҳат берган. Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИБга келганда олиб кетилган буюмлар экспертизада эканини айтган.

Дараги чиқди, аммо...

Ниҳоят 31 августга келибгина оила аъзолари Адҳамнинг нимада айбланаётгани ҳақида хабар топишган. Маълум бўлишича, у милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ва милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршиликда айбланиб суд қилинган. 29 август куни Олмазор туман маъмурий судида судья Ш. Инамджанов бошчилигида ўтган суд мажлисида Адҳам Олимов энг кам иш ҳақининг бир баравари (184300 сўм) миқдорида жаримага тортилган ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

«Олимов Адхам Абдумуминович 2018 йил 28 август куни милиция ходимига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатмай, милиция ходимининг қонуний талабини бажармай, қўни қўшнилар эътиборини тортганлиги, шахсини аниклаш максадида ИИО ФМБга бориш таклиф килинганида милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатган», дейилади суд қарорида.

— Орган ходимлари уйга кириб келишганда энг аввал ўзлари қонун талабларини бузишди — ўзларини таништиришмади. Тинтув ҳақидаги ҳужжатни ҳам қайта-қайта талаб қилганимиздан кейин кўрсатишди. Ўғлимни нимада айблашганларини айтишгани йўқ. Келганларнинг ярмидан кўпи фуқаро кийимида. Бундай вазиятда «биз билан юринг» дейилса, исталган одам «қаерга, нима учун», деган саволларни бериши муқаррар. Агар шу ИИБ ходимига бўйсунмаслик бўлса, ҳа, унда ўғлим айбдор. Орган ходими ўзини таништирмай, ҳеч нарсани тушунтирмай, сўроққа тутса, аввал ўзингизни таништиринг дейиш ҳуқуқбузарлик бўлса, у ҳолда ўғлим айбдор. Аммо суд қарорида келтирилганидек, унинг милиция ходимига бўйсунмагани, шахсини аниклаш максадида ИИБга бориш таклиф қилинганида милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатгани — ёлғон, — дейди Э.Бозорова.

Суд қарорида қайд этилишича, Адҳам Олимов судда «айбига иқрорлик билдириб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини (!) баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўраган». Суд қарорида норози томонлар икки ой муддат ичида касация тартибида шикоят қилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Бироқ эътиборли томони шундаки, қарор нусхаси блоггернинг яқинларига берилмаган. Улар ҳаттоки Адҳам Олимовнинг қаерда ва неча кунга қамалганидан ОАВ орқали хабар топишган.

Мусанниф Адҳам қаерда?

Гарчи ҳалигача яқинлари Адҳам Олимовнинг қаердалигидан бехабар эсалар-да, суд қароридан бу ҳақда ҳам маълумотга эга бўлиш мумкин. Унга кўра блогер Тошкент шаҳар ИИББнинг Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонасида сақланмоқда.

«Жазо ўталганидан сўнг А.Олимовдан Тошкент шахар ИИББ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонаси фойдасига қамалганларни сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15% миқдорида, яъни 276450 сўм сақлаш билан боғлиқ харажатлар ундирилсин», дейилади суд қарорида.

Эътиборли жиҳати, Адҳамнинг укалари шаҳар ИИББга бир неча марта боришганида бундай исм-фамилияли одамни билмаймиз деб уларни қайтариб юборишган.

— Суд қачон бўлганиниям билмаймиз, — дейди Шоҳруҳ Олимов. — Акамни олиб чиқиб кетишгач келганларнинг ортидан бордик. Улар иккита машинада маҳалла профилактика инспектори хонасига эмас, тўғри Олмазор туман ички ишлар бўлимига йўл олишди. Дарвозадан ичкарига кириб кетишганида соат саккизлар атрофида эди. Тўққиз яримгача ўша ерда кутиб турдик. Навбатчиликда турганлар эрталабгача турсангиз ҳам маълумот ололмайсизлар, уйингизга қайтаверинг, дейишгач ноилож ортган қайтгандик. Суд қарорида «жазо ўташ муддати 2018 йил 29 август куни соат 00:30дан бошлаб ҳисоблансин» дейилган. Шунга кўра суд 28 август куни 20:30 дан 29 август 00:30, яъни тўрт соат оралиғида бўлган кўринади.

Қонун нима дейди?

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида ички ишлар органлари томонидан шахсларни ушлаб туриш асослари ва тартиби белгилаб берилган. Ушбу моддада қайд этилишича, ушлаб турилган шахсга телефон орқали сўзлашиш ёки адвокатига ёхуд яқин қариндошига ўзининг ушлаб турилганлиги ва турган жойи ҳақида хабар бериш, ушлаб турилган пайтидан эътиборан ҳимоячига (адвокатга) эга бўлиш ҳуқуқи, шунингдек қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқлар берилади.

Жиноят процессуал кодексининг 217-моддасига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги мажбурлов чорасини қўллаганида, бу ҳақда 24 соатдан кечиктирмасдан унинг оила аъзоларидан бирига маълум қилиши шарт. Адҳам Олимов қариндошларининг кўрсатмаларига кўра юқорида келтирилган бошқа меъёрлар сингари қонуннинг мазкур талаби ҳам бажарилмаган. Ҳибсга олинганидан кейин қарийб тўрт кун ўтганлигига қарамасдан Олимовнинг қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот йўқ.

Бу ўринда республикада қонун ҳужжатларининг бир хилда ижро этилиши учун масъул, шунингдек, ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат ваколатига эга Бош прокуратура вазиятга аралашиши ва юзага келган вазиятга ойдинлик киритиб, А.Олимовнинг уйида тинтув ўтказиш ва уни ушлаб туриш чоғида амалдаги процессуал қонунчилик меъёрларини бузган ходимларни жазолаши ҳамда фуқаро А.Олимовнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаши зарур.

Блогер 15 суткадан кейин озодликка чиқариладими?

Қариндошлари Адҳам Олимов 15 суткалик маъмурий жазони ўташ чоғида қийноққа солинаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Шунингдек, тинтув пайтида олиб кетилган ноутбуклар ва телефонлардан ноқонуний файллар «топилгани» баҳонасида 15 суткалик муддат узайтириб қўйилиши ёхуд маъмурий жазо сунъий равишда жиноий жавобгарликка ўзгартирилишидан хавфсирашмоқда.

Айни пайтда Олимовлар Адҳамнинг ҳимояси учун адвокат ёллашган. Адвокат амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояси остидаги шахснинг қаерда сақланаётганини аниқлашган киришган. Бироқ ёзма мурожаатлар — вақт талаб қиладиган жараён. Қолаверса, мустақиллик байрами муносабати билан кетма-кет беш кун дам олиш кунига тўғри келгани ҳам маълумот олишни кечиктирмоқда.

Адҳам Олимов портретига чизгилар...

Адҳам Олимов «Facebook»да анча машҳур ва 5,5 мингдан ортиқ ўқувчилари бор. У  диний-маърифий постлари билан танилган. Бундан ташқари, жамиятда бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисаларга фаол муносабат билдириб келади.

Яқинларининг маълум қилишича, у Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган ҳеч қандай ташкилот аъзоси бўлмаган. Ҳеч қандай «қора рўйхатлар»да турмаган. Уйида диний экстремистик ва ақидапарастлик, миссионерлик, жангарилик, маънавий-аҳлоқий мезонларга мос келмайдиган, зўравонликни тарғиб этадиган адабиётлар ҳамда аудио-видео маҳсулотларни сақламаган. Шу пайтгача Адҳам Олимовни маҳалла профилактика инспектори ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари бирор марта излаб келмаган.

Адҳам Олимов дунёвий ва диний билимга эга. Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Қоҳирадаги дунёга машҳур ал-Азҳар университетида таҳсил олган. 

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети