Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×

Barno Sultonova

Ozodlik qo‘rquvning yuziga tik qaray olishdir.

Олимлар ва одамлар ёхуд бизни қийнаётган саволлар...

Олимлар ва одамлар ёхуд бизни қийнаётган саволлар...

«2001 йилда британиялик тадқиқотчилар икки ҳафта ичида жисмоний машғулотларга қатнаш одатини яхшилаш устида иш бошлади. Тадқиқотга 248 нафар кўнгилли қамраб олинди», «йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ҳолатларининг 90 фоизидан ортиғи даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатларда содир бўлади...», «тадқиқотлар шуни кўрсатадики, баъзи аёллар уйдан чиқиш учун қайноналарнинг рухсатига муҳтож, бошқа тадқиқотларда эса аёлнинг қайнонаси келиннинг соғлиғи бўйича қарор чиқариш ҳуқуқига эга...» Бу тадқиқотлар бизнинг олимларга тегишли эмас. «Атом одатлар» деган китоб муаллифи Жеймс Клир ҳар бир мавзуга ўтишдан олдин одатларни ўзлаштириш устидаги тадқиқотларни мисол келтиришдан бошлайди. Шу боис китоб сизни ўзига осон жалб қилади. Масалан мана бундай: «1970 йилларда энергия инқирози ва нефт эмбаргоси пайтида нидерландиялик тадқиқотчилар мамлакатнинг энергия сарфини яқиндан ўргана бошлади».

Мақола энергия сарфи ҳақида эмас

Илм-фаннинг инсониятга фойдаси ҳақида умумий тушунчамиз мавжуд, яъни у фойда келтиради. Ана шу илм-фандан оддий одамлар қандай фойда топади? Менимча бу ҳақда бизда илмий-тадқиқот ишлари қилинмаган ёки изласам ҳам тополмадим. Мақоланинг бош мақсади ҳам илмий-тадқиқот олиб борилиши керак бўлган мавзуларнинг жуда кўплиги ҳақида. Журналистлару блогерларнинг танқид қилмаган соҳаси қолмади. Баъзида танқид мевасини берган пайтлари бўлди, лекин баъзи соҳалар ҳамон ўша-ўша. Демак, танқиднинг ўзи етарли эмас. Бизга энди ҳар бир тизимни ривожлантириш учун катта-катта илмий-тадқиқотлар керак – у тиббиёт бўладими, таълимми ёки қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқий ва молиявий саводхонлик масалаларими... Масалан бу йил қовун-тарвуз ҳаддан ортиқ кўп экилганидан далаларда қолиб кетди. Бир йили пиёз, бир йили эса карам... Балки ҳудудлар кесимида нима учун деҳқонлар бир йили қовунни, бир йили карамни басма-бас экиши ўрганиб чиқилар, балки шу тадқиқот туфайли келаси йил бир ҳудудда қовун экилса бошқа бир ҳудудда карам экилар... Чунки бундай хатолар устма-уст ҳар йили такрорланмоқда.

Нега ва нима учун... саволларга жавоб йўқ

Кўпинча бирор мақола ёзиш учун Googleга мурожаат қилсам, ҳаммаси инглиз тилида қилинган тадқиқотлар бўлиб чиқади. Ҳаттоки қайнона-келин муносабатлари 1980 йилларда хорижда тадқиқ қилинганининг гувоҳи бўлдим. Эҳтимол шу тадқиқотлар туфайли бугун улар қайнона-келин муносабатларига ечим топишгандир.

Биз эса ҳалиям нега бизда жоҳиллар кўп-а, нега бизда порахўрлик урчиб кетаяпти-а, нега қишлоқларнинг кўпида ҳали-ҳамон шароитлар оғир-а, деган саволлар атрофида айланиб юрибмиз.

Ахир энди зўравон эрларни қарғаш, жоҳил қайноналарни ёмон қайнона деб аташ, порахўру юлғучларни қачондир тешиб чиқишини кутиш абсурд...Энди нима учун зўравон эрлар кўп, нима учун кўпгина аёллар зўравонликка чидаб яшайди, ўғлини келинидан қизғанадиган қайноналарнинг руҳий ҳолатида қандай ўзгаришлар бор ёки порахўрлар нега на Худодан ва на қонундан қўрқмайди, бу ҳолатлар балки ирсият билан боғлиқдир, деган саволларга илмий жавоб топишимиз керак.

Нима учун кўпчилик ўқитувчи ёки ота-она болани урса болани ўзларига душмандек кўради, зўравонликни қўллаб-қувватлайди... Балки бошқа ижтимоий омиллар бордир? Қачонки бу мавзулар чуқур ўрганилса ечим ҳам топилади.

Қайнона-келин мавзуси – абадий мавзу

Ижтимоий тармоқларда аёллар гуруҳида аноним хатларга кўзим тушади. Жуда кўпчилиги қайнонасининг ўғлини қизғанишини, овқат қизғанишини, кўп меҳнат қилдиришини ва шунга қарамай ҳеч ҳам рўшнолик кўрмаётганини ёзади. Ва табиийки аёллар, психологлар, собиқ келинлар, қайноналар ўз маслаҳатларини аяшмайди ёки жуда бўлмаса нега шунақа ёмон қайноналар кўп экан-а, деган савол муаллиқлигича қолади. Мениям бундай қайноналар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмагани, уларнинг тарбияси ва характери нега бундай шакллангани, буни йўқотиш, камайтириш учун нималар қилиш кераклиги ҳақидаги саволлар ҳар доим қийнайди. Афсуски интернетдан ўзбекча тадқиқотларни қидириб деярли ҳеч нарса тополмадим. Шундан сўнг инглиз тилида тадқиқотларга мурожаат қилдим. Эҳ-ҳе, қайнона-келинлар муаммоси фақат бизда бор, деб ўйлаб шуниям техника асрида англаб етган бўлсак, хорижда бу мавзуга ўтган асрдаёқ қўл урилган ва бир неча тадқиқотлар олиб борилган экан. Масалан, шундай тадқиқотларга кўзим тушди: «Гана шимолидаги қишлоқларда оналар ва янги туғилган чақалоқларнинг соғлиғини тиклашда қайноналарнинг таъсири», «Малидаги оналар соғлиғини сақлашда оиладаги кучларнинг таъсири: аёллар, эркаклар ва қайноналарнинг истиқболлари», «Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларида қайнона ва келиннинг камқонлик билан яшаши», «Уй-рўзғор қарорларини қабул қилишда аёлларнинг автономияси». Кўпгина тадқиқотларда қайнона билан яшаган келинлар уй-рўзғор мустақиллиги ваколатига, эри билан муносабатига ва соғлиғини сақлашга оид қарорларга қандай таъсир қилиши ҳақида айтлган.

Ёки бўлмаса ўқитувчининг болаларни уриши, қўл кўтариши ҳақида жуда кўп муҳокамалар бўлади. Ва жуда кўпчилик биз ҳам калтак еганмиз, аммо ўлмадик, одам бўлдик дейишади. Хўш, бизнинг менталитет одамлари ургандан ўлмагандир, одам бўлгандир, лекин унда қандай руҳий жароҳатлар бўлган ва ҳаёти давомида асқотган? Масалан, яна ўша хориж тадқиқотларида айтилаяпти: зўравонликдан кейин жабрланувчилар ўзларини паст баҳолайдилар ва тенгдошлари олдида пессимистик, камситилган, уятли, изоляция қилинган, рад этилган ва ёқимсиз ҳис қилади....

Бу мавзуда хорижда юзлаб тадқиқотлар бор. Биз фақатгина хориж тажрибасига суянмаслигимиз керак. Миллат гени, ирсияти, қадриятлари, менталитети билан боғлаган ҳолда ўрганилган тадқиқотлар жуда зарур. Тасаввур қилинган, компютерни очдингиз ва ўқитувчи нега болани уради ва ундан сўнг болада нима бўлади, деган саволни ўзбек тилида бердингиз. Қани энди биз излаган тадқиқот чиқиб келса. Бу ерда учта савол бор – урган ўқитувчининг болалиги қандай ўтган, тўполон қилган боланинг оиласида муҳит қандай ва айни пайтда бу болани нима қийнаяпти? Масалан Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида ўнлаб мактабларда сўровнома ўтказилди ёки Фарғона вилояти билан солиштирилганда зўравонликка учраган болалар кўп ёки кам мазмунида тадқиқотлар борми? Хўп, ана ундан кейин жавоблар келиб чиқа бошлайди... муҳитми, об-ҳавоми, ҳатто ейиладиган таомми ёки иқтисодий аҳволми ва бунга ечим ахтарилади, топилади.

Шунчаки зўравон ўқитувчи, қизғанчиқ қайнана, ёки тарбиясиз ўқувчи деган билан нимадир ўзгариб қолмайди. (Қарғишларимиз, нафратларимиз қаердан пайдо бўлади – буям бир тадқиқот қилиниши керак аслида.)

Қандай одамга ҳавас қилиш керак?...

Интернетда машҳур ахлоқсиз бир инсон бор. Унинг сўкиниб гапириши, ҳатто қулоқчинда эшитсанг уяладиган гапларни айтишига чидаб бўлмайди... Шу мавзуни ўрганиш асносида одамлар ёзган изоҳларни ўқидим, бу ҳам мақолам учун кичик эксперимент эди. Ўша ахлоқсиз инстаграмм ва YouTube каналларида даста-даста пулларини мақтанган, кийимларини, атирларини, еган овқатларини кўз-кўз қилган. Унга ёзилган 100дан ортиқ изоҳ эгаларининг 90 нафари ўша инсоннинг яшашига ҳавас қилишган: «Яшашингизга ҳавас қиламан, қани энди шунинг 100 доллари менда бўлсайди..., сиз ўзингизни яхши кўрасиз, сизга мазза-я»... Нима учун баъзи одамлар арзимаган пул учун ҳамма нарсага тайёр? Енгилтаклик билан топилаётган пулларга ҳавас қилаётганлар ростдан ҳам муҳтожми, дангасами, ўқимаганми ёки меҳнатсиз топилган луқмани еб яшаганми?... шуни илмий-тадқиқот қилиш мумкиндир...

Илмий мақолаларнинг «тили» қийин...

2023 йил январ ойида олимлар 1600 нафар россиялик ўртасида телефон орқали сўров ўтказишди. «Фан ва технологиянинг янги ютуқлари сизни қизиқтирадими?» деган асосий саволга респондентларнинг 70 фоизи ижобий жавоб берди. Бироқ, респондентларнинг ярмидан кўпи (58%) сўнгги ўн йилликларда Россия ва жаҳон илм-фани ютуқларини номлай олмади.

Ростдан ҳам нима учун одамларимизда илмий мақолаларга, илмий шоуларга қизиқиш кам? Эҳтимол илмий тил улар учун тушунарсиздир?

Ўша тадқиқотда иштирок этган талабалар ҳам илмий материалларни ўқишга тайёр эмасликларини тан олишди, чунки улар учун аниқ атамалар, формулалар ва умуман мураккаб тилни «ўтиш» қийин эди. Кўнгиллиларнинг 46 фоизи ва илмий талабаларнинг 27 фоизи шундай жавоб берди.

Россияда ўтказилган яна бир талабалар ва кўнгиллилар ўртасида ўтказилган сўровда иккала гуруҳдаги респондентларнинг тахминан 40 фоизи илмий контент ўша очиқ саҳифаларда ва улар кўрган ёки ўқиган медиа ресурсларида кўринмаслигини таъкидлади.

Улардан илм-фан янгиликларини қаердан олиши сўралганида респондентларнинг 42 фоизи вақти-вақти билан ОАВ ва турли оммавий ахборот воситаларида фан янгиликларига дуч келишини айтишган.

Бундан ташқари, улар теледастурларни асосий манба деб аташган (сўровда қатнашганларнинг 65 фоизи бунга жавоб берган), иккинчи ўринда интернетдаги видео. Илмий билимларни оммалаштиришнинг энг «самарасиз» хусусий каналлар подкастлар, радиоэшиттиришлар ва босма нашрлар бўлди. Шу билан бирга, худди шу тадқиқот иштирокчиларининг бошқа жавобларига қараганда, ҳамма ҳам фан тарихидаги фактлардан бемалол фойдалана олмайди. Респондентлардан сўнгги 10 йил ичида турли соҳаларда эришилган энг муҳим илмий ютуқларни санаб ўтиш сўралган: тиббиёт, физика, космик фанлар, математика, кимё, янги материаллар ва бошқа бир қанча. Кейин иштирокчилар тирик рус олимларининг исмларини айтишлари керак эди. Натижада 42% бирорта илмий кашфиётни номлай олмади, 84% эса бирор олимнинг исмини эслай олмади.

Энди тасаввур қилинг, бизда шундай сўров ўтказилса қанча одамлар олимларни билади ёки илмий кашфиётларимиздан хабардор?

Яна бир тадқиқот доирасида социологлар 3000 нафар россиялик олимлардан уларнинг болалик ва мактаб йилларида фанга қизиқишлари нимада сақланиб қолгани ҳақида сўрашди: 94% илмий-оммабоп дастурлар ва фильмларни томоша қилишларини айтди, 92% илмий фантастика ўқиган, 91% илмий-оммабоп китоб ва журналларни ўқийди, 79% олимларнинг таржимаи ҳоли билан қизиқди, 72 фоизи ўқитувчилар туфайли фанга қизиқиб қолган, 58% олимлар билан мулоқот қилиш тажрибасига эга, 55% фан ва технология клуби ёки фан мактабида қатнашган. Демак, мана шундай сўровлардан кейин илмий-оммабоп дастурларни кўпайтириш кераклиги, илмий фантастик асарлар ёзилишига эҳтиёж борлиги ўз-ўзидан аён бўлади.

Олимлардан, шунингдек, илмий билимларни тарқатишда нима ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида сўрашди: илмий маърузалар, YouTube'даги видеолар биринчи ўринни эгаллади. Аммо олимлар шахсий блоглар ва оммавий мукофотларни энг кам самарали усуллар деб билишади.

АҚШликлар ўртасида ўтказилган сўровларга қараганда 54 фоиз одамлар олимларга ўртача даражада, 18 фоизи эса юқорида даражада ишонишади, 14 фоизи олимларга унчалик ишонмайди. Улардан илм-фаннинг жамиятга қўшган ҳиссаси ҳақида сўралганда 69 фоиз одамлар фан ўзларига ўхшаш одамларга фойда келтиришини айтади, 41 фоизи фан ўз мамлакатларидаги кўпчиликка фойда келтиришига ишонади, 15 фоизи илм-фан неъматларидан фақат бир неча киши баҳраманд бўлади, деган фикрда.

Бизда-чи, илм-фандан қанча одам фойдаланаяпти, ўқиб-ўрганиши учун оддий одамларга қанчалик фойдаси тегаяпти? Бугун техника замонида уларни интернетга, сайтларга жойлаштириш ва топиб фойдаланиш қанчалик осон? Биз ҳали илмий ишларнинг мураккаб тилига тўхталмадик. Модомики, илмий ишлар шунчаки тадқиқот бўлиб қолмасдан одамлар фойдаланиши учун қилинаркан, тушунарли тилда ёзилиши ҳам ўрганиб кўрилганми?

Кечикишни яхши кўришимиз ҳам бир мавзу

Нима учун биз доимо кечикиб юрамиз? Давлат миқёсидаги тадбирлардан тортиб концерт, театрларгача кеч бошлаймиз, кеч борамиз. Бу қонимизда борми?

Хориж тадқиқотларнинг бирида айтилишича, кеч қолишга шахсият ҳам рол ўйнаркан, баъзи шахсий хусусиятлар масалан виждоннинг пасайиши баъзи одамларнинг олдиндан режалаштирган вазифаларни унутишга олиб келиши мумкин. Кечикмаслик, вақтни қадрлаш борасида Германия, Швецария ва Япония халқини мисол келтириш мумкин. Улар учун вақт жуда қадрли. Агар кечикиб юрадиганлари кўп мамлакат биз бўлсак, демак виждонлилик бизда пасайиб кетган. Швецария, Германия ва Япониянинг ривожланиши, яъни уларнинг вақтни қадрлаши, шахсий хусусиятларининг етуклиги билан боғлиқ, деган хулосага келиш мумкин.

Умуман олганда бутун дунё бўйича инсоннинг (FFM) беш омил модели мавжуд. Яъни инсондаги шахсий етукликнинг беш хусусияти – невротизм, экстраверсия, очиқлик – (тажрибаларга, илмга), мувофиқлик ва виждонлилик. Хўш, бизнинг миллатда қай бир хусусиятларимиз юқори, очиқмизми ёки виждонли, эктсраверсия – (дўстлик, хушчақчақлик, қатъиятлилик) кучлидир, ёки виждонлимизми? Мана шу «Атом одатлар» китобида виждонлилик ирсиятга боғлиқ деган фикрни ўқиб қолдим. Бу мен учун эврика. Хўп мана шу бизнинг миллат одамларида виждонлилик қай даражада? Биргина мисол қанчадан-қанча болалар етим бўлиб қолаяпти, оталик инстинкти, масъулияти нега йўқ? Ёки яхши қурилмаган уйларнинг қулаб тушиши оқибатида одам ўлса, таъмирсиз йўл туфайли автоҳалокат юз берса, мактаб олдига қўйилмаган оддийгина белги туфайли бола ҳалок бўлса ВИЖДОН нега қийналмайди? Биз ишига бефарқ масъулларни виждонсиз, деб нолиганимиз билан ҳеч нарса ўзгармайди...виждонни қандай тарбиялаш, шакллантириш ва кучайтириш ҳақида илмий тадқиқотлар керак, айнан бизнинг менталитет ва миллатимизга хослиги таъминланган ҳолда.

Ёки мени шу кунларда яна бир савол қийнаяпти, нима учун қишлоқларда одамлар уйларини турли жойларга қуриб олишади, ёки нимага Тошмат уста, хотини оддий ҳамшира аммо уйини кўрсангиз ҳавасингиз келади, лекин Эшмат ҳам уста, хотини ўқитувчи уйи жуда абгор ҳолатда. Бу икки одамга ўхшаш юртдошларимиз кўп. Бугунги кунда бири меҳнатининг ортидан яхши яшаяпти, бири эса дангаса-да ёки иш йўқ, ўқитувчининг ойлиги кам деган қуруқ гап жавоби йўқ саволларни келтириб чиқаради. Илмий далил керак. Нима учун Тошмат каби одамлар қила олаётган ишни Эшматга ўхшаганлар эплай олмаяпти, уларнинг болалиги, оилавий муҳити, пулни жой-жойига қўйиб ишлатиши, гарчи жуда зерикарли эшитилсада молиявий саводхонлиги қандай бўлган? Илмий тадқиқотлар шу қадар кучга эгаки, битта саволнинг орқасидан юзлаб саволга жавоб қидиришингиз ва топишингиз мумкин. Шундай саволлардан бири боқимандалик қон-қонга сингиб кетадими ёки ғурурсизликми? Ана энди яна бир савол: ғурурни қандай тарбиялаш мумкин, миллатимизга мос бўлган тадқиқотлар борми шу ғурур, ор-номус ҳақида. Чунки одамларда ғурур ёки ор-номус қолмади, деб қўйиш билан ғурурсизларни камайтириб бўлмайди.

Қанчадан-қанча одам тирикчиликнинг айби йўқ, деб хорижда ҳар қандай ишни қилишга тайёр, аввало ишсизликни сабаб қилиб кўрсатамиз, яъни шунга ўрганиб қолганмиз, аммо ўзига ҳар қандай ишни эп кўрмайдиган одамлар ҳам бор-ку орамизда. Шу икки ҳолатни ўрганиш мумкиндир, уларнинг оиласи, болалиги, муҳити, ўқиган китоблари ёки умуман китоб ўқимаганлиги таққосланса саволларга жавоб топилар. Ёки ўша «тирикчиликнинг айби йўқ», деган мақол мотивация бераётганмикан?... Интеллектуал салоҳиятимиз қай даражада, тадқиқотларда айтилишича юморни яхши тушунган одамнинг интеллектуал салоҳияти кучли бўлади, дейишади. Биз жиддиймизми ёки юморни яхши тушунамизми?

Хуллас, бугунги кунда одамларимиз ўз шахсиятига қизиқишни бошлаган бир пайтда кўпчилик турли саволлар, фикрлар қуршовида турибди.

Ишонмасангиз, мен каби ушбу саволларни интернетга бериб кўринг: «Зўравон ўқитувчилар қаердан пайдо бўлади?», «Қайноналар нега келини билан келишмайди?», «Қовун-тарвуз далада қолиб кетмаслиги учун келаси йил нима қилиш керак?», «Зўравон эрнинг болалиги» – аниқ биламан ўзбек тилида мазза қилиб ўқийдиган бирорта илмий-тадқиқот тополмайсиз. Ана энди шу саволни инглиз тилига таржима қилиб қидиринг, хоҳлаганингизча манба бор. Яна мен тадқиқот мавзусида ажаойиб терминларга дуч келдим: маҳаллий тадқиқот, ҳудудий тадқиқот... Ҳа, ўзлигимизни англашимиз, топишимиз, ўзгаришимиз, ўсишимиз, ривожланишимиз учун бизга тадқиқотлар жуда зарур ва жуда кўп керак, яъни маҳаллий, ҳудудий тадқиқотларга эҳтиёжимиз бор.

Барно Султонова

 

 

Комментарии

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети