Уларнинг нигоҳига бир қаранг! Тошкент яқинида дайди итлар «етимхонаси» бор (фото+видео)
«Итнинг кунини бошингга соламан», «Итдек хор бўлиб ўлди», «Итнинг ўлимини топди», деган мақоллар том маънода халқимизнинг итга бўлган муносабатидан келиб чиққан бўлса керак. Шу ерда савол туғилади: нега ит хор, нега итнинг куни ачинарли бўлиши керак?
Нега итларни қадрламаслигимиз керак?
Яқинда Самарқандда итларнинг ёппасига заҳарлаб ўлдирилгани ижтимоий тармоқларда жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Минг афсуски, уларни даволаш, рўйхатга олиш ва ўз вақтида эмлаб бориши керак бўлган Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими масъуллари ушбу ҳодисани амалга оширишган.
Ҳиндистонлик сиёсатчи, арбоб Маҳатма Гандининг бир гапи бор: «Миллатнинг буюклиги ва маънавий ривожланганлиги, унинг жониворларга бўлган муносабати билан белгиланади». Ҳайвонларга муносабатда ҳам анча орқадалигимиз таассуфланарли.
Ҳозирча эса хурсанд қиладигани оз бўлса-да ҳайвонларга ижобий муносабати туфайли маънавиятлилигини исботлаётган одамларнинг ҳам учраб туриши. Тадбиркор, ўз бизнесига эга бўлган Ирода Маткаримова «Ҳаёт—Жизнь» бошпанасиз итларга меҳр-шафқат кўрсатиш уйи ташкил қилиш учун 4 йил ҳужжат йиғди. Ва ниҳоят, Қибрай тумани ҳокимлиги ер ажратди. Бошланишига уларга уй қуриш учун қимматбаҳо тақинчоқлари, ҳатто кийимигача сотди. Ҳайвонга меҳрибон бир кекса кампирнинг атаган 5000 сўмгина пули асқотган кунлар ҳам бўлди.
Ҳозир «Ҳаёт»да ҳаёт қайнайди, онасиз қолган кучукчалар учун янги туққан итлар оналик қилади, шаҳарга жониворлар навбати билан ветеринария кўригига олиб борилади. Ўзининг бизнеси, яхшигина тадбиркорлиги бўлган Ирода бошини қотириб, бировлар айтганидек бошқа иши йўқ одамдек нега эгасиз ҳайвонлар учун ана шундай лойиҳа ташкил қилди? Чунки у ҳайвонларни ўзгача меҳр билан яхши кўради. Уларнинг жони борлигини, тирик мавжудот эканлигини ич-ичидан ҳис қилади. Ҳис қиладики, ҳар бир кучукнинг қаердан қандай келиб қолганию айни пайтдаги аҳволини кўзини юмиб айтиб бера олади. 700 дан ошиқ турли зотга мансуб итларнинг ҳар бирининг ўз оти, ўз тарихи бор, ўз қисмати, ўз тақдири бор.
Ўлжага айланган Тэдди
— Тэдди бу ерга келганида итлардан қўрқарди, одамлардан қўрқарди, танасининг соғ жойи йўқ эди, — дейди Ирода. — Биз уни парваришладик, дори дармон қилдик, мана кўриб турганингиздек, орқа оёқларини боса бошлади.
Қарангки, итдан ваҳший одамлар Тэдди кичкиналигида катта кучукларни уриштириш, уларнинг қонини қиздириш учун ўлжа сифатида ўртага ташлаган, талатган экан. Тэддининг бутун баданидан қон оқа бошлагач итларнинг қони қизиган экан. Буни ҳатто тасаввур қилиш нақадар оғир.
Айниқса, уйи, бошпанаси, унга ғамхўрлик қиладиган эгалари бир кунда итдан воз кечиб кетса, жонивор қай аҳволга тушишини ҳаммаям англамаслиги ачинарли.
Холли энг ақлли ит
Улар орасида Холли жуда тарбияли ва ақлли ит экан. У ўтир десангиз ўтиради, тур десангиз туради, «дай лапу» десангиз «қўл»ини узатади. Лекин жуда хомуш. Сабаби аён – уни эркалаган, уни ардоқлаган эгаси ташлаб кетган. Уч кун ариқнинг ичида ётган. Иродага хабар беришган. Холли шу тахлит келиб қолган бу ерга.
Энди эса келган одамнинг оёқлари тагига ётиб олади, ўзингиз туриб кетмагунингизча турмайди, бошини оёқларингизга қўйганча ётаверади.
Эгасини кутаётган Белка
Кучукларнинг баъзилари алоҳида хоналарга аралаш тарзда жойлаштирилган. Каттаю кичик, ҳар замонда уришиб, талашиб кетишади. Аммо кечаю кундуз ҳайвонларга қарайдиган Вика Садикованинг «жим бўл» деган овозини эшитган заҳоти тарқалишади, жой-жойига кетишади. Шундай пайтда Белка деворга ёпишганча калласини катакдан чиқариб оларкан.
«Келганимиздан бери шу ерга чиқиб турибди, уни ҳовлига чиқармайсизларми, бошқа кучуклар ёнига», деган саволимизга, «Кичкиналигини кўраяпсизми, унга бошқалари кун бермайди, бу ер эса хавфсиз», — деди ишчилардан бири. — Қолаверса, бу унинг доимий жойи, эгасини кутади. У учун овқат муҳиммас, уни силаш керак, фақат шу керак унга».
Биз Белкани силаймиз. Хурсандлигидан боши билан қўлингизга суйкалади, осилиб турган жойидан ерга сакраб тушиб ирғишлайди.
— Ҳар шанба соат ўнда Паркент бозорининг олдида йиғиламиз. Волонтерлар, мана, кўриб турганингиздек уларнинг тагини тозалашга, сув идишларига сув қуйишга киришиб кетишди, — дейди Ирода.
Итлар ошхонаси
Сал нарироқда кучукларнинг ошхонаси. 5 та 100 литрлик катта қозонларда кўнгиллилардан икки нафари ўчоққа ўт қалашга тушиб кетишди. Бир қозонда товуқнинг каллалари, яна бир қозонда қанотлари, яна бир қозонда сўйилган молларнинг чиқит суяклари...
— Гўшт маҳсулотларини хомлигича берсаларингиз бўлмайдими, — дейман кўнгилли ошпазларга...
— Пишириб берганимиз маъқул, хом гўштда турли паразитлар бўлади. Икки марта овқат берамиз — эрталаб улар учун махсус дўконларда сотиладиган сунъий, қуруқ озиқларини, кечга эса мана бу қозонларда пишаётган овқатларни берамиз.
Бу ерга ҳар ҳафтанинг шанбасида кўнгиллилар билан турли хизмат эгалари ҳам ташриф буюришаркан. «Айниқса, имконияти чекланган, ёлғиз, меҳр-муҳаббатга зор инсонлар билан ҳамкорлик қилишимиз уларни ҳам ҳаётга қайтаради, десам муболаға бўлмайди», дейди Ирода суҳбат орасида.
Фея ва Грек кинологлар эътиборида
— Мен итларни ўрганадиган соҳада ишлайман, улардан ақлли жониворлар йўқ, — дейди Ички ишлар бошқармаси кинология хизмати кичик инспектори, сержант Қобилжон Мирзаҳмедов. — Улар билан дўстлашсангиз сизга ҳеч қачон хиёнат қилмайди. Ирода Маткаримованинг бу ишини шунчаки қаҳрамонлик дейиш мумкин. Бундан кейин ҳам биз ҳамкорликни давом эттиришимиз лозим. Айни пайтда олиб кетиш учун иккита кучукни танладик. Энди уларнинг ҳам оиласи бор. Фея ва Грек лақабли итлар энди оиламизнинг дўстига айланади.
Белканинг орзуси ушалди
Катакдан бошини тиқиб кечаю кундуз йўл пойлайдиган, фақат силашингизни истайдиган Белкага эга топилди. Женя исмли аёл уни уйига олиб кетадиган бўлди.
— Фарзандларимни олиб келганимнинг сабаби болаларда ёшлигидан ҳайвонга меҳр уйғотиш керак. Шунча итларнинг орасидан бундан ҳам чиройли, эътиборни тортадиган ёки ғамхўрликка муҳтож кучуклар кўп. Аммо Белканинг келганимиздан то кетгунимизча йўл пойлагани менга жуда таъсир қилди. У оиласи бўлишини жуда хоҳлаганини ҳис қилдим. Болаларим ҳам бир овоздан шуни олиб кетамиз дейишди. Мен келаси ҳафта яна битта кучукни олиб кетишга қарор қилдим...
Ҳа кучукларнинг олиб кетилаётгани, оиласи топилаётгани яхши, аммо бир итни олиб кетишса бу ерга ўн итни олиб келишади.
«ЗООПЛАНЕТА» дўконининг совғаси
— Шаҳарда бешта филиалимиз бор. Ҳайвонлар учун нимаики лозим бўлса шунинг савдоси билан шуғулланамиз. «Ҳаёт—Жизнь» ташкил қилинганига бир йил бўлган бўлса, иш бошлаганидан буён ҳамкорлик қилаяпмиз. Дори-дармон, озиқ-овқат, етказиб берамиз, — дейди тадбиркор Акмал Нуралиев. — Мана кучукларнинг машинамиз атрофида айланиб сакрашини кўраяпсизми, улар совға-саломлар билан келишимизга ўрганиб қолишган. Энг қизиғи, бирортаси олиб келган маҳсулотларимизни токи қўлингиз билан бермагунингизча ҳар ёққа тортқилаб кетмайди.
Рэм нега хафа?
Ирода келган кўнгиллилар, кинологлар билан ҳайвонларини таништиргач, устига шу ерда киядиган кийимини илганча ишга киришиб кетди. Биз у супуриб-сидираётган уйчага яқинлашдик. Бизга у ерда ётган кучук катакни чиқиб бузиб кетгудек жон ҳолатда ҳурди.
Ирода супур-сидиришни тўхтатиб бизга юзланди:
— Эҳтиёт бўлингизлар, энг қопоғон кучук бу, мендан бошқасини тан олмайди, — деди Ирода.
Кучук эгасининг «буйруғ»ига итоат қилганча бир четга бориб ётиб олди.
— У мендан хафа, ҳатто йиғлади, чунки мен келган заҳотим у билан кўришардим, бугун меҳмонлар билан овора бўлиб унга кечроқ эътибор берганим учун менга қайрилиб ҳам қарамади, олиб келган егуликларимга назар ҳам солмади. Уни олиб келишганида оғзи боғланган эди. Ўлдириб ташлаш керак дейишди, янги эгасини тишлаб олибди. Мен эса уни ўлдиришларига йўл қўймадим. У бўлса бу яхшилигимни унутмайди чоғи, хонасига киришга фақат менга рухсат беради, унинг кўзлари жуда маюс...
Мен эса ўйладим, бу бир итда, дейдиганлар, янаям итда қалб нима қилади деб кўрингларчи.
Ироданинг ўзи итларнинг уйчасини тозалаб юрганини кўрган тасодифий меҳмонлар бу аёл бир фирманинг раҳбари эканлигини тасаввурига ҳам сиғдиролмаса керак.
— Уч-тўрт нафар ишчиларингиз бор экан, нимага ўзингиз ишга киришиб кетдингиз, — дедим.
— Мен ҳайвонларни яхши кўраман ва қолганлар мендан ўрнак олишини истайман. Мен ҳайвонлар учун «приют» очсам-да, ўзим буйруқ бериб томоша қилиб турсам, уларни яхши кўришим қаерда қолади. Менинг меҳримни, ғамхўрлигимни ҳайвонлар биладими, йўқми буниси қизиқмас, муҳими улар мен билан, биз билан ўзларини хотиржам сезишлари...
«Уларга ҳаёт берайлик»
Унинг меҳри, ғамхўрлиги бошқаларга юқаётгани рост бўлсин. Ҳомийлар ёрдамида ҳайвонларнинг ҳозирги «уй»идан сал нарироқда қурилиш ишлари бўлаяпти. Бу ерда келгусида итлар учун янада қўшимча иситиладиган хоналар, мушуклар учун алоҳида хоналар, клиника, шу ернинг хизматчилари учун админстрация хоналари режалаштирилган. Карантин учун махсус жой, саёҳат қилишлари учун алоҳида ҳудуд ташкил қилинаркан.
Унинг бу ишларини кўрганлар ўйлаши мумкин, имконияти бор экан қийналган одамларга ёрдам берса бўлмайдими, деб.
Ирода эса шундай дейди:
— Одамлар туғилганидан давлат ҳимоясида, оила ҳимоясида. Етимхонадаги болаларга ҳам ҳомийлар керагидан ортиқ мурувват кўрсатишади. Яъни, одамлар одамлар учун ҳамиша ғамхўрлик қилади, энг бўлмаганда, инсон ўзига ўзи ғамхўрлик қила олади. Лекин ҳайвон одамнинг қўлига қарам жонзот. Унга инсон хоҳласа ғамхўрлик қилади, хоҳласа йўқ қилади. Ҳайвонни бир кунда заҳарлаб ўлдиришдан осони йўқ, аммо уларга меҳр бериш, кўчада хор-зор бўлиб юриш азобидан қутқариш ҳам бизнинг қўлимизда. Биз иккинчисини танлашимиз керак эмасми? Уларга ҳаёт берайлик...
Қаердадир ўқиганим эсимга тушди. Итларнинг қалби борлигини мутахассислар исботлашган ва шу боис қайсидир мамлакатларда уларнинг ибодатхоналарга киришига рухсат берилган.
Мен ҳам итларнинг қалби борлигига яна бир бор амин бўлдим. Тушгача 700 дан зиёд бўйи одам баробаридан тортиб, мушукдай келадиганигача бўлган итлар бизни илк бор кўриб турган бўлса-да, ташланмади, ҳурмади. Чунки улар бу ерга фақат яхши одамлар келишини аллақачон ҳис қилишган. «Приют»га кириб борганимизда каттаю кичик кучуклар бизни қандай ўраб олишган бўлса, кетаётган чоғимиз шундай тўдалашиб кузатиб қўйишди. Кўпроқ силаб юборганларингиз машинага чиқиб кетаётганимизда ҳам эргашиб ортимиздан қолмади.
Мен ижтимоий тармоқларда, ҳайвонларга меҳр шафқат кўрсатиш уйи ҳақида кичикроқ маълумот қўйганимда бир ҳамюртимиз сарказм билан шундай изоҳ қолдирибди: «Итларнинг қадрини қаранг», мен эса шундай жавоб ёзиб қўйдим: «Нега ҳайвонларни қадрламаслигимиз керак»...
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter