Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Захарова ва Захарчуклар ҳақида икки оғиз...

Захарова ва Захарчуклар ҳақида икки оғиз...

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили М.Захарованинг сўзларидан заҳар таъми келади, деб юрсак, унинг таомига заҳарни ўзимизнинг «Захарчуклар» ташиётган чоғи...

Ижтимоий тармоқлардаги рус тилида ёзилган айрим постлар остидаги ўзимизнинг ўрислар ва ўриспарастларнинг изоҳларини ўқиб, муаммо фақат Захаровада эмаслигини тушуниш мумкин. «Комментлар» ёзаётган кўпчилик руслар (балки троллар?) бизни ҳалиям бир тийинга олмаслиги кўриниб турибди. Энг ёмони,  ўзимизнинг миллий ўриспарастларимиз уларнинг гапини сўзма-сўз такрорлаб боряпти. (Атайлаб у фикрларни «скриншот» қилмадим).

Қисқаси, масала ўзбек тилини давлат тили даражасига олиб чиқиш билан битмайдиганга ўхшайди. Миллатни бирлаштирадиган ғоя ва мафкура керак. Эндиям  ҳақиқий маънода керак. Ўттиз йил яшаб, ҳали ақлимиз ва юрагимиз мустақил бўлмабди. Дунёни кўриб ҳам, кимгадир осилиб, бўлганда ҳам ўрисга боғланиб яшаш ҳисси бизни тарк этмагандай.

Болтиқбўйи ё грузинларни нима бирлаштирганини билмайман. Бизнинг ишимиз нозик. Ўзбекнинг элита ва зиёлисининг аксари ўз миллатини ҳурматга лойиқ билмайди. Аҳолимизнинг салмоқли қисми Россияда ишлайди, уларнинг қўлига қараб қолган. Ўрта қатлам ўрис тарғиботи булоғидан сув ичмоқда. Битта Itv платформасида 35 та рус телеканали, яна ўндан ошган рус тилли каналлар миямизни «ювмоқда» (Албатта бу Itv‘нинг айби эмас. Умумий ҳолатимиз шу).  Футбол ва ўнлаб кўнгилочар олтита канал орасида битта маъноли телеканал учратмайсиз. (Рус тилли мактаблар ҳамда тили ва маданиятини ривожлантириш учун Россия ажратаётган маблағлар ҳақида гапирмадим.)

Улар томонидан заҳар томганда бироз айюҳаннос солиб, кейин тинчиб кетишни бас қилиш вақти етди. Бу нотинч дунёмизда ҳар томондан келиши мумкин бўлган хавфни чуқур англаб ва келажак авлод олдидаги масъулиятимизни ҳис қилиб, узоқ муддатли ва кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилиши керак. Ўзбекни, балки бутун Ўзбекистон халқларини бирлаштиридаган ғоя ва мафкурани муҳокама қилиб, ўзимизга дастуруламал қилишимиз лозим. Миллий ўзликни англатадиган ва ғурурлантирадиган асарлар ёзиш, бадиий фильм ва сериаллар ишлаш ҳамда бундай ғояни тарқатадиган ҳамма тарғибот қиладиган воситалардан фойдаланишга бугун ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёж катта. Мактаб ўқув дастурларига ана шу руҳни олиб кириш даркор. Бунда адабиёт намоёндалари ва дин уламоларининг ўрни жуда катта. Уларнинг қалами ва сўзига нисбатан жорий тақиқларни олиш керак.  

Булардан бошқа жуда кўп ишлар қилиниши лозим. Уларнинг нима экани ва қандай амалга оширилиши борасида ҳозирдан муҳокамаларни бошлаш керак. Бунда хусусан сиёсатчи, зиёли ва дин олимларини, умуман, ҳаммани фаол бўлмоғи талаб этилади.  Давлат ташкилотларини ҳам бу муаммога эътибор қаратишларини ва ҳар бир ташкилот ўз соҳаси бўйича умум ишига ҳисса қўшишини истайди кўнгил.

Мубашшир Аҳмад

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг