Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зарафшон дарёси суви кейинги йилларда ўртача 18-22 фоизга камайиб кетган

Зарафшон дарёси суви кейинги йилларда ўртача 18-22 фоизга камайиб кетган

Зарафшон дарёси суви кейинги йилларда ўртача кўп йиллик меъёрдан 18-22 фоизга камайиб кетган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларига мурожаатида қайд этиб ўтилади.

Қайд этилишича, мазкур дарё вилоятнинг сувга бўлган эҳтиёжининг 98 фоизини қондиради. Бу сувдан фойдаланадиган аҳоли сони эса йил сайин ошиб, сув танқислиги тобора кучли сезилмоқда.

Таҳлилларга кўра, Зарафшон дарёси суви шаклланадиган қўшни давлатдаги Федченко музлигининг ҳажми охирли 50 йилда 30 фоизга қисқарган ва бу жараён тобора тезлашиб боряпти.

«Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида сув танқислиги 900 млн метр кубни ташкил қилади. Бундан 5-6 йил олдин ушбу кўрсаткич 650-700 млн метр куб эди. Сув танқислиги 2030 йилга бориб 1,1 млрд метр кубга етиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.

Бу рақамлар ҳар биримизни чуқур мулоҳаза қилишга, сувнинг қадрини англашга ва уни тежашга даъват этади», – дейди Турдимов вилоятда сувни тежаш бўйича сафарбарлик эълон қилар экан.

Вилоят ҳокими мурожаатида қайд этилишича, 2024 йил 15 мартга қадар вилоятдаги 2 543 км канал ва ариқлар (шундан, магистрал каналлар 93 км, ички каналлар 150 км, ички ариқлар 2 300 км) бетонлаштирилади. 54,8 минг гектар майдонда сув тежамкор технологиялар жорий қилинади.

«Ер ва сув ресурсларимиз кўпаймайди, уларнинг миқдори чегараланган. Шу сабабли ҳар биримиз уни асраб-авайлашимиз, келажак авлодга ҳам етказиш ўзини самарқанликман деган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи бўлмоғи лозим», – дейди Эркинжон Турдимов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг