Зангиотадаги 235 метрлик улкан антенналар йиқитилди. Нега? (фото)
Тошкент вилояти Зангиота тумани Қуёшли қўрғонида жойлашган улкан антенна мачталари бугун, 13 февраль куни йиқитилди. 2002 йилда узун ва ўрта тўлқинларда радиоэшиттиришлар тўхтатилганидан буён бу қурилмалар ишлатилмаётганди.
Улкан антенналарнинг йиқитилиши олдидан ушбу ҳудуд аҳолиси огоҳлантирилган ва барча эҳтиёт чоралари кўрилган.
«Xabar.uz»га Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан хабар беришларича, улкан антенналар жойлашган мазкур ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилади. Шу сабаб ишлатилмаётган, жисмонан эскирган ва зарурлигини йўқотган баландлиги 235 метрлик иккита антенна мачтаси демонтаж қилинди.
Зангиотадаги машҳур антенналар тарихи
Ўтган асрда радиоэшиттириш тизимлари асосан узун ва ўрта тўлқинларда, қисман қисқа тўлқинларда ташкил этилар эди. Тошкент вилояти Зангиота тумани Қуёшли қўрғони ёнидаги катта қувватли радиостанция ўз вақтида узун тўлқинларда радиоэшиттириш сигналларини тарқатишга мослаштирилган эди. Ушбу радиостанция ҳудудида ўтган асрнинг 80-йиллари бошида баландлиги 235 метрлик иккита мачталар орасига узун тўлқинларни тарқатувчи радиоантенна тизими қурилган.
Радиоэшиттиришларнинг узун (частотаси 148,5 – 408 кГц, тўлқин узунлиги 2020 – 735 метр) ва ўрта (частотаси 526,5 – 1606,5 кГц, тўлқин узунлиги 570 – 186 метр) тўлқинлар диапазонларида кенг ривожланишининг асосий сабаблари ўша даврдаги радиолампалар ва транзисторлар ёрдамида айнан ушбу диапазонларда ишловчи арзон радиоқабулқилгичларни кўп миқдорда ишлаб чиқариш имконияти бўлган. Шунингдек, мазкур диапазонларда ишловчи юқори қувватли радиоэшиттириш узаткичлари тарқатаётган радиотўлқинлар ер шари эгрилиги бўйлаб, нисбатан анча узоқ масофаларга тарқала олган.
Лекин, узун тўлқинларда 10 – 20 радиостанцияларгина ишлаши мумкин эди. Аналог сигнал сифати нисбатан паст ва турли халақитлар таъсири юқори бўлган. Натижада, дунё миқёсида узун тўлқинларда радиоэшиттириш қисқариб бормоқда. Жумладан, Украина, Арманистон, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Молдавия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда узун тўлқинларда радиоэшиттириш тўхтатилган.
Ўзбекистонда ҳам узун ва ўрта тўлқинларда радиоэшиттиришлар 2002 йилдан тўхтатилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter