Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Заҳмати – деҳқонга, роҳати – кластергами?

Заҳмати – деҳқонга, роҳати – кластергами?

Фото: «Xabar.uz»

1

Андижон туманининг «Бешпаҳлавон» маҳалласида яшовчи Нодирбек Қосимов «тиши чиққани»дан бери хонадонида бирор-бир мавсум ипак қурти парваришисиз ўтганини эслолмайди. Ҳар йили тутлар барг ёзадиган давр келдими, тамом – оиладаги катта-ю кичик то пилла қабул пунктига топшириладиган паллага қадар ипак қурти атрофида парвона бўлади.

Албатта, бир пайтлар бу юмуш эвазига тўланган иш ҳақининг чўғи баланд, рўзғорга яхшигина қўр бўлгани бор гап. Бироқ фермерлик ҳаракати бошлангач, пилладан келадиган даромаднинг йилдан-йилга баракаси уча бошлади. Шундай кунлар келдики, хизмат ҳақи миқдори ҳатто қурт боқилган хонанинг енгилгина таъмири учун ҳам етмай қолди.

Бундан тўрт йил аввал пиллачиликка алоҳида эътибор бошланибди, махсус кластерлар ташкил этиляпти, деганда «Хайрият, пиллачининг ҳам кўксига шамол тегаркан», деб умид пайдо бўлган эди. Аммо ўтган вақт оралиғида даромадни қўйинг, харажатни қоплайдиган маблағга ҳам эга чиқмагач, бор умид чиппакка чиқди. Узоққа бормайлик, ўтган йилги мавсумда ҳудуддаги фермер хўжаликларидан бири орқали қурт боқиб, тумандаги «Andijan Silk.Co» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонага 84,5 килограмм пилла топширди. Мана, бир ярим йилдирки, пулидан дарак йўқ. Жорий мавсумда эса маҳалладошларидан бири Ойсуда Исмонова касаначи сифатида рўйхатдан ўтиб, ушбу кластердан ипак қурти олган экан. Бироқ оиласидаги шарт-шароит ўзгариб, Нодирбек Қосимовга «пилламизни сиз боқиб беринг, даромади ўзингизга», дея таклиф қилди.

Нодирбек таклифга кўнди ҳамда мавсум якунида «Andijan Silk.Co» корхонасига 17 килограмм кумуш тола топширди. Аммо корхона мана шу хизмат учун арзимасгина пулни ҳанузгача тўлаб бермаяпти.

Савол туғилиши турган гап: модомики даромадини олишга кўзи етмас экан, бу оилага шунча риёзат чекиб, пилла етиштиришдан не наф?! Сабаб шуки, бугун наинки Қосимовлар оиласи, балки қишлоқлардаги у каби минглаб оилалар тут баргидан қоладиган чўпни қиш-қировда ўтин сифатида ёқамиз, дея хонадонига ипак қурти олиб киришади.

2

...Аслида сўнгги пайтларда ҳеч бир жабҳа давлатдан пиллачилик тармоғи каби катта эътибор кўрмади. Энг аввал Президент қарори билан «Ўзбекипаксаноат» номли уюшма ташкил этилди. Уюшманинг зиммасига юклатилган кўпдан-кўп вазифалари баробарида ваколатлари ҳам бир дунё. Давлат раҳбарининг 2017 йилдан бери тармоққа доир нақ бешта қарор қабул қилинди. Бу ҳазилакам гапми, ахир?

Мазкур ҳужжатларнинг пировард мақсади ипакчиликни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, тизимдаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳисобига аввало ипак қурти боқувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш, шу баробарида янги иш ўринлари яратиш, ўзбек ипаги шуҳратини жаҳон бозорида юксалтириш каби жиҳатлардан иборат. Шундай экан, Нодирбек ва унинг тимсолидаги бошқа минглаб пиллачилар турмуш тарзида нега ижобий ўзгариш кўзга ташланмаяпти? Ҳар мавсумда ҳузур-ҳаловатдан кечиб, машаққатли, ҳалол меҳнатга бел боғлаганларнинг нима учун косаси оқармаяпти? Бизнингча, мутасаддилар Президент қарорларидан ё бехабар, ёки ўз билганларидан қолишмаяпти. Кластер эгалари имкон қадар мўмай даромад топиш илинжида фермерлар ва касаначиларнинг манфаатларини оёқости қилишмоқда.

Келинг, мавжуд вазиятни таҳлил қилиб кўрайлик. Энг биринчи муаммо – фермер хўжаликларининг кластерларга шартномавий қарамлиги масаласи. Яъни, икки ўртада тузилажак шартнома шартлари асосан кластернинг фойдасига тош босади. Фермернинг «Бу битим менга маъқул эмас, бошқа кластер билан ишлайман», дейишига йўл берилмайди. Мисол учун, Андижон, Булоқбоши, Избоскан, Марҳамат ҳамда Пахтаобод туманларидаги фермер ва касаначилар фақатгина «Andijan Silk.Co» қўшма корхонаси билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Шартномалар эса туман ҳокимлари аралашуви билан кластер манфаатларига мос тарзда мажбуран тузилган.

Бунда фермерларнинг манфаатлари айтарли даражада ҳисобга олинмаган. Агротехникада бир қути ипак қурти боқиш учун 700 килограммдан 1 тоннагача барг едирилиши меъёр сифатида белгиланган. Бу миқдор ўртача олганда, йирик танали 35 туп тут ҳисобига тўғри келади.

 Айтайлик, фермер хўжалигининг балансидаги тут дарахтлари 4 қути қуртни боқишга етади. Аммо шартнома имзолаш чоғида кластер бу жиҳатни ҳар доим эътиборга олмайди: фермерга унинг имкониятларидан камида 30-50 фоизгача ортиқча режа қўйилади – дод десанг ҳам, вой десанг ҳам шу! Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, туманлар кесимида қайдадир гектарига 20 килограмм, бошқасида 40 килограмм ва ҳоказо мажбурий режа мавжудлиги ортида фермерлар кафангадо бўлиши ҳеч гапмас.

3

...Хуллас, ғалвир сувдан кўтарилган паллада, табиийки, фермер пилла режасини бажаролмайди. Чунки режани тўлиқ уддалашга ҳисобидаги тут барглари етмайди-да! Ана ундан кейин кластернинг фермер бошида қамчи ўйнатишини кўринг: шартноманинг бажарилмаган қисми учун жаримани тезда тўлаб қўй! 2018 йилги мавсумда «Andijan Silk.Co» қўшма корхонаси пилла режасини уддалолмаган юзлаб фермерлардан 9 миллиард сўмнинг нари-берисида жарима ундириб олгани, натижада жуда кўплаб хўжаликлар раҳбарлари «жарима нотўғри қўлланган», деган даъво билан кластерни судга бергани фикримизга яққол исбот.

Ахир, зарар кимга аччиқ эмас: ўша мавсумда фермерларнинг қай бири 4 миллион, кимдир 10 миллион, яна бошқаси 20 миллион сўмдан кластерга нақд пул тўлашди-да (бажарилмаган режа кўрсаткичи, жарима ундириб бўлингач, қоғозларда 100 фоиз деб акс эттирилиб, ёлғон статистика берилиши эса алоҳида мавзу!).

Имкони йўқ фермерлар эса банкдан кредит олиб, кластернинг иштаҳасини қондиришдики, уч мавсумдан буён фермерлар кластернинг «қули»га айланиб бўлишди. Ҳолбуки, Президентнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2018 йил 12 январь кунги «Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2018 йил 20 августда қабул қилинган «Республикада пиллачилик тармоғидаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 4 декабрь кунги «Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларида жойлардаги мавжуд тутзорларни хатловдан ўтказиш, тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, тут қаторлари ва тутзорларни кенгайтириш каби йўналишлар «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг асосий вазифалари сифатида белгилаб қўйилган.

Бу ўз-ўзидан пилла етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилашда мавжуд база ва имкониятлар ҳисобга олиниши зарурлигини англатади.

4

Таассуфки, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан хатлов ва имкониятлар масаласида тақдим этилаётган баландпарвоз рақамлар реал ҳаётга тўғри келмаяпти. Жойларда тут қаторлари кенгайиш ўрнига борлари ҳам қисқариб бормоқда. Айни вазиятни назорат қилиш ва тутларга қирон келтираётганларга мутасадди органлардан чора кўришни сўраш бош вазифаси бўлган уюшма эса жойлардаги ҳолатдан бехабар ёки томошабин.

Келинг, фикримизни айрим мисоллар билан дастакласак. Бўстон туманидаги «Элдорбек келажаги» фермер хўжалигининг 6 гектарлик тут плантациясидаги бундан эллик йил аввал экилган дарахтлар кексайиб, самара бермай, қуриб қолаётгани, оқибатда ипак қурти боқишда қийинчиликлар юзага келаётгани боис, фермер 2015 йилнинг февраль ойида туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғига мурожаат қилади. Мазмуни шуки, «плантацияни ёшартиришга, эскилари ўрнига янги кўчат экишга рухсат беринг».

Тегишли комиссия ҳолатни ўрганиб, ижозат бергач, кўчатлар янгиланади. Бироқ орадан тўрт йил ўтгач, 2019 йил баҳорида ҳокимлик мутасаддилари майдони 6 гектарга тенг янги плантацияни фермердан тортиб олиб, ҳеч бир сабабсиз бузиб юборишганидан пиллачиликка масъул мансабдорлар нечоғли хабардор? Ҳолбуки, фермер барча харажатларни ўз ҳисобидан қоплаб, кўчатни тутга айлантираётган эди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, нормал ҳолатдаги 1 гектар плантация 5 қути қуртни боқишга етади. Бу – хонавайрон қилинган 6 гектар тутзор яқин келажакда 30 қути қуртни пиллага айлантириши мумкин эди, дегани. Энди савол: 30 қути уруғдан ўртача қанча пилла олинади? Етиштирилган хомашёдан қанча ипак тайёрланади-ю, натижада давлатга қанча валюта келтиради? Бунинг ҳисоб-китоби мутасаддиларга ҳавола.

5

2019 йилнинг декабрь ойида Андижон вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси тайёрлаган ҳамда Андижон туманидаги ҳолат қайд этилган маълумот қўлимизга келиб тушди. Қаранг, биргина «Андижон агропилла» МЧЖга қарашли тутзорларнинг 90-контурида 12 сотих, 166-контурида 0,70 гектар, 277-278-контурларида 0,30 гектар, 376-контурида 12 сотих майдонни фуқаролар ноқонуний равишда эгаллаб олиб, бемалол қурилиш ишларини бошлаб юборишган. Айримлари ҳатто кўчиб киришган.

Айни туманга бевосита бириктирилган ҳамда асосий вазифаси тут, пилла, ипак ташвиши билан боғлиқ бўлган «Andijan Silk.Co» корхонаси раҳбарияти бу ҳолатдан воқифми? Тут плантациясини бузиб иморат солиш уч кунлик юмуш эмас, камида олти-етти ойлаб давом этадиган жараён, ахир?! Бу ҳам майли, аммо мазкур кластер «бурнининг тагида» бўлаётган номаъқулчилик, яъни айнан ўзига тегишли тутзорларнинг икки қисмида – салкам 14 сотих жойда кимлардир бемалол уй-жой ва савдо дўкони қурилишини бошлаб юборганидан бехабар қолиши мумкин эмас.

Биргина туман мисолида келтирилаётган бу далиллар ихтиёримиздаги узундан-узун рўйхатнинг йигирмадан бири ҳам эмас. Бироқ мана шу бир шингил ҳолат пиллачиликдаги асл вазият хусусида оз-моз тасаввур беришга етиб ортса керак?!

6

Соҳага доир зикр этилган қарорларда аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш мақсадида тармоқ ташкилотлари томонидан томорқа ер эгаларига 50 бошдан 90 кунлик парранда ҳамда тут кўчатлари шартнома асосида бепул етказиб берилиши қайд этилган эди. Ушбу ташаббусда «пиллакорнинг ишдан кўнгли совимасин, унинг ҳам косаси оқарсин», деган эзгу мақсад бор эди. Аммо пилла етиштириб ҳамон даромадини кутиб ўтирган касаначилар паррандани қўя туринг, хизмат ҳақини вақтида олишса, дўпписини осмонга отишади. Ҳолбуки, касаначиларга пилла пули хомашё қабул қилинаётган пайтда – тарози устида нақд санаб берилиши назарда тутилган.

Яна бир гап. Давлат раҳбарининг 2018 йил 20 августда қабул қилинган «Республикада пиллачилик тармоғидаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг таклифига кўра, уй шароитида пилла хомашёсини қайта ишлаш, хом ипак ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш фаолияти билан банд бўлган шахсларга қатор имтиёзлар белгиланган. Демакки, одамларга уйда ўтириб наинки пилла етиштириш, балки уни ипакка айлантиришни ўргатиш, тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мутасаддиларнинг бош вазифаларидан бири.

 Не дейсизки, Андижонда бирор оила ўз хонадонида ипак ёки тайёр маҳсулот етиштиришни йўлга қўйибди, деган янгиликни эшитмадик ҳам, кўрмадик ҳам. Ваҳоланки, қарорнинг айни бандида жамиятимиздаги энг нозик масала – ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришдек эзгу мақсад кўзда тутилган бўлса, не ажаб?

7

Дарвоқе, шартномавий қарамлик хусусида сўз очган эдик. Айни ҳолатни кластернинг фақатгина фермерлар билан эмас, балки касаначилар билан муносабатларида ҳам кузатиш мумкин. Айтайлик, Эшмат Тошматов касаначи сифатида корхона билан ҳамкорлик қила бошлади. Пилла тарозига қўйилиб, лаборатория таҳлилидан ўтказилгач, топширилган ҳосилнинг қанча қисми биринчи, қанча қисми иккинчи, учинчи ёки тўртинчи навларга, яна неча килограмми навсиз пилла ёки қорапўчоққа ажратилгани топшириш-қабул қилиш далолатномасида акс эттирилиши биринчи қоида ҳисобланади. Бусиз даромадни чиқариб бўлмайди.

Бироқ кузатувларимиз ва қўлимиздаги далолатнома нусхаларида маҳсулотнинг умумий оғирлигигина акс этган, холос. Ҳужжатнинг қолган бандлари очиқ қолдирилмоқда. Хулосаки, на касаначи, на фермер топширган хомашёсининг неча фоизи қайси навга қабул қилинганини ҳам, аслида ҳақиқий даромади қанча эканини ҳам ҳеч қачон билмайди.

8

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган йили жаҳон бозорида ўзбек ипагининг 1 килограмми 38-40 доллардан сотилган. Ҳисоб-китобга кўра, 2 килограмму 800 граммгача пилладан 1 кило ипак олинади. Уюшма бу йил кластерларга пилланинг харид нархи учун фермер ва касаначиларга ўртача ҳисобда ҳар килограммига 20 минг 400 сўмдан пул беришни тавсия этди.

 Демак, ҳисоб-китоб қилсак, 1 килограмм пилла кластерларга камида 14 доллардан зиёдроқ даромад келтирмоқда. Уни минг машаққат ва заҳматда етиштирган қўли қадоқ деҳқон эса топширган ҳар килограмм пилласи учун бор-йўғи 2 долларга (20 минг 400 сўмдан) эга чиқяпти. Энг ёмони, аслида харажатларни учма-уч қоплашга-да етмайдиган бу маблағ ҳам ўз вақтида эмас, аксинча минг бир сарсон-саргардонлик, асаббузарлик, айрим ҳолларда ҳуқуқ идораларига арз битиш ёки интернетда овоза қилингандан сўнггина деҳқоннинг қўлига тегмоқда.

9

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов қаламига мансуб «Матмусанинг уйланиши» номли шеърни ўқигансиз. Шоир ҳажвий асар қаҳрамони – «Ҳайъатларда кеккайиб, «биз ундоқ, биз бундоқ», деб яйраб-сайраб юрган» Матмуса тимсолида ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатини эслатади: «Алқисса, шу – баъзида шундай бўлиб қолади, биров қилиб меҳнатни, биров обрў олади».

Бугун ипакчилик тизимидаги айрим мутасаддиларнинг иш тутумини ҳам Матмусанинг хатти-ҳаракатларига қиёсласак, биров ёқамиздан олмаса керак?!

Нима дедингиз?

Нурилло Нўъмонов, журналист

(Манба: «Ishonch.uz»)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг