Юртимиздаги тижорат банклари раҳбарларига Халқ банки тажрибаси ўргатилди

28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигида юртимиздаги тижорат банклари раҳбарлари иштирокида «Тижорат банклари фаолиятида истиқболли ривожланиш йўналишларини белгилаш ва амалга оширишда акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан тўпланган ижобий тажриба» мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинар банк фаолиятида истиқболли ривожланиш йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш, жумладан мазкур йўналишда АТ Халқ банки томонидан тўпланган ижобий тажрибаларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда устав капиталида давлат иштироки мавжуд 13 та банкнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Иштирокчиларга АТ Халқ банки Бошқаруви Раиси ўринбосари Фарҳод Саламов охирги тўрт ой ичида Халқ банки томонидан амалга оширилаётган янгиликлар хусусида маълумот берди.
«Халқ банки мижозлари ҳисоб рақамидаги маблағларни «Интернет банкинг» ва «Мобиль банкинг» хизматлари орқали банк иштирокисиз ўтказиш имконияти яратилди. Шу билан бирга, мижозлар ўз ҳисоб рақамидаги маблағларни Халқ банки мижозларига 24/7-режимда, узлуксиз, дам олиш кунлари ҳам ўтказиш йўлга қўйилди. Шунингдек, банк мижозлари эндиликда «банкда ресурс йўқ» деган ҳолатларга дуч келмаслиги, яъни мижоз ўз ҳисоб рақамидаги маблағларни исталган пайтда тасарруф этиши мумкин. Бунда Халқ банки мижози ресурс билан боғлиқ ҳеч қандай муаммога дуч келмайди»,-дейилади хабарда.
Юқорида қайд этилган АТ Халқ банки тизимида йўлга қўйилган янги тажрибалар устав капиталида давлат иштироки мавжуд банклар фаолиятида ҳам тадбиқ этиш бўйича тавсиялар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter