«Юпатиш операцияси». Қашқадарё вилояти ҳокимлигига очиқ хат
![«Юпатиш операцияси». Қашқадарё вилояти ҳокимлигига очиқ хат](https://static.xabaruz.com/crop/9/8/720_460_95_988651587.jpg)
Мартнинг иккинчи ярмида карантин бошланиши биланоқ оилам билан қишлоққа кетдим. Ота ҳовли Шаҳрисабз тумани Пахтакор маҳалла фуқаролар йиғини Янги қишлоғида жойлашган. Чироқчига чегара, туман марказидан 14 километрни ташкил қилади. Йиғинга уч қишлоқ қарайди – Янги қишлоқ, Хонобод, Нушкент. 6400 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Бугунги куннинг муаммолари – ижтимоий объектлар, сув, йўл, коммунал хизматлар бу ерга ҳам бегона эмас. Ичимлик сувини одамлар амаллаяпти, суюлтирилган газ тарқатилади. Лекин ижтимоий масалаларга келганда, ечим топиш қийин кечмоқда.
Бу қишлоқдаги масалалар бот-бот марказий оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ёритиб келинади. Икки йил аввал Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида «Қачон обод бўласан, қишлоғим?», xabar.uz сайтида «Раҳбарлари «қилт» этмаса... Шаҳрисабздаги «муаммоларга кўмилган» қишлоқ ҳақида» каби мақолалар, ижтимоий тармоқларда бир неча маротаба чиқишлар қилинган. Март ойида трансформатор масаласида туман ҳокимлиги ахборот хизмати қишлоқ аҳоли пунктлари кўчаларини жорий таъмирлаш бўйича режалатирилган дастлабки манзилли дастурига кўра Нушкент қишлоғининг 1,0 кмлик ички йўлларни асфальтга ўтказиш белгиланганини таъкидлаган эди. Хуллас, бу танқидларга на туман, на вилоят ҳокимлиги эътибор қаратди.
Туман ҳокимлиги эшигини чертиб борган мурожаатчилар қарийб уч йилдирки, қуруқ қайтади.
Мурожаатлар бўйича ўтказилаётган йиғилишлар шунчаки хўжакўрсин учун ташкил этиладиганга ўхшайди. Сценарий бир хил – тўртта сектор аҳолини қабул қилади, муаммолари ёзиб олинади, ўрганиш топшириғи берилади. Жараён ҳар тарафдан суратга олиниб, сайтлар ва ижтимоий тармоқларга жойланади, ҳисобот қилиб тикилади, экранда ёритилади. Дастур бўйича қилинаётган бир-икки иш намуна сифатида давлат телеканалида узатилади. Бўлди, қолган иш туя гўштини еб ётаверади.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг январь ойида Тошкентда яшаб, ижод қилаётган ижодкорлар билан учрашувидан руҳланиб, қишлоғимизнинг туман миқёсида ҳал қилинмаган муаммоларини кўтариб, қабулига кирмоқчи бўлдим. Май ойи бошида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовга бу ҳақда маълум қилдим. Ўша пайтда мамлакатимизда карантин чоралари авжида, камига Сардобада сув тошқини юз берган палла эди, табиийки, вилоят ҳокимини топиш амримаҳол. Шу сабаб ҳам ахборот хизмати раҳбари муаммони тўғридан тўғри туман ҳокимининг ўзига юборибди. Ўз навбатида туманнинг ўша пайтдаги ҳокими Исроил Амонов масалани ўрганиш учун матбуот котиби Сарвар Примов билан бирга 16 май куни уйимга келди. Унга қуйидаги муаммоларни айтдим.
Гап шундаки, қишлоқда ёзга келиб, ҳар йили томорқа суғориш қийинлашади. Қишлоқ Қашқадарё ва Танхоз дарёлари ўртасида жойлашган. Ундан ташқари, қишлоқнинг қоқ ўртасида Сандал канали оқиб ўтади. Бир неча йилдан бери аҳоли сувга муҳтож. Ўтган йили қишлоқдошларим вилоятнинг олдинги ҳокими Зафар Рўзиев билан учрашган. Учрашувда қишлоқ аҳли ёзда томорқани суғориш учун энг оғир палла экани, ғўзага сув чиқариш важи билан қишлоққа экин суви етишмаётганини айтишган. Вазиятни вилоят ва туман сув хўжалиги мутахассислари ўрганиб, каналдан насос орқали сув чиқариш имкони борлигини айтишган. Фақат қишлоқ аҳли насос ўрнатиладиган ергача электр тортиб беришса бўлди, қолган лойиҳалар тез орада битиши маълум қилинган. Лекин ҳаммаси ўз ҳолича қолиб кетган.
Шу ўринда айтиш керак, Янги қишлоқда 416 хўжалик истиқомат қилади, асосий даромад томорқадан. Фермерлар каналга насос ўрнатилишига рози. Фақат амалий иш қолган, холос.
Ушбу канал юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига яна бир муаммони юборган эдим. Қашқадарё ўзани остидан ўтувчи канал туннели кучли сел оқими келгани туфайли деярли очилиб қолган. Ушбу каналнинг аграр соҳа учун стратегик аҳамиятли эканини ҳисобга оладиган бўлсак, айни пайтда унинг аҳволи таъмирга муҳтож. Ҳозир харажатдан қочилса, кейин бу чиқим икки бараварга ортиб кетиши эҳтимоли йўқ эмас. Айтишларича, туман сув хўжалиги бундан ўтган йил воқиф бўлишган. Аммо маблағ йўқлиги учун ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Шу муаммони ҳам мурожаатимга тиркаган эдим.
Иккинчидан, қишлоққа врачлик пункти керак. Аҳоли сони кўп. Шу йилнинг январь ойида тахминан ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган тураржой учун қурилган мослаштирилмаган врачлик пункти биноси ёниб кетди. Аслида ҳам авария ҳолатида эди.
![](https://xabar.uz/static/uploads/28/720__J6iWO2soX3ua46SbyOfeHk4DHZKIPehW.jpg)
Айни пайтда соғ қолган жиҳозлари билан яна ўша ўтган аср ўрталарида қурилган почта биносида жон сақлаб турибди. Аҳолининг бу ҳақдаги мурожаатлари ҳам қаноатлантирилмаган. Туман тиббиёт бирлашмасининг 21 февралдаги хатида бундай қурилишлар маҳаллий ҳокимият маблағи ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган. Туман ҳокими билан аҳоли вакиллари шу масалада қайта-қайта учрашган, аммо ҳоким уларга маҳаллий бюджетда маблағ йўқлигини айтиб, рад жавобини берган.
Қишлоқда терапевт, гинеколог, педиатр, стоматолог, бундан ташқари, ўрта тиббиёт ходимлари ниҳоятда кўп. Ўзига яраша кексалар, ногирон ва ёлғиз оилалар бор. Уларга қаровчи сифатида ишга қабул қилиниб, бириктириб қўйилса, қанча одам иш билан таъминланган бўларди.
![](https://xabar.uz/static/uploads/28/720__dXNH5dmS24hlSXi5izs2FmoTZT7lEsZm.jpg)
Учинчидан, «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғини идораси ва 34-мактабгача таълим муассасаси ўта таъмирталаб. Маҳалла идораси ҳам собиқ колхоз биносида жойлашган. Хароб аҳволда, кўриб хафа бўлиб кетасан киши. Нураган деворлару, туси кўчган стол-стулларда ишлаётганларга балли, дейсан! Болалар боғчаси ҳам эскилигидан ташқари сиғими ниҳоятда кам – 90-100 болага мўлжалланган. Ваҳоланки, 500-600 нафар боғча ёшидаги бола шундай муассасада тарбияланишга муҳтож. Энди сўнгги йилларда мактабгача таълимни ривожлантириш ҳақидаги баралла айтилаётган гап-сўзлар фонида бу боғчанинг кўриниши қоғозда бору амалда йўқ, деган қарашга олиб келмайдими?!
Яна бир масала – маҳаллага қарашли Нушкент қишлоғи йўллари ҳам сўнгги марта яна ўша 90-йиллар нари берисида асфальт қилинган. Ҳозир ёзда чанг-тўзон, қишда лой йўлда юришга тўғри келяпти.
![](https://xabar.uz/static/uploads/28/720__dQibTBvauFdkSydPBj7pFIzT6hZEaVsO.jpg)
Тасаввурида собиқ иттифоқ давридаги бунёдкорликлар қотиб қолган аҳоли бонг уриб айтилаётган ислоҳотларга ишонадими? Одамлар орасида нима учун собиқ иттифоқ яхши эди, дейдиганлар ҳанузгача топилиши сабаби ҳам шу эмасми?! Чунки улар ўзларидаги ўзгаришни ҳали сезишгани йўқ.
Туман ҳокимига қишлоқдошларимнинг ўтган йили қилган мурожаатига айрим масалалар 2020 йилги дастурга киритилади, дейилган экан. Бу йил эса 2021 йилга киритилади, деб жавоб беришибди. Катта эҳтимол билан кейинги йил мурожаат қилинса, 2022 йил аниқ киради, дейишларига шубҳа қилмайман, дедим.
Қишлоққа сув чиқариш масаласи бўйича Шаҳрисабз тумани ҳокими И.Амонов билан гаплашганимда, ҳали ҳам лойиҳа тайёр бўлмагани аниқланди ва туман сув хўжалигига икки кун муддатда лойиҳани тайёрлаш топшириғи берилди. Орадан қарийб уч ярим ой ўтяпти ҳамки, жараён осилган ҳолда турибди. Яна ғўза мавсуми бошланиб тугаб кетди, одамлар ҳануз сув танқислигига учраяпти, кутиш эса давом этяпти.
Бутун мамлакатда бўлгани каби Пахтакор маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам олий маълумотли ишсиз ёшлар Россия қурилиш объектларини гуллатиб юрибди. Ҳудудда бирорта ишлаб чиқариш корхонаси, ҳатто аёллар учун бирорта иш билан таъминловчи муассаса йўқ. Туман марказида ишлаш олислик қилади, иш сўраб борилганда ҳам жой топа олмайди. Бу масала чуқур тадқиқ этилиши, моҳияти ўрганилиши, ечим топилиши учун чора излаш керак. Масъул ходимларнинг эса, назаримда, қўли калталик қиляпти.
Қарийб бир соатлик суҳбатдан сўнг, Исроил ака қишлоқ врачлик пункти учун маҳаллий бюджетдан пул топиб бериши, каналдан қишлоққа сув чиқариш учун Сув хўжалиги вазирлигининг рухсати, мактабгача таълим ташкилоти қурилиши учун Мактабгача таълим вазирлигининг маблағи зарурлиги, булар маълум вақт талаб қилишини таъкидлади. Ички йўллар таъмири туман зиммасида экани, йил охиригача қишлоқдаги 1,2 км.лик ички йўл таъмирлаб берилишини ваъда берди. Шу куннинг ўзида ёниб битган врачлик пунктига туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Илҳом Шароповни чақирди. Лойиҳа қилиниб, тез орада қурилиш бошланишига келишиб олдилар.
![](https://xabar.uz/static/uploads/28/720__IKl2nP3PXPOGvLbtGdiewJr-Axve_abb.jpg)
![](https://xabar.uz/static/uploads/28/720__1QpTDTKjgNFX5YuCarFBSY2MOEcb85LZ.jpg)
Мен масъул ходимларнинг мурожаат юзасидан ваъдасини «Юпатиш операцияси»га ўхшатаман. Дейлик, бемор оғриқ билан олдингизга келди, сиз уни даволай олмайсиз, лекин юпатишни биласиз. Тамом! Хаста одам олдингиздан хурсанд чиқиб кетади.
Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. Ушбу муаммоларни ўша пайтда Фейсбук саҳифамга ва Халқ билан мулоқот гуруҳига ҳам жойлаган эдим. Уни вилоят халқ қабулхонаси назоратга оламиз, деб белгилаб қўйган эди.
Май ойи ўрталаридаги ушбу учрашувдан сўнг журналистлигим учун вилоят (А.Содиқов) ва туман ахборот хизматлари раҳбарлари (С.Примов)га бир неча бор жараён қайси босқичда эканини сўраб мурожаат қилдим. Ҳамкасбларим бора-бора гапларимга пинагини ҳам бузмай қўйишди. Шунда билдимки, гарчи амалда ҳоким маслаҳатчиси ҳисобланса-да, уларнинг қўлидан ҳеч вақо келмас экан.
30 июль куни Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Шаҳрисабз тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Исроил Омонов вазифасидан озод этилди ва унинг ўрнига Муборак тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётган Ҳасанов Самад Аҳатуллаевич тайинланди. Йиғилишда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев сўзга чиқиб, туманда амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигини таъкидлади. «Айниқса, фуқаролар мурожаатлари, таълим тизими, йўллар, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва экспорт масалаларига умуман эътибор қаратилмаган», — дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида. Маълум қилинишича, тумандаги 30 та мактабда иситиш тизими йўқ, 6 таси таъмирталаб. Мактабгача таълимга қамров 47 фоизни ташкил қилади.
Мен бу орада Тошкентга қайтиб келган эдим. Янги ҳоким ишни қандай суратда бошлаганини билмайман. Қишлоқ оқсоқоллари яна ҳоким қабулига боришади, ваъда берилади. Ҳатто Самад Ҳасанов телефон рақамларини ҳам берган – бирор муаммо бўлса, тўғри ўзига чиқишларини таъкидлашган. Улар рақамни менга беришди. Аммо бу рақамлар «тармоқда мавжуд эмас». Мен келтирган муаммолар ҳамон сиртмоқда осиғлигича турибди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи соҳада ишлаган масъул раҳбарнинг ишни халқни алдашдан бошлаши нечоғли тўғри?!
Бир нарсага амин бўласан киши: мурожаат қилган тўртта одамни алдаб, йўлга сололмаган ҳоким раҳбар эмас-да... Шундай эмасми? Яна бир гап: ҳокимлар алмашса, муаммо ҳам ўша одам билан бирга кетади. Янгисига яна қайтадан тушунтириш керак. Кулгилими? Механизм бўйича топшириқ қоғозга муҳрландими, ким раҳбарлик қилишидан қатъи назар жараён келган жойидан давом этиб кетавермайдими?
Хуллас, ҳақ-ҳуқуқини билган одам мурожаат қилиб, натижага эришмаяптими, оддий халқнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Бунақа «юпатиш операциялари» бундан кейин ҳам шу алфозда давом этаверадими?
Фазлиддин Сатторов,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter