Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юк машинаси ҳайдовчисидан рок-н-ролл қиролигача

Юк машинаси ҳайдовчисидан рок-н-ролл қиролигача

Машҳур қўшиқчи Элвис Аарон Пресли саҳнага чиқишидан аввал Мемфис шаҳридаги электр компаниясида юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаганини билармидингиз? Ўша пайтда ҳеч ким бу йигит Америка маданиятини бутунлай ўзгартиришига ишонмасди.

1953 йилда Элвис Sun Records студиясига кириб, онаси учун оддий қўшиқ ёздирмоқчи бўлади. Лекин бу ижод маҳсули нафақат қўшиқ, балки бутун бир даврнинг севимли синглига айланади.

Элвис Пресли нафақат қўшиқчи, балки кино актёри ҳам эди. У 30 дан зиёд фильмда роль ижро этган. Саҳнадаги ҳаракатлари ва юракни ларзага соладиган овози Элвисни бир неча авлоднинг иконасига айлантирди.

Элвис Преслининг сири фақат овозида эмас, балки шахсиятида ҳам эди. У афроамерикаликлар мусиқаси — блюз, госпел ва жанубий кантри жанрларини ўзида уйғунлаштириб, бугунги поп ва рок мусиқасига пойдевор қўйган. Элвиснинг саҳнадаги кийиниш услуби — ялтироқ костюмлар, баланд ёқали пиджаклар ва оқ туфлилар бутун бошли модага айланган.

Шунингдек, Элвис АҚШ армиясида хизмат қилади ва Германияга борган пайтида бўлажак рафиқаси Присцилла билан танишади. Унинг ҳаётини муҳаббат, шон-шараф ва шахсий драмалар билан тўлиб-тошган ҳақиқий ҳикоя дейиш мумкин.

Элвис Преслининг мўъжизавий карьерасига қарамасдан, ҳаёти фожиали якун топган — у 1977 йилда 42 ёшида вафот этади. Лекин Грейсленддаги уйи ҳалигача минглаб мухлисларни ўзига жалб қилади. Бугунги кунда Элвис Пресли нафақат мусиқа тарихи, балки Американинг маданий юраги сифатида ҳам ҳурмат қилинади.

Нурбек Алимов

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг