Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги йиғилишда нималар муҳокама қилинди?
14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида шошилинч матбуот анжумани ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. «Xabar.uz» манбасининг маълум қилишича, «Ўзбекистон — диний маърифат ва қадриятлар юрти» деб номланган тадбирни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов олиб борган.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ўзбекистон Президенти томонидан диний соҳага берилган имкониятларни санаб ўтиб, муқаддас қадамжолар обод этилаётгани, турли ҳудудларда очилган 5 та олий диний мактаб ва юртимиз бўйлаб ўтказилаётган Қуръон мусобақаси ҳақида алоҳида тўхталган. Яқин кунларда ўтказиладиган Қуръон мусобақасининг республика босқичини ташкиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси тасдиқланиб диний идорага юборилганини маълум қилган.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий Усмонхон Алимов сўзга чиқиб, ҳукумат тарифидан мусулмонларга яратиб берилган имкониятлардан хурсанд бўлиш билан бирга бунинг шукронасини ҳам қилиш лозимлигини эслатди. Масжидлар очилаётгани ва одамларнинг талабига кўра уларнинг сони 2050 тадан ошганини (бунгача масжидлар сони 2042 та эди), Қуръон мусобақаси ўтаётгани, Чилонзордаги қурилиши битмаган масжиднинг қурилиш ишлари охирига етказилиб, унга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилиши каби хайрли ишларни бир-бир санаб ўтди.
Муфтий ҳазратлари панд-насиҳат мазмунига йўғрилган нутқида илм аҳли ва барча мусулмонлар чиройли ва ҳикмат билан бошқаларга динни, хабарни етказиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. «Вазиятни аниқ била туриб нохолис ахборот тарқатиш ўта адолатсизлик, ҳозир бунақалар кимнинг тегирмонига сув қуяётганини билмайди, хориждаги фитначи ОАВларнинг иши фитна-фасод, лекин ўзимиздаги сайтларнинг бу ишга бош қўшаётгани хатарлидир, буларга вақтида жавоб бериб чорасини кўриш керак», — деб айтган Усмонхон Алимов. Унинг айтишича, «интернетда тарқатилаётган, динимиз йўлида юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлардан камчилик излаб нотўғри талқин қилиш фитна келтириб чиқаради».
Муфтий ҳазратлари нутқини якунлагач, Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров сўзга чиқиб, марказнинг бошқарув штати, асосий ходимлари шакллантирилганини маълум қилди. Ислом цивилизацияси маркази учун хориждан юртимизга оид осори атиқалар, қўлёзмаларни олиб келиш, нусхаларини яратиш билан боғлиқ сафарлар тўғрисида ҳисобот берди. Бундан ташқари, аҳолидан ноёб тарихий нарсалар тўплана бошлагани ҳақида ҳам гапирди.
Анжуманда сўзга чиққан Ислом академияси ректори Н.Иброҳимов ҳозир юртимизда диний соҳада тарихий ишлар кетаётгани ҳақида мисоллар билан гапирди. Орадан юз йил ўтиб диний-маърифий соҳага кенг йўл очиб берилганини айтди. «Агар имомлар хоҳласа, уларда илм, салоҳият етарли, биз мавзу бериб, илмларини (илмий иш сифатида) ҳужжатлаштириб, уларга доктор унвони беришни ўйлаяпмиз», — деди. Ҳозир академияда ўқиётганлар, илмий иш қилаётганларнинг илмий салоҳиятига баҳо бериб, камчиликларини санаб ўтди. «Тадқиқотчилар бизга илмий иш қилишга тайёр бўлиб келадиган тизим қилишимиз керак, яъни мактаб, мадраса, маъҳад, магистратурада ҳамма зарур фанларни, тилни тўлиқ биладиган мутахассис бўладиган таълимни ташкил қилишимиз керак», — деди. Изланувчилар хорижий тилларни яхши билмаслигини таъкидлади.
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Ш.Зиётов Олий аттестация комиссияси рўйхатига кирган Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги «Имом Бухорий сабоқлари» журналини инглиз, рус, араб, ўзбек тилларида чиқариш учун халқаро келишувга эришилгани тўғрисида гапирди. Айни пайтда қурилиши якунланаётган марказни жиҳозлаш ва унга зарур воситаларни олиб келиш бўйича ишлар олиб борилаяпти.
Имом Термизий илмий тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов сўзга чиқиб, марказда 8 та ходим, шундан 4 таси Тошкентда, 4 таси Сурхондарёда ишлашини айтиб ўтди. У марказ фаолияти ҳақида тўхталаркан, бунда имомлар кўмагига ҳам суянишини таъкидлади. «Имомлар тайёр олим бўлиб, улар билган нарсани бошқалар билмаслиги мумкин. Уларнинг нутқи равон, аммо икки қатор нарсани ёзиб бера олмайди. Шунинг учун мен Самарқанддаги Имом Бухорий номидаги имомларни қайта тайёрлаш марказида ишлаганимда имомларнинг тайёрлов курсини якунлаётганда диплом ёзиб топширишини жорий қилдим. Мана, натижа бўлди, ҳозир қайси канални қўйсанг, имомлар булбулдай сайраб ётибди. Кўриб, бу натижаларда менинг ҳам ҳиссам бор деб кўнгилдан ўтказаман», — деди. У, шунингдек, марказнинг халқаро алоқалари ҳақида гапирди. Убайдулла Уватовнинг маълумот беришича, Саудия Арабистонида жойлашган информация ва араб-рус тадқиқотлар маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, шу марказ билан биргаликда 16 апрель куни Тошкент ислом университетида «Имом Термизий илмий меросининг ислом тамаддуни ривожидаги аҳамияти» мавзусида илмий семинар ўтказилади.
Анжуманда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ҳам сўзга чиқиб, ҳадис ва калом илми олий мактаблари фаолияти ҳақида гапирди. Олий мактабларда ўтиладиган фанлар, яратилган имкониятлар тўғрисида маълумот берди. Айни пайтда имомлардан иборат тингловчилар 350 та ҳадисни ёд олганини алоҳида таъкидлади.
Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Мирзо Кенжабек сўз олиб, бир нечта таклифларни ўртага ташлади. Диний идоранинг Уламолар кенгаши талабларга умуман жавоб бермаслиги, таркибни мутахассис уламолардан тузиш кераклигини айтиб ўтди.
«Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига алоҳида бино ажратиш пайти келди. Ҳозир бу билим юртининг ётоқхонаси, яшашга шароити йўқ. Мана неча йиллардан буён талабалар ўз ўқув биносига эга бўлмагани учун турли жойларда — Олимпия масжидида, Ўрикзорда ўқиб юрибди. Ўқитувчи аёлларга, керак бўлса, оиласи билан турадиган алоҳида ётоқхоналар бериш каби масалаларни ҳал қилиш керак», — деди Мирзо Кенжабек.
Шунингдек, у ўз нутқида қуйидаги масаларни ўртага ташлади:
— диний таълим муассасаларини тугатганлар ҳатто аризани ҳам ёзиб бера олмайди. Бунга алоҳида эътибор беришимиз лозим;
— юртимиз аҳолиси биринчи навбатда аҳли сунна вал жамоа ва ҳанафий мазҳабини жуда яхши ўрганиши керак, кейин қаерга борса ҳам адашмайди. Ҳозир ҳанафийман деб унга зид амаллар қилаётганлар, путини бир ярим метр кериб, ғўдайиб намоз ўқийдиганлар кўпайди, диний эркинликни суиистеъмол қилаётганлар кўпайди. Энди имомлар ўзининг масжидидаги жамоат ичига кириб, уларнинг қандай намоз ўқишини аниқлаши керак. Ҳозир оқимлар яна ғимирлаб қолди, бу жуда хатарлидир;
— диний таълим тизими ўқув дастурини тамоман қайта кўриб чиқиш лозим. Бобурнинг шеърий-фиқҳий «Мубаййан» китоби диний таълим дарслигига киритилса, талабалар ҳам адабиётдан, ҳам фиқҳдан билимга эга бўлишади;
— эски ўзбек тилига оид сўзларни луғатимизга қайтаришимиз керак;
— ҳозир китоб нашри бозордаги олибсотарлар қўлига ўтиб кетаяпти. Уларни мен ўғрилар деб атайман. Агар биз китоб ишини, нашрини уларга бериб қўйсак, бу жуда хатарлидир. Буни ҳам ўйлаб кўришимиз керак.
«Xabar.uz»га маълум қилишларича, соат 11:00 да бошланган тадбир тахминан 13:35 да тугаган. Эслатиб ўтамиз, бундан бир қанча вақт муқаддам Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги бир тадбирда муфтий Усмонхон Алимов: «Энди мажлислар, тадбирлар намоз вақтларда ўтказилмайди, намоз вақти кириб азон айтилиб ётса-ю, биз бу ерда ўтирсак бўлмайди. Биз мажлис режасини намоз вақтларига қараб тузамиз», — деган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter