Яқинда оддий қопда инсулин олиб ўтмоқчи бўлганлар қўлга олинди — Дори воситаларининг рақамли паспорти қанчалик керак?
Ахоли саломатлиги – энг олий неъмат. Уни асраш учун жуда кўп амалий ишлар, қонунлар ва тадбирлар қабул қилинмоқда ва бажарилмоқда. Зеро пировард мақсадимиз – нафақат халқимиз саломатлигини асраш, балки уни салбий таъсирлардан химоя қилиш ҳамдир.
Бугунги кунда дори воситаларига бўлган талаб жуда юқори. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг хабар беришича, мамлакатимиз ҳудудида 17 000 дан ортиқ дорихоналар фаолият кўрсатиб, уларда қарийиб 11 000 турдаги дори воситалари ахолига тақдим этилган. Бу нафақат маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган воситалар, балки четдан импорт қилинганлари ҳам.
Дори воситаси – бу алохида маҳсулот, уни ишлаб чиқариш ва сотишда жуда катта талаблар мавжуд. Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мурожаатлари билан ишлаш бўлимига жорий йилнинг октябр ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан жами 95 та мурожаат келиб тушган. Экспертиза хулосаларига кўра, 593 турдаги 25476 ўрам фармацевтика маҳсулотлари, жумладан:
200 турдаги 8139 ўрам - давлат рўйхатидан ўтмаган;
188 турдаги 7624 ўрам - мувофиқлик сертификати мавжуд эмас;
27 турдаги 672 ўрам - ёрлиқлаш кўрсаткичи бўйича (контрафакт);
21 турдаги 82 ўрам - яроқлик муддати тугаган (сифтсиз);
1 турдаги 33 ўрам қалбакилаштирилган бўлиб, (Зардекс д/в бир неча маротаба такрорланган ҳолда) тиббиёт амалиётида қўллаш мумкин эмаслиги аниқланди.
Бу сонлар фармацевтика бозорида қалбаки ва сифатсиз дори воситаларининг мавжудлигини исботлайди. Демак, ахоли саломатлиги хавф остида бўлиши мумкин. Бу муаммоно ечишда қайси восита энг самарали ҳисобланади?
Жаҳон тажрибасида фаол тадбиқ этилаётган Рақамли маркировкалаш тизими бу муаммонинг ечими бўла олади. Унинг афзалликлари кўп ва энг муҳими, жамоат назорати воситасини тақдим этади.
Хўш, мамлакатимизда Рақамли маркировкалаш тизими тадбиқ этилганми? Унинг илк натижалари қандай?
Вазирлар Маҳкамасининг 149-сонли қарорига мувофиқ 1 сентябрдан эътиборан «Дори воситаларини маркировкалаш» тизими босқичма-босқич жорий этилди. Қарорга мувофиқ, 1 сентябр 2022 йилда, 1-гуруҳ дори воситалари – иккиламчи, яъни ташқи қадоқдаги дори воситаларининг маркировкасига старт берилган бўлса, 1 ноябрда 2-гуруҳ: бирламчи (ички) қадоқдаги дорилар рақамлаштирилиши бошланди.
«Бугунги кунда бозордаги 415дан ортиқ дори воситаларини етказиб берувчи компаниялар рақамли маркировка тизимига ўтишган. Эътиборлиси шундаки, маҳаллий ишлаб cиқарувчиларнинг 100% маркировка кодига эга дориларни ишлаб чиқаришни аллақачон бошлашган. Мамлакатимизга дорилани четдан олиб кириш билан шуғулланадиган компанияларнинг 70% тизимида рўйхатдан ўтиб, кодлардан фаол фойдаланмоқда. Бозор эса маркировкаланган маҳсулотларни қабул қилишни бошлади. Қувонарлиси, ҳатто чекка туманларда жойлашган фармацевтик компаниялар ҳам керакли ускуналарни ўрнатиб, Data Matrix кодли дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. Мисол учун, яқиндагина Хоразм вилоятида жойлашган «Jayhun Invest » компанияси ҳам бевосита маркировкаланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни бошлагани тўғрисида хабар олдик», – деди «Дори воситалари» маҳсулот гуруҳи менеджери Диёр Расулев.
Дори воситаларини назорат (идентификация) белгилари билан маркалашни жорий этишнинг асосий мақсади Республикамиз ҳудудида ноқонуний ишлаб чиқаришга ва уларни ушбу ҳудудга олиб киришга қарши курашишдан иборат бўлиб, бу дори воситаларининг ноқонуний айланишини бутунлай йўқ қилиши керак. Дори воситаларини маркировкалаш ҳал қилиш керак бўлган яна бир муҳим вазифа - бу дори воситаларини этказиб бериш ва тарқатиш, шу жумладан давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинганларни ҳисобга олиш тартибларини стандартлаштириш ва унификация қилишдир. Бу борадаги ишлар 2023-2024 йилларда амалга оширилади.
Тизим афзалликлари тўғрисида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги бошлиғи Сардор Кариев ўртоқлашди:
«Бу соҳада қалбакилаштириш ва ноқонуний савдо қилиш билан боғлиқ битта ҳолат ҳам – бу фожиа. Агар сизга сохта Iphone ёки кроссовкалар сотилган бўлса, сиз фақат пул йўқотасиз. Бузилган озиқ-овқат маҳсулотларини ташқи белгилар - ранг, ҳид билан аниқлаш мумкин. Дори воситалари билан эса барчаси мураккаброқ, препаратнинг сифатсиз эканлигини аниқлаш жуда қийин. Шу билан бирга, масалан, паст сифатли антибиотик инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши, ҳатто ҳаётини йўқотиши мумкин.Шуни таъкидлашни истардимки, биз фақат сохта ва контрафакт фармацевтика маҳсулотлари ҳақида гапирмаяпмиз. «Стандарт бўлмаган маҳсулотлар» деган кенгроқ тушунча мавжуд. Яъни, стандартлар ва техник шартлар талабларига жавоб бермайди. Дори воситасини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган моддалар эмас, балки уларнинг дозаси, яроқлилик муддати ўтгани, сақлаш қоидалари ҳам инсон организмига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, яқинда чегарада оддий қопларда инсулин олиб ўтмоқчи бўлган «уддабиронлар» қўлга олинди. Аммо бу маълум бир ҳарорат режимига муҳтож бўлган термолабил дори. Албатта, агар бу инсулин дорихоналарга тушса, оқибатлари қайғули бўлиши мумкин».
Янги талаблар табийки қийинчиликларни чиқариб келади. Ҳар бир дори воситасига «Рақамли паспорт» тақдим этиш қанчалик қийин, жараёнлардаги муаммолар қандай? Бу саволлар билан биз маҳаллийишлаб чиқариш компанияси вакилига мурожаат этдик.
«2021 йил декабр ойида корхонамизда тажриба лойҳаси доирасида маркировкалаш тизимининг жорий этилиши натижасида аввалига маҳсулот ишлаб чиқариш 40 фоизга камайди. Ускуналаримизни сотиб олиб, технологияни тўлиқ жорий қилганимизда, ишлаб чиқариш ҳажми деярли ўзгармади. Ишлаб чиқарувчи тўлиқ ишга тушиши учун 6 ойгача вақт кетиши мумкин. Шулардан ускунани 3-5 ой кутиш, корхонада тўлиқ жорий этиш учун эса бир ой вақт керак. Асосийси – тизим бизга илгари бўлмаган таҳлилий маълумотларни онлайн тарзда тақдим этиб туради. Яъни биз ишлаб чиқарган воситамизнинг ҳаракат йўлини кузата оламиз, қайси дорига талаб ошаётгани, ва қайси турни ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириш кераклигини аниқ кўра оламиз. Бу эса илгари бизда бўлмаган аниқ маркетинг ва ишлаб чиқариш стратегиясини йўлга қуйиш учун дастур бўлиб хизмат қилади», - дея изоҳ берди Шерзод Карабаев.
Демак тизимни тадбиқ этиш – бу шаффоф бозорни шакллантиришга қилинган инвестициялар десак ҳам муболаға бўлмайди. Барча иштирокчилар бирдек янги технология ноқонуний савдога қарши курашда ёрдам беришига ишонади.
«Албатта, маркировкалаш мамлакатга контрафакт маҳсулотлар импортини камайтиришга ёрдам беради. Ҳар қандай автоматлаштириш жараёни самарали маълумотлар базаси ҳисобланади. Уни амалга ошириш вақт талаб этади ва фақат инновацияни босқичма-босқич амалга ошириш маълумотлар базасини яратишда хатолардан қочади. Рақамлаштириш босқичма-босқич жорий этилиши билан мамлакатимиздаги ҳар бир истеъмолчи хавфсизроқ бўлишини кутамиз», — дея изоҳ берди Grand Medical Group ваколатхонаси раҳбари Алишер Жуманиёзов.
«Бугун Asl Belgisi маркировкалаш тизимининг Миллий Каталог бўлимида 7 000дан ортиқ номдаги дори воситалари карталари мавжуд. Уларнинг асллиги текширилган ва кодларга буюртма беришга рухсат бор. Тизимнинг афзаллиги – махсус Data Matrix коднинг ҳар бир дона дорига қўлланилишида – идентификацион код такрорланмайди, уни қалбакилаштириб ҳам бўлмайди ва айнан ундаги маълумотлар харидорга Asl Belgisi мобил иловаси орқали сканерлаганда маҳсулот тўғрисида хабар беради. Демак бозорни оқлашда ва саломатлигимизни химоя қилишда зарур бўлган жамоат назорати шу зайлда шаклланади», — дея изоҳ берди «Дори воситалари ва Тиббий буюмлар» MG менеджери Диёр Расулев.
Рақамли маркировкалаш тизими 2025 йилгача босқичма-босқич жорий этилади. 2023 йилнинг 1 мартидан эътиборан орфан (кам учрайдиган касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун мўлжалланган дори воситалари) маркировкаси бошланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу турдаги дорилар кўпроқ қалбакилаштирилади ва уларнинс асллигини таъминлаш жуда мухим. Шу сабабли бу тоифадаги воситалар алохида гуруҳга киритилган.
Бозорни дори-дармон билан 25 фоизга таъминлаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун бу янги жараён, ишлаб чиқариш майдончаларини қайта жиҳозлаш учун инвестициялар, янги билим ва вақт талаб этилади. Лекин уларнинг маҳсулоти нархи ошган тақдирда ҳам, бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 2-3 фоизга бўлиши мумкин холос. Агар тизим ахоли саломатлигини химоя қилишга қаратилганини инобатга олсак, бу хавфсизлик мақсадлари учун унчалик кўп эмас.
Бундан ташқари Қарорда айрим турдаги дориларни бепул маркировкалаш кўзда тутилган.
«Яна бир эътиборли жихати – бу айрим турдаги дорилар оператор томонидан бепул маркировкаланади, бепул тақдим этилади. 149-сонли қарорда белгиланган - ишлаб чиқарувчининг дори воситаларига белгиланган чекланган сотиш нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг бир фоизидан юқори бўлмаганда (01.06.2022 йил холатига кўра, БҲМнинг 1% = 3000 сўм), ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этиладиган дори воситалари рўйхатига мувофиқ рақамли маркировка кодлари Оператор томонидан бепул тақдим этилади», – дея қўшимча қилди Диёр Расулев.
Тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши фармацевтика бозори иштирокчиларига дори воситалари ва тиббий буюмларнинг миграциясини кузатиш имконини беради: қаерга ва қандай ҳажмда кетган, ҳозир бозорда қанчаси бор, қайси воситага талаб юқори, қай бирига эса аксинча.
Бу барча манфаатдор томонлар учун жуда фойдали мониторинг воситаси. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти айрим дори воситаларида қўшимча ножўя таъсирларни аниқлаш ва уларни муомаладан қайтариб олиш зарурлиги тўғрисида ҳисоботлар чиқаради. Рақамлаштириш жараёни тақдим этган кузатув тизими туфайли буни тезда амалга ошириш мумкин, бу эса инсон қурбонлари сонини минималлаштиради. Қўлда режимда бутун мамлакат бўйлаб 17 мингдан ортиқ дорихоналарни назорат қилиш қийин.
Умуман олганда, рақамлаштиришнинг дастлабки натижалари ва самарадорлигини баҳолаш учун уч йил керак бўлади, чунки у босқичма-босқич жорий этилмоқда, маркировкаланмаган маҳсулотлар ҳали ҳам бозорда айланмоқда. Мухими, тизим жорий этилди – бу эса ахоли саломатлигини ҳимоялашда муҳим жараён!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter