Япония Ўзбекистон шифохоналарига замонавий ускуналар тақдим этди
Япония ҳукуматининг «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида Қашқадарё вилояти тиббиёт муассасаларига умумий қиймати 195 минг долларлик тиббиёт жиҳозлари топширилди.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалига жарроҳлик микроскопи ва кўз жарроҳлиги учун мўлжалланган факоэмульсификатор, Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалига эса ультратовуш диагностик ускунаси, видео-эндоскоп, жарроҳлик аспиратори тақдим этилган.
«Япониянинг бу галги ҳамкорлик кўмаги орқали янада хавфсиз ва муносиб ташхис ҳамда муолажа имконияти яратилади. Япония ҳукумати бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли соғлиқни сақлаш хизматлари имкониятларини яхшилашга қаратилган ҳамкорликни давом эттиради», – дейилади Япония элчихонаси хабарида.
2023 йил декабрь ойида ҳам Кунчиқар ўлка Ўзбекистон тиббий муассасаларига замонавий жиҳозлар тақдим этган эди. Тошкентда бўлиб ўтган грант шартномаларини имзолаш маросимида Япония элчиси ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири қатнашганди.
2022 йил август ойида Япония умумий қиймати 4,6 миллион долларни ташкил этувчи тиббий-диагностика ускуналари тақдим қилган.
2022 йил февраль ойида икки давлат расмийлари Қорақалпоғистондаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган ҳужжатни имзолаган. Лойиҳа доирасида муассасага 7,35 миллион доллар миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter