Янгийўл туман поликлиникаси тиббий ходимида коронавирус аниқлангани тасдиқланди. 198 киши карантинга олинган
Аввал маълум қилинганидек, бугун АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
— Май ойида турмуш ўртоғим кўзи ёриши керак эди ва режа бўйича Республика перинатал марказига (СамПИ) боришимиз керак эди. Ҳозирги пайитда РПМ карантинга ёпилган бўлса, биз қаерга боришимиз мумкин?
— Ҳақиқатан ҳам ҳозирги пайтда РПМ карантинга ёпилаган ва ҳомиладор аёлларни қабул қилаетгани йўқ. Лекин сизнинг турмуш ўртоғингизнинг кўзи ёриш пайти келгунча РПМ очилиши ҳам мумкин. Агар бу марказда каратин давом этадиган бўлса, сиз Шаҳар перинатал марказига ёки турар жойингизга қарашли туғурук комплексига ҳеч қандай муаммосиз мурожаат қилишингиз мумкин.
— Агар шошилинч равишда тишим оғриб қолса, қаерга мурожааат килишим мумкин? Барча хусусий стомматологик клиникалар карантин даврида ёпилган бўлса?
— Барча оилавий поликлиникаларда стоматолог шифокорлар ишламоқда. Шунингдек, шаҳарнинг барча туманларида навбатчи стоматологик кабинетлар иши таъминланган ва уларнинг бир қисми соат 21:00 гача, бир қисми эса — суткасига 24 соат шошилинч беморларни қабул қилишади. ССВ қошидаги «колл-центр»га 1003 рақам орқали мурожаат қилсангиз, сизга яқинроқ бўлган навбатчи стоматология кабинетининг манзилини айтишади.
— Янгийўл аҳолиси шаҳар поликлиникасида коронавирус аниқлангани тўғрисидаги хабарлардан безовта бўлмоқда (шаҳар марказини ёпишди, поликлиникани шифокор ва беморлари билан бирга ёпишди, коронавирус аниқланган шифокорларни эски сана билан меҳнат таътилига расмийлаштиришган). Инфекция аниқланганлар сони ва улар орасида шифокорлар ҳам борлиги тўғрисида расмий хабар бера оласизми?
— Биз Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлигининг Тошкент вилояти бўлими бош шифокоридан расмий жавоб олдик. Унга кўра, ҳақиқатан 22 апрел куни Янгийўл туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги ўрта тиббий ходимда COVID-19 га тест текширувида мусбат натижа тасдиқланган. Тартиб-қоидаларга кўра, поликлиниканинг 198 нафар ходими ва улар билан алоқада бўлганлар Ўрта Чирчиқдаги карантин шаҳарчасига кузатиш учун жойлаштирилди.
Саволдаги қолган барча фактлар (шаҳар марказини ёпишди, поликлиникани шифокор ва беморлари билан бирга ёпишди, коронавирус аниқланган шифокорларни эски сана билан меҳнат таътилига расмийлаштиришган) ҳақиқатга тўғри келмайди.
— Интернетда тана ҳарорати ошганда ибупрофен қабул қилиш коронавирус инфекцияси кечишини қийинлаштирар экан. Шу тўғрими?
— Ҳа, халқаро тавсияларга кўра, коронавирус инфекциясида ибупрофенни тана ҳароратини туширишда қабул қилиш тавсия этилмайди. Агар сиз ўзингиз ва оила аъзоларингизда тана ҳарорати ошганини ёки ЎРВИ аломатларини сезсангиз, ССВнинг қисқа рақамига мурожаат қилинг. Ўзини ўзи даволаш қатъий тавсия этилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter