Янги институт очилади: талабаларнинг умумий таъминоти Давлат бюджетидан бўлади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, Олимпия ва паралимпия захиралари коллежларини икки йиллик профессионал таълим тизимини тамомлаган битирувчилар учун уч йиллик «специалитет» дастури асосида кадрлар тайёрлайдиган ихтисослаштирилган Олий спорт маҳорати институти ташкил қилинган.
Таъкидланишича, битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этиладиган, магистратура даражасига тенглаштирилган, белгиланган намунадаги диплом берилади;
Шунингдек, битирувчиларга танланган спорт тури бўйича «тренер», «ҳакам», «селекционер», «спорт менежери» ҳамда «спорт маркетологи» мутахассисликларини бериш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.
Қайд этилишича, ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади.
Шу билан бирга, Институт талабаларининг умумий таъминоти (овқатланиш, тиббий биологик таъминоти, спорт мусобақаларидаги иштироки ва бошқалар) тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади.
Институтни 2026 йилдан бошлаб «Олимпия ва паралимпия шаҳарчаси»га жойлаштириш кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter