Яна бир журналист ИИБ ходимлари босимига учради
Фарғонада журналист Шарифа Мадраҳимованинг маҳаллий ҳокимлик ва ИИБ ходими босимига учрагани билан боғлиқ воқелик ҳали совиб улгурмай, «Human.uz» сайти раҳбари Хуршид Далиев худди шундай муаммога дуч келди.
Айтилишича, жорий йилнинг 27 апрель куни Хуршид Далиев тадбиркорнинг интенсив боғи атрофига ўрнатилган тўсиқ суд қарорисиз, мутасаддилар буйруғи билан бузилаётгани ҳақидаги мурожаатни ўрганиш учун Тошкент туманига борган. Ва ўша ерда ички ишлар органлари ходимлари томонидан босим, фаолиятига таъсир ўтказиш учун сунъий тўсиқ қўйиш каби ҳолатларга дуч келади.
Сайт эълон қилган видеолавҳада акс этишича, аввалига фуқаро кийимидаги ИИБ ходими «нега тасвирга оляпсан?» дея бироз дағдаға билан камерага қўл югуртиради, бироқ вазият уни ўчиртиришгача бориб етмайди. Бироқ журналист ва ИИБ ходими ўртасида маданият меъёрларига кўпам тўғри келмайдиган асабий мулоқот давом этади. Айни ҳолат давлат рақами 01 398 VSG бўлган оқ «Ласетти» автомашинаси ёнида бир неча шахслар кўз ўнгида юз бериб, улар туман прокурори, ИИБ бошлиғи ва ДСИ раҳбари экани айтилади.
Энг қизиғи, масъуллар бунга парвоям қилишмайди...
«Томоша»нинг каттаси сал кейинроқ юз беради.
Қаердандир етиб келган ЙҲХ ходимлари (уч нафар!) журналистнинг ҳужжатларини текширишга тушади. Тасвирлардан уларни журналистга тегишли автомашинанинг «стикери» бор-йўқлиги, унинг ҳақиқий ёки сохта эканига астойдил қизиқишганини илғаш қийин эмас. Энг қизиғи, ҳужжатларда камчилик йўқлигига қарамай, ЙҲХ ходимлари (ҳужжатларни) қайтаришга шошмайди. Инспектор ва журналист ўртасидаги суҳбатдан эса ходим раҳбари изнисиз ҳужжатларни қайтариб беролмаслигини беихтиёр айтиб қўяди. Инспекторнинг гапида улар бошлиғининг амрига мувофиқ етиб келиб, ҳужжатларни текшириш баҳонасида журналистни ипсиз боғлаб тургани англашилади...
Алоҳида таъкидлаш шарт, бу жараёнда гап тадбиркорнинг муаммоси ҳақида кетмаяпти. Балки унинг мурожаатини ваколати доирасида ўрганаётган журналист фаолиятига қўйилаётган тўсиқлар хусусида бормоқда. Тўсиқлар эса, испекторнинг беихтиёр «гуллаб қўйгани»дан ўша ердаги сектор раҳбар(лар)и «фатво»си билан амалга оширилганига шубҳа қолдирмайди. ИИБ ходимининг камерига қўл югуртириб, сўнг бемалол дағдағада оҳангида гапиришининг «қуввати» ҳам шунга боғлиқ бўлса, ажабмас!
Бугунги осон бўлмаган шароитда ИИБ ходимларига бир оғиз гап қайтариш 15 сутка билан «сийланаётган» пайтда мазкур тизим ходимларининг маданият чегарасидан очиқдан очиқ четга чиқиб, журналист фаолиятига тўсиқ қўйишга уриниш шундоғича қолиб кетмаслиги керак. Зеро, куни кеча Президентимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хизматларини эътироф этган ҳолда улардан одамлар билан мулоқотда маданиятли бўлишни талаб қилгани бежиз эмас. Бу тизим ходимларининг муомала маданиятида жиддий муаммолар борлигини кўрсатади. Бунинг инкор этиб бўлмас исботига журналист билан юз берган ҳолатда яна бир гувоҳ бўлиш мумкин.
Юқорида эслатганимиз – фарғоналик журналист билан боғлиқ воқеликда прокуратура дарҳол суриштирув ишларини бошлаб, наинки ОАВ ходимлари, балки кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирофига сазовор бўлган эди. Журналист Хуршид Далиев билан юз берган ҳолатда ҳам айни маҳкама шундай фаоллик кўрсатишига ишончдан кўра умид кўпроқ. Негаки, айни воқеликда Тошкент тумани прокурори бевосита бўлмасаям билвосита иштирокчига айланган. Бундай ҳолатда холислик тамойилига путур етиши эҳтимолдан ҳоли эмасдай. Шунга қарамай, шубҳаларимизни ОАВ ходимларининг ҳуқуқлари ҳимояси алоҳида назоратда эканини таъкидлаган Бош прокуратура парчалаб ташлашига ишонгимиз келяпти барибир.
Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдириб, агентлик ўз ваколати доирасида ушбу ишни ўрганиш ва қонун доирасида тегишли чора кўриш юзасидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига ёзма сўров юборганини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter