Хитойнинг давлат қарзи рекорд даражани қайд этди
Хитой марказий ҳукуматининг давлат қарзи 2023 йил охирида рекорд даражадаги 4,2 триллион долларга етди, йил давомида деярли 12 фоизга ўсди.
Бу ҳақда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши очилиш сессиясида тақдим этилган ҳисоботга таяниб, «РИА Новости» ёзмоқда.
Марказий ҳукумат қарзи 30,03 триллион юанни (4,244 триллион доллар) ёки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмини ташкил қилди. Хитойнинг давлат қарзи камида 2005 йилдан бери ўсиб бормоқда, ўша пайтда у тахминан 400 миллиард долларни ташкил қилган.
Маҳаллий ҳокимиятнинг умумий қарзи 40,737 триллион юан (5,756 триллион доллар), жумладан, 15,869 триллион юан (2,24 триллион доллар) оддий қарз ва 24,869 триллион юан (3,5 триллион доллар) мақсадли қарзга етди.
Аввалроқ Халқаро молия институти глобал қарз мисли кўрилмаган миқдорда ошганини маълум қилганди. 2023 йилнинг биринчи ярмида глобал қарз 10 триллион долларга, сўнгги ўн йил ичида эса 100 триллион долларга ўсган. Жаҳон қарзининг жаҳон ялпи ички маҳсулотига нисбати иккинчи чоракда 336 фоизга кўтарилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter