Хитой Ҳиндистон билан ҳудудий баҳсга АҚШни аралашмасликка чақирди
Хитой Ҳиндистон билан ҳудудий баҳсга АҚШни аралашмасликка чақирди. Бугун, 21 март куни ХХР ТИВ расмий вакили Лин Цзян Хитой оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда баёнот беришича, икки мамлакат ўртасидаги баҳсли ҳудуд масаласининг Вашингтонга тааллуқли ҳеч қандай жойи йўқ.
«Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги чегара делимитацияси якунига етказилгани йўқ. «Цзаннан (Аруначал-Прадешнинг хитойча расмий номи) доим Хитой ҳудуди бўлган. Бу муҳокама қилинмайдиган асосли факт. Хитой-Ҳиндистон чегараси масаласи Хитой ва Ҳиндистон томонидан ҳал қилинади, АҚШга ҳеч қандай алоқадор жойи йўқ», — деди Лин Цзян.
«АҚШ турли усуллар билан бошқа мамлакатларнинг ўзаро баҳсларини қўзғаши ва ўз эгоистик геосиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиши яхши маълум», — қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби бош ўринбосари Ведант Пателнинг Қўшма Штатлар «Аруначал-Прадешни Ҳиндистон ҳудуди деб тан олиши» ҳақидаги баёнотидан бир неча соат ўтиб, Хитой ташқи сиёсат маҳкамаси жавоб баёнотини берди.
Ҳиндистон Хитойнинг Аруначал-Прадешга ҳудудий даъволарини бир неча марта қайтариб, бу штат мамлакатнинг ажралмас қисми эканини таъкидлаб келади.
Маълумот учун: Аруначал-Прадеш — Ҳиндистон шимоли-шарқида жойлашган тоғли штат. Ҳудуди — 83,73 минг квадрат километр. Аҳолиси — 1,4 млн атрофида, 80 дан ортиқ миллатлар яшайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter