«Xiaomi» янги смартфонларни тақдим этяпти. Уларнинг бирига «флагманлар қотили» деб ном берилди
«Хитойча Apple» кеча, 28 май куни «Redmi K20» ҳамда «Redmi K20 Pro» смартфонларини намойиш қилганди. Булардан иккинчиси «AnTuTu» бенчмаркида «Xiaomi Mi 9» флагманидан ҳам юқори – салкам 390 000 балл олган. Бу ҳақда «Терабайт» хабар берди.
Бугун, 29 май куни «Xiaomi» эълон қилган тизерга кўра, энди тез кунларда Mi туркумида ҳам янги моделлар пайдо бўлади. Қизиғи – унда тасвирланган смартфоннинг орқа панели «Xiaomi Mi 9» моделига, олд томони эса «Redmi K20»ларга ўхшаб тирқишсиз ва кемтиксиз тўлиқ экрандан иборат.
Ҳиндистонлик инсайдер Мукул Шарма (Mukul Sharma) ўзининг «Twitter» саҳифасида эълон қилишича, унинг манбалари ҳам аввал аниқланган бир маълумотни тасдиқлашган. Яъни, «Xiaomi» албатта «Mi 9T» ҳамда «Mi 9T Pro» смартфонларини чиқаради ва улар тегишлича «Redmi K20» ҳамда «K20 Pro» моделларининг жаҳон бозорига мўлжалланган версиялари бўлади.
Айни дамда янги смартфоннинг бозорга қандай ном остида тақдим этилиши аниқ эмас, зеро, бугуннинг ўзида «Redmi K20» моделларининг глобал версиялари борасида яна иккита ном вариантлари ҳақида маълумот тарқалган. Яъни, уларнинг стандарт ва илғор версиялари тегишлича «Mi 9K» ҳамда «Mi 9K Pro» тарзида, ёки бўлмаса «Mi 9I» ва «Mi 9I Pro» шаклида номланиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter