Xiaomi Mi 9T намойиш этилди – барча хусусиятлари ва нархи билан танишинг
«Хитойча Apple» ҳамёнбоп Redmi K20 ҳамда Redmi K20 Pro смартфонларини тақдим этгач, улар глобал бозорга бошқа ном остида чиқарилиши маълум бўлганди. Terabayt.uz сайтида уларнинг турли техник хусусиятлари ва ҳатто биринчи «жонли» расмлари ҳам эълон қилинди.
Кутилганидек, кеча – 11 июнь куни компания Европа бозорига мўлжалланган Xiaomi Mi 9T смартфонини тақдим этди. Бу ўша – Хитой учун ишлаб чиқарилган Redmi K20 моделининг бошқа ном билан чиқарилган глобал версиясидир. Афсуски, Snapdragon 855 процессорли Redmi K20 Pro флагманининг европача клони – Xiaomi Mi 9T Pro қачон намойиш қилиниши (ёки умуман чиқиш-чиқмаслиги) ҳақида ҳозирча аниқ хабар йўқ.
Прошивкаси глобал эканини айтмаса, хитойча Redmi K20 билан европача Xiaomi Mi 9T орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Янги қурилма ҳам ўша 6,39 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиҳозланган. Томонлари ўзаро 19,5:9 нисбатли экраннинг тасвир узатиши ҳам Full HD+ форматида (2340х1080 пикселлик). Шунингдек, Redmi K20 моделининг асосий ўзига хослиги – корпуснинг юқори қиррасидан чиқувчи 20 мегапикселлик (f/2.0) селфи-камера ҳам сақланган.
Xiaomi Mi 9T корпусининг орқа панелида уч модулли бош камера мавжуд бўлиб, уларнинг биринчисида 48 мегапикселлик Sony IMX582 датчиги ҳамда f/1.75 диафрагмали объектив ҳамкорлик қилади. Иккинчи модул 8 мегапикселлик сенсор ва f/2.4 диафрагмали телеобъектив бўлса, учинчиси 13 мегапикселлик кенг бурчакли камера (f/2.4, кўриш бурчаги 124.8°) ҳисобланади. «Сунъий идрок»ка эга бош камера сониясига 960 кадр тезлигида SlowMo видео суратга олишга қодир.
Хитойча версиядаги сингари бу смартфон ҳам Snapdragon 730 процессори базасида, 6 гигабайтлик тезкор хотира билан ишлайди. Доимий хотирасига кўра Xiaomi Mi 9T икки хил – 64 ва 128 гигабайтлик талқинларда таклиф этилади. Қурилманинг 4000 мА/соатлик аккумулятори 18 ваттлик технология асосида тезкор қувватлана олади.
Mi 9T ҳам замонавий – дисплейга жойланган бармоқ изи сканерига, контактсиз тўловлар учун NFC чипига эга. Корпусида замонавий USB-C порти ҳам, қулоқчин учун 3,5 миллиметрик стандарт аудиотирқиш ҳам мавжуд. Xiaomi уни MIUI 10 график қобиғи остидаги Android 9 Pie операцион тизими билан чиқарган.
Xiaomi Mi 9T савдоси 17 июндан бошланади, унинг 6/64 гигабайтлик хотирага эга варианти 329 еврога, 6/128 ГБлиги эса – 369 еврога нархланган. Рангларига келсак, уни уч хил – қизил, «қора карбон» ва «порлоқ мовий» тусли корпусларда харид қилиш имкони бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter