«Халқимиз учун уй-жой — бу Ватан ичра кичик ватандир» — Президент
Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деган ғояни конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этди.
«Ижтимоий давлатда инсон қадри деганда, аввало, фуқарони яшаш учун зарур уй-жой билан таъминлашни тушунамиз. Бизнинг халқимиз учун уй-жой – бу Ватан ичра кичик ватандир. Инсоннинг дунёга келиши, шахс сифатида камол топиши, фарзандларни вояга етказиш, миллий урф-одат ва тарихий анъаналарни давом эттириш, тўйлар қилиш айнан уй-жойда амалга оширилади.
Фарзанд туғилса, яхши ниятлар билан одамларимиз ҳовлисига кўчатлар экиб, шу уй, шу боғ кўп йиллар авлодларимга хизмат қилсин, деб эзгу ниятлар қилади.
Шу боис уй-жойли бўлиш, унинг дахлсизлигини таъминлаш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз. Халқимизнинг «Уйи борнинг ташвиши йўқ, унинг бошпанаси бор» деган гапида чуқур маъно бор», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари 2022-2026 йилларда реновация ва уй-жой дастурлари доирасида шаҳарларда маънан эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар барпо этилишини таъкидлаб ўтди. Бунинг ҳисобига, 275 мингдан зиёд оила янги массивларга кўчиб ўтади.
«Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter