«Воитов иши»нинг аппелацион судда кўрилаётгани рад этилди

Бир муддат олдин «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳамда «Алламжоновга суиқасд иши»да айбланиб узоқ муддатга қамалган Президент хавфсизлик хизматининг собиқ катта зобити Шуҳрат Расуловларнинг аппеляция судлари бошлангани ҳақида маълумот берган эди.
Бироқ, Олий суд ахборот хизмати А. Воитовга оид жиноят иши апелляция инстанциясида кўрилаётганини рад этди.
«Айни пайтда А. Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни давом этмоқда», – дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилиши таъкидланади.
Ўз навбатида, Олий суд ахборот хизмати юқоридаги хабарнинг собиқ зобит Шуҳрат Расуловга оид қисмига муносабат билдирмаган.
Эслатиб ўтамиз, А. Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида 2024 йил 5 сентябрь куни бошланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter