Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вазирликларнинг 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизи рақамлашган – Президент

Вазирликларнинг 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизи рақамлашган – Президент

Рақамлаштириш бўйича 2023 йилги вазифалар ва режаларга бағишланган Президент раислигидаги йиғилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини янада ошириш заруряти ҳақида ҳам гап борди.

Танқидий руҳда ўтаётган видеоселектор йиғилишида, жумладан, вазирликларнинг 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизи рақамлашгани эслаб ўтилди.

Қайд этилишича, Электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш автоматлаштирилган тизимининг (ЭҲНАТ) 160 дан ортиқ функцияси бўлсада, ҳозирда фақат 1-2 тасидан фойдаланилаяпти, холос. Жумладан, туман электр тармоқлари корхоналари қаерда авария бўлганини фақат аҳоли мурожаати орқали билади.

Шу каби масалалар тартибга солинмагани танқид қилиниб, мутасаддиларга ЭҲНАТ имкониятларини тўлиқ инвентаризация қилиб, уларни ҳудудларнинг электр балансини шакллантириш, ноқонуний уланишлар ва аварияларни назорат қилиш, истеъмолни режалаштириш каби йўналишларда ишлатиш топширилди.

Шунингдек, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар идораларида 34 та, адлия идораларида 32 та, «Ўзстандарт»да 29 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат электрон шаклга ўтказилмагани қайд этилди.

Мисол учун, ишга ёки ўқишга кириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда керак бўладиган «086-шакл» тиббий маълумотномани олиш учун одамлар ҳар сафар поликлиникага мурожаат қилишга мажбур.

Ерларни хусусийлаштириш учун мурожаат онлайн берилади. Аммо коммунал соҳадаги маълумотлар рақамлашмагани боис, кейинги босқичлар барибир «қўлда» қилинмоқда.

Ёки, йилига 300 мингдан зиёд харидор янги машина сотиб олади. Лекин, рўйхатдан ўтиш ва давлат рақами олиш учун ҳалигача йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига бориш зарур.

Президент қолган вазирликларда ҳам рақамлаштириш бўйича ҳали халқимизни рози қиладиган тизим тўлиқ яратилмаганини таъкидлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг