Вазир интернет орқали пул топишни ўргата оладиган мутахассисларга таклиф билан чиқди

Ҳозирги вақтда кўпчилик уйда эканини инобатга олиб, уйидан туриб интернет орқали пул топишни ўрганиш жуда муҳим. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов шу бўйича ўз ғоясини маълум қилди.
«Кўпчиликка бу жуда қийиндек кўриниши мумкин. Лекин, интернет орқали пул топиш мумкин бўлган платформалардан бири upwork.com платформасига кириб кўрсам, у орқали Ўзбекистонда яшаб 10 минг доллар ва ундан юқори бўлган суммани шу вақтгача топган инсонлар анчагина экан.
Улар нафақат Тошкентда, балки республикамизнинг турли ҳудудларида яшаб, ҳозирги кунда бемалол уйидан туриб, чет элга ўз хизматларини кўрсатмоқдалар. Яъни бу қўшимча даромад билан бирга Ўзбекистонга валюта олиб келишга ҳам хизмат қилади. Мана, уларни баъзиларининг шу вақтгача ақлий меҳнати орқали қанча маблағ ишлаганини профилларидан кўчирмаларда кўришингиз мумкин.
Иш йўналишларини таҳлил қилинса, яхши даромад топадиганлар албатта АКТ соҳаси мутахассислари эканлиги кўринади. Лекин шу билан бирга дизайнерлар, таржимонлар, иқтисодий таҳлилчилар каби қатор мутахассислар Ўзбекистонда яшаб, интернет орқали ўз хизматларини экспорт қилаётганлигини кузатиш мумкин.
Бу платформа албатта инглиз тилидан ташқари бирон соҳада юқори малаканиям талаб қилади, лекин ундан бошқа камроқ малака талаб қиладиган (шунигдек камроқ даромад топадиган) платформалар ҳам анчагина, масалан www.mturk.com www.clickworker.com ва бошқалар орқали юқори малака талаб қилмайдиган содда ишларни бажариб қўшимча даромад олиш мумкин.
Шунинг учун, бу каби тизимларда ишлаб тажрибага эга бўлган инсонлар томонидан онлайн дарс сифатида видеоролик тайёрламоқчи эдик. Яхши видеодарс чиқса, уни «онлайн-мактаб» каналларимиздаги дарсдан ташқари эфир орқали кенг тарқатардик.
Бунинг натижасида уйда ўтирган интернетга уланган ёшларимизнинг қайсидир қисми вақтини бекор кетказмай, жуда бўлмаса 300-400 доллар ойига қўшимча даромад топишни бошласа жуда яхши иш бўлар эди. Бугунги селекторда Давлатимиз Раҳбари томонидан нафақат карантин чораларини кўриш, балки аҳоли даромадларининг кескин пасайиб кетишини олдини олиш зарурлиги ҳақида ҳам алоҳида вазифалар белгилаб берилди. Ушбу йўналишда қандай имкониятлар бўлса, ҳаммасини сафарбар этишимиз, яхши тажрибалар бўлса уларни ўртоқлашиб, бошқаларга ўрнак сифатида кенгроқ ёйишимиз керак.
Агар орангизда кимдир шундай тажрибани видеодарс сифатида ёритишга қизиққан бўлса, марҳамат, ушбу эълонга топшириши мумкин:
https://www.upwork.com/ab/applicants/1248612377679630336/job-details (фақат upwork орқали ҳақиқатда пул топганлар топшира олади ва албатта ушбу видеодарс учун пул тўланади)
Ёки ҳозирги кунда яна бошқа қонуний йўллар орқали интернетда қўшимча даромад топаётган бўлсангиз ва ўз тажрибангиз билан бўлишмоқчи бўлсангиз, ушбу постга изоҳ сифатида қолдирсангиз ҳам бўлади. Сизнинг тажрибангизни кенгроқ оммага ёйишга ҳаракат қиламиз.
PS. Яхши билим ва кўникмага эга инсонлар ҳар қандай шароитда ҳам яхшироқ даромад топа олишига бу яна бир мисол, шунинг учун ёшларимиз уйда вақтини бекор ўтказмай дарсларини қилиб, чет тиллари ва АКТни ўрганишга ҳаракат қилишлари зарур.»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter