«UZQUIZ» интеллектуал ўйинида «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг 32 жамоаси қатнашди
«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси жамоаларида соғлом рақобатни ривожлантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, фаол ва иқтидорли ёшлар вакилларини аниқлаш мақсадида вақти-вақти билан турли кўрик-танловлар, маданий-маънавий-маърифий, спорт-интеллектуал тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шулардан бири — «UZQUIZ».
Квиз тарзида ўтказилган интеллектуал ўйинда «Ўзбектелеком» АК ижроия аппарати ва Тошкент шаҳридаги филиаллар ходимларидан ташкил топган 32 жамоа иштирок этди.
«UZQUIZ» — дўстлар, ҳамкасблар, оила аъзолари билан ўйнашга мослаштирилган интеллектуал ва айни пайтда қизиқарли ўйин. Энг муҳими, ўйин ҳамкасбларни бирлаштиради ва иштирокчилар ўртасида жамоавий руҳни шакллантиради. Зеро, турли мавзудаги ўйинда ғалаба қозониш учун нафақат билим, балки ички сезгирлик, тезкорлик, кенг дунёқараш, тасаввур, кино ва мусиқага қизиқиш ҳамда ўз кучига ишонч ва бироз таваккалчилик ҳам талаб этилади. Ўйин 7 та саволдан иборат саккиз раундда ўтказилди.
«Ўйин иштирокчиларининг кўзларида чинакам ёшлик иштиёқини кўриш жуда ёқимли. Бугун чинакам ақл ва зукколик байрами бўлди. Бундай ўйинлар нафақат билимларни чархлаш, балки жамоада ишлаш, янги бошқотирмаларга жавоб топиш истаги билан ҳам ажралиб туради. Иштирокчиларга қараб, мусобақа ҳиссиётлар ва тажрибаларга бой бўлганини кўриш мумкин», — деди «Ўзбектелеком» АК бош директорининг тижорат масалалари бўйича ўринбосари Алишер Зуфаров.
«Мусобақада жами 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашгани ёшларнинг интеллектуал ўйинларга бўлган қизиқиши катталигидан далолат беради. Келгуси йилда ҳам бу анъанани давом эттириб, бир неча бор шундай интеллектуал викториналарни ўтказишни режалаштирганмиз», — деди тадбир ташкилотчиси, «Ўзбектелеком» АК касаба уюшма қўмитаси раиси Бахтиёр Жўраев.
Ҳар бир жамоа ўйинга ижодий ёндашиб, ўзларига ноодатий ном танлашди. Жумладан, «Ғайратли Раис бувалар», «Интеллект», «Зукко алоқачилар» жамоалари ўзгача иштиёқ билан ажралиб турди.
Мусобақалар якунига кўра, ҳакамлар ҳайъати томонидан барча жамоалар учун балл ҳисоблаб чиқилиб, 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ташкилотчиларнинг махсус совғалари билан тақдирланди. 3-ўринни «Википедия» жамоаси, 2-ўринни «2×2=5» жамоаси, энг юқори ўринни «Drive» жамоаси эгаллади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter